Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:51

Яна бир ҳоким сўкинди. Бош прокурор ўринбосари Озодликка изоҳ берди


Шовот тумани ҳокими Ҳакимбой Отахонов-коллаж
Шовот тумани ҳокими Ҳакимбой Отахонов-коллаж

Жорий йилнинг 7 декабрь куни Озодликка Хоразм вилояти Шовот тумани ҳокими Ҳакимбой Отахоновнинг тумандаги ер ўлчовчиларни ҳақоратлагани иддао қилинган аудиоëзув келиб тушди. Аудиоëзувда давомийлиги 5 минутга яқин сўкинишлар мавжуд.

Озодлик бу аудиоëзувни Хоразм вилоят ҳокимлиги мулозимига юборди. Исми айтилмаслигини сўраган мулoзим бу овознинг ҳақиқатдан ҳам Шовот тумани ҳокими Ҳакимбой Отахоновга тегишли эканини тасдиқлади.

“Ҳақиқатдан бу Ҳакимбой Аҳмаджоновичнинг овози. Шу йилнинг 16 апрелида бўлган жанжал бу. Уч ярим гектар қўшимча ер борасида земломерлар сўкилган. Лекин земломерлар ҳақиқатда таъмагирлик эвазига зиëд ер ўлчашган. Бу сўкиниш бўйича ҳокимликка шикоят келган. Отахонов бу масалада айбини тан олиб, 15 октябрь кунги мажлисда президентдан кечирим сўраган. Лекин туман ҳокимига бирор чора кўрилмаган", - деб айтди Хоразм вилоят ҳокимлиги мулозими.

Озодликка маълум бўлишича, туман ҳокими ер ўлчовчилардан узр cўрамаган. Ўша кунги можародан хабардор шовотлик фермер "Ҳоким нега земломерни сўкиб, президентдан узр сўрайди. Ахир у президентни сўкмагандику", дея эътироз билдирди.

Озодлик мухбири ўша сўкишлар нишони бўлган шовотлик ер ўлчовчилар билан суҳбатлашди. Улар шоли экиладиган майдонни пахта учун ўлчаб бергани боис ҳоким тарафидан "тергалгани"ни айтишди. Улар ўз тинчини ўйлаб, бу масала бўйича ҳеч кимга шикоят қилмасликларини билдирдилар.

Ер ўлчовчиларга кўра¸ ҳоким Тошкентда ишлайдиган "таги хоразмлик қудратли генерални орқа қилиб", тилига эрк берган.

Давомли сўкиниш

Озодлик тасарруфидаги қарийб 4.30 дақиқалик аудиода туман ҳокими шоли ерига режадан зиëд пахта ери ўлчаб берган ер ўлчовчиларни тергар экан, таъбир жоиз, оғзидан боди кириб, шоди чиқади:

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:21 0:00
Бевосита линк

Озодлик Шовот тумани ҳокими Ҳакимбой Отахонов билан боғланишга уринди, аммо Отахонов телефонни кўтармади. Ўзини Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмановнинг ëрдамчиси, дея таништирган мулозим эса Озодлик мухбири саволини охиригача эшитгач, телефонни ўчириб қўйди.

Сўконғич ҳокимни ким тергайди?

Ўзбекистон Бош прокурорининг ўринбосари Светлана Ортиқова 7 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда ижро ҳокимияти раҳбарларининг сўкиниши билан боғлиқ муаммо мавжудлигини тан олди.

Айни пайтда у “сўконғич ҳокимлар масаласи Вазирлар Маҳкамасида кўрилиши керак", деб айтди.

Ортиқовага кўра¸ “агар Вазирлар Маҳкамаси сўконғич ҳокимларга чора кўра олмаса, унда бу ҳокимлар иши прокурорга ошади”.

Ҳуқуқшунос Умид Давлетовнинг Озодликка айтишича¸ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда шахснинг қадр-қимматини камситиш ҳуқуқбузарлик сифатида малакаланган:

“Бу 41-модда. Яъни ҳақорат қилиш, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш деб малакаланади. Агар ҳақорат қилингани судда исботини топса¸ айбдорга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин. Жарима миқдорини суд ҳаками белгилайди. “

Ўтган ой Хоразм вилояти Хива тумани ҳокими Озод Матëқубов туман ҳокимлиги биносида ўтказилган йиғилишда камида 7 нафар фермерни турғазиб қўйиб, 20 дақиқа давомида уят сўзлар билан ҳақорат қилгани ҳақида Озодлик ëзганидан кейин бу ҳолат вилоят ҳокимлигида муҳокама қилинган эди.

Бундан олдин Фарғона вилояти Бешариқ тумани ҳокими Расулжон Жўраевнинг ўз қўли остидагиларни сўкишлари акс этган аудио ижтимоий тармоқларда тарқалган.

Ўзбекистонда ҳокимларнинг мажлисларда ўз қўл остидагиларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиши ва ҳатто дўппослаши одатий ҳолга айланган.

Бундан илгари Андижон ҳокими Шуҳрат Абдурахмонов¸ Фарғона вилоятининг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев, Паркент тумани ҳокими Неъматулла Абдуллаевнинг болахонадор сўкишларга тўла аудиолари ижтимоий тармоқда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Ўтган йили Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги “Қўнғирот Эрдавлат Файз” фермер хўжалиги раҳбари Абдуваққос Алиқулов туман ҳокими ва муовини уни калтаклагани ҳақида шикоят қилган.

XS
SM
MD
LG