Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:56

“Светсиз яшаш – даҳшат”. Харьковлик таъмирчилар ўқ ёмғирларига қарамай, электр таъминотини тикладилар


Украинанинг Харьков вилояти электриклари жангларда вайрон бўлган электр узатиш линиялари ва тармоқларни қарийб буткул тикладилар. Россия ҳудудидан муттасил отилаётган ўқ ёмғири остида ва миналанган далаларда ишлашга тўғри келса-да, вазифани охирига етказишди – 10 ойдан зиёд электрсиз яшаган қишлоқ ва кентлар аҳолиси бундан жуда хурсанд.

Николай Милашенко – уйида яна электр чироғи ёнган бахтиёр инсонлардан бири. У оиласи билан чегара яқинидаги Макарово қишлоғида яшайди. Россия ҳарбийлари қишлоқни март ойи бошларида босиб олишган эди, украин армияси уларни сентябрдагина у ердан ҳайдаб чиқарди. Бироқ электр таъминотини тиклашга бир неча ой кетди. Николай ва қишлоқдошлари 10 ойдан зиёд вақт мобайнида чироқсиз, газсиз яшаганларини, иссиқ овқатдан қийналганларини айтишади.

“Жуда оғир кунларни кечирдик. Бари орқада қолди, Xудога шукр! – дейди свет ёнганидан боши осмонга етган Николай. – Батарейкали фонусимиз бор эди, шағам ҳам олиб қўйган эдик, лекин электрга нима етсин”.

“Ниҳоятда хурсандмиз. Электр чироқсиз яшаш даҳшатнинг ўзи! Анча енгил тортдик!” – дейди Макарово турғунларидан яна бири, Анатолий Замлелий.

Николайнинг набираси (у бобоси билан адаш) рус оккупацияси чоғида бутун оила деярли ҳаммавақт ертўлада яшаганини, ҳовлига снарядлар келиб тушганида худди шу нарса жонларини сақлаб қолганини эслайди. Кейинчалик, отишмалар босилгач, томорқадан бир талай снаряд парчаларини териб олишибди.

Босқинчилар қишлоқдан қувиб чиқарилгач, бобо уйда қолади, йигитча эса онаси Наталия билан бирга Макароводан жўнаб кетади. Уруш туфайли аёл ишсиз қолган, ўғил эса ўқишини давом эттириши керак эди. Боз устига қишлоқда у пайтда на электр ва на мобил алоқа бор эди.

“Баҳоргача сабр қилайлик-чи, кейин кўрармиз. Балки қайтарман, чунки экин-тикинга уннаш керак, – ҳикоя қилади Наталия Милашенко. – Ўғлим ўқиши керак. Лекин уйни қўмсаймиз! Ўлан тўшагинг ўрнини ҳеч нима боса олмайди. Бегона жойларда яшаш қандайлигини биласизми?”

Сентябрда Макарово озод этилди, эртасигаёқ қишлоққа таъмирчилар етиб келиб, газни улашди. Аммо светни ёқиш қийин бўлди: энергетиклар ўша кезлар музофотдаги барча узатиш линиялари узилиб, симлар ерда ётганини айтадилар. Оддий маиший қулайликларни соғинган қишлоқликлар қўл қовуштириб туришмади, таъмирчиларга кўмаклашишди.

“Ҳамма жойда маҳаллий аҳоли бизга ёрдам беряпти. Қаерда линия узилганини айтишади, қидириб овора бўлмаймиз. Айримлар ўғирлаб кетишмасин деб, узилган симларни йиғиштириб олишган экан. Уйларидан олиб чиқиб, бизга беришяпти”, дейди электромонтёр Александр Маньяков.

Энергетиклар “таъмирлаш ишларини тезроқ битиришимиз мумкин эди, лекин, афсуски, биз ишлаётган ҳудуд Россия чегарасига туташ бўлгани учун у томондан тинимсиз ўққа тутишади”, дейишади. Аммо бу ишчиларни тўхтата олмаяпти: улар отишма тугагунича ўзларини панага олиб, сўнгра яна давом этишмоқда. Урушнинг энг қайноқ дастлабки ойларида ҳам электр тармоқларини тиклаш билан шуғулланишганини, айрим қишлоқларни йигирма мартагача улашга тўғри келганини эслаб, бу қийинчиликларни писанд қилишмайди.

Россия томонидан бўлаётган отишмаларга қарамай, таъмирчилар Харьков вилояти электр тармоғини 85 фоизга тиклаб бўлишди. Улар кўпинча сапёрлар билан бақамти ишлашади:

“Қишлоқларда ишлаш ҳеч нарса эмас, далада ишлаш қўрқинчли, чунки миналар кўп, айниқса металл изловчи қурилмалар топа олмайдиган пластик миналар ёмон. Шу боис жуда эҳтиёт бўламиз”, изоҳ беради Маньяков.

Уруш бошланганидан бери Украинада икки нафар энергетик таъмирлаш ишлари чоғида ҳалок бўлди, яна олти киши яраланиб, касалхонага тушди. Таъмирчилар ҳанузгача ҳар сменада неча бор ўлим билан юзма-юз бўлаётганларини айтишади.

Форум

XS
SM
MD
LG