Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2021, Тошкент вақти: 05:39

Forbes: Жорж Сороснинг собиқ ҳамкори Ўзбекистонга сармоя киритишни кўзламоқда


Америкалик инвестор монополия ва юқори нархлар учун танқид қилинадиган “Uzbekistan Airways” ширкатига ҳам сармоя ётқизмоқчи эканини айтган.

Америкалик таниқли инвестор Жим Рожерс Ўзбекистонга сармоя ётқизишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Forbes нашри хабар берди.

“Гарчи ҳали-ҳануз ғарбда яшайдиган одамлар учун номаълум бўлса-да, мен янги Ўзбекистоннинг катта мухлисиман”, деган Рожерс Forbes мухбири Кеннет Рапозага.

“Илгари мамлакат диктатура ўлароқ бошқариларди, аммо янги ҳукумат нима қилаётганини биладиганга ўхшайди. Сўнгги бир неча йил ичида улар эришган ютуқлар таҳсинга лойиқ”, дея Рожерснинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Forbes нашри.

Рожерс Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг пахта далаларида мажбурий меҳнатга барҳам берилгани, ҳануз давлатники бўлиб турган мулкларни хусусийлаштириш жараёни ҳамда суд тизимида ислоҳотлар бошланганини мисол ўлароқ келтирган.

Айни пайтда мамлакат ичкариси ва ташқарисида бу ислоҳотларнинг қанчалик илгарилагани борасида саволлар кўп.

“Иқтисодиёт ва ниҳоят очилди ва аминманки, халқаро инвесторлар мамлакатнинг ўсиш салоҳиятидан фойдаланиш учун ушбу имкониятдан фойдаланадилар”, деган Рожерс.

“Мен улар ваъда қилган хусусийлаштириш режалари ва [фонд бозоридаги] бирламчи оммавий таклифларни диққат билан кузатиб бораман”, дея қўшимча қилган у.

Рожерс қишлоқ хўжалиги, металлургия ва энергетикага соҳаларига сармоя ётқизишни режалаштираётганини айтган.

Айни дамда унда ҳали биронта Ўзбекистон ширкати акцияси йўқ.

“Менимча, янги ҳукумат Ўзбекистоннинг глобал ва минтақавий таъминот занжиридаги мавқеъини оширишга ҳаракат қилмоқда”, деган Рожерс.

“Улар ўзларининг мўл-кўл табиий газ захираларидан хомашё сифатида фойдаланиб, маҳаллий нефт-кимё саноатига сармоя киритмоқдалар ва келажакда рақобатбардошлиги ошадиган совет пахтачилигини ислоҳ қилишни бошлаганлар”, деган у.

Хитойнинг уйғурларга қарши репрессиялари боис Шинжон пахта саноатига қарши жорий қилинган чекловлар фонида ўзбек пахтаси бозори чаққон бўлиши мумкин, чунки Хитой пахтасидан воз кечаётган харидорлар ўзбек “оқ олтинига” қизиқа бошлаган.

“(Ўзбекистоннинг пахта саноати) зарур технологияларни олиб келадиган ва тобора ўсиб бораётган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ёрдамида қўшимча қиймати баланд тўқимачилик саноатига айланиши мумкин”, деган Рожерс.

Forbes мақоласига кўра, биржа бозори анча ривожланган Қозоғистондан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда инфратузилма, табиий бойликлар ҳамда ишлаб чиқариш каби анъанавий секторлар сармоя жалб қилишини кутиш мумкин.

Рожерс Ўзбекистонда туризм соҳасига ҳамда меҳмонхоналарга сармоя ётқизиш ниятида эканини айтган. Шунингдек, инвестор “Uzbekistan Airways” ширкатига ҳам сармоя ётқизмоқчи эканини билдирган.

Ўзбекистон ҳукумати хусусийлаштиришни режалаштираётган ширкатлар орасида “Uzbekistan Airways”дан ташқари “Узметкомбинат”, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Навоий кон-металлургия комбинати каби корхоналар бор.

Ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи ва тадбиркор Абдулла Абдуқодиров америкалик миллиардер ва филантроп Жорж Сороснинг собиқ ҳамкори бўлган Рожерснинг Ўзбекистонга қизиқишини "яхши янгилик" дея баҳолайди.

Унинг Озодликка айтишича, Жим Рожерс — "ўзгача тақдир ва қарашлар эгаси".

"У фонд бозорида катта сармоя орттирган инвестор бўлишибилан бирга, ёзувчи ҳамдир. Камина қалам аҳлини ҳамиша — 50-100 йил илгарилаб фикрловчи гуманист, деб биламан. Ўзбекистонда истиқомат қилувчи тадбиркор ўлароқ, иқтисодиётимиз амалда нимаси билан кучлилигини, унинг салоҳиятини, сиёсий ирода бўлган ва иқтисодий фаоллик рағбатлантирилган тақдирда қандай реал натижага эришиш мумкинлигини етарли даражада тасаввур эта оламан".

Абдулла Абдуқодировнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонга Рожерсга ўхшаган инвесторлар келишини олқишлаш мумкин.

"Умид қиламизки, Россия ва оффшор давлатларнинг анъанавий инвесторларига айнан шулар рақобатчи бўлади. Яна умидимиз шуки, улар ҳеч кимга ишлар ҳаракатлардан фарқли бўлишига йўл қўйишмайди. Агар шундай бўлса, улар ортларига буриладилару мамлакатни тарк этадилар.

Бошқа томондан кўрилса, Жим Рожерснинг доимий шериги Соросдир, бинобарин, Ўзбекистоннинг инвестиция имкониятларини ўрганиш икковининг қўшма қарори бўлса, ажаб эмас".

Таҳлилчилар Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Ўзбекистонда валюта бозори либераллаштирилгани, савдо-сотиқдаги айрим тўсиқлар олиб ташлангани ва ҳукумат хорижий давлатларда мамлакатнинг сармоя потенциалини тарғиб қилаётганини ижобий қадамлар сифатида қайд этишади.

Айни пайтда давлатнинг иқтисодиётдаги улуши катталигича қолаётгани, тендерларнинг шаффоф эмаслиги, суд тизими мустақиллигининг таъминланмагани ва коррупция хорижий инвестициялар йўлидаги жиддий тўсиқлар сифатида кўрилади.

Ўтган ой Озодлик Ўзбекистондаги Coca-Cola қўшма корхонасидаги давлат улушини сотиш бўйича расман очиқ, аммо ўта махфий тендер ҳақидаги суриштирувини эълон қилган эди.

Тендер иштирокчилари рўйхатида президент Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаровга алоқадор компанияларни ҳам ўз ичига олган «Ўзбек-Уммон инвестиция фонди» (Uzbek-Oman Investment Company) ҳам бор.

Шу йилнинг 30 март куни Давлат активларини бошқариш агентлиги тендернинг биринчи босқичи якунланганини эълон қилган, бироқ иштирокчиларнинг исмлари ёки сони тўғрисида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Дунёда коррупция даражасини ўрганувчи Transparency International ташкилоти ўзининг 2020 йилги ҳисоботида Ўзбекистонни 168 давлатдан 146-ўринга қўйган. Бу 2016 йилдаги индексдан (153) 7 поғона баланд.

Айни пайтда ташкилот Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон билан бирга Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида коррупцияга қарши кураш бўйича энг орқада қолаётган давлатлардан бири эканини қайд этган.

Transparency International ҳисоботида айтилишича, коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият минтақанинг авторитар давлатларида коррупция муаммосининг янада чуқурлашишига олиб келган.

XS
SM
MD
LG