Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:58

Ўзбекистон ташқи қарзи тўғрисида молия идоралари ўзаро зид маълумотларни тарқатмоқда


Мирзиёевнинг таъкидлашича: “Ташқи қарз шу халқимизнинг фаровонлигига хизмат қиляпти”.
Мирзиёевнинг таъкидлашича: “Ташқи қарз шу халқимизнинг фаровонлигига хизмат қиляпти”.

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 2021 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 57 фоизига тенглашди, деб хабар берди Марказий банк 2021 йил учун эълон қилинган ҳисоботида.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2021 йилда Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2020 йилга нисбатан 16 фоизга, пул ҳисобида эса 5,4 миллиард долларга ошган ҳамда 2022 йил 1 январь ҳолатига 39 миллиард 600 миллион долларни ташкил қилган.

Марказий банк ҳисоботида қайд этилишича, 2021 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 69,23 миллиард долларга баҳоланган. Ҳисоботда ташқи қарз ЯИМнинг 57 фоизига етгани айтилади.

Жорий йилнинг 9 мартида Ўзбекистон Молия вазирлиги расмий йиллик ҳисоботида 2021 йил якуни бўйича Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 41 миллиард 600 миллион долларни ташкил қилгани тўғрисида билдирган эди.

Молия вазирлиги Марказий банкдан фарқли ўлароқ Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 42 миллиард долларга яқинлашгани, 2021 йилда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 2020 йилга нисбатан 12,7 фоизга кўпайгани ва ялпи ички маҳсулотнинг 60,1 фоизини ташкил қилгани ҳақида маълум қилган.


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Шарофиддин Назаров жорий йилнининг 23 февралида Ўзбекистон ҳукуматининг “Халқ сўзи” газетасига берган интервьюсида Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон учун номинал қийматда давлат ташқи қарзини ЯИМга нисбатан 55 фоиздан оширмасликни тавсия қилгани ҳақида гапирган эди.


Шарофиддин Назаровга кўра, давлат “ЯИМни 2026 йил якуни билан 2,8 минг АҚШ долларига, 2030 йилга бориб эса 4 минг АҚШ доллари миқдорига етказиш” учун “ички ва ташқи қарз манбаларига муҳтож”дир.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам 19 февраль куни Тошкентнинг Сергели ва Янгиҳаёт туманларига ташрифи пайтида фаоллар билан учрашувда мамлакатнинг ташқи қарзи ортиб бораётгани ҳақидаги хавотирлар асоссиз эканини айтган эди.

Президентнинг иддао қилишича, ташқи қарз ҳисобидан, жумладан, қиймати 500 миллион долларлик метро қурилиши амалга оширилган. “Бундан ташқари заводлар қуряпмиз, иш ўринлари яратяпмиз”, деб айтган президент.

Мирзиёевнинг таъкидлашича: “Ташқи қарз шу халқимизнинг фаровонлигига хизмат қиляпти”.

Айни пайтда қароргоҳи Прагада жойлашган “Банкуотч“ (Bankwatch Network) ташкилоти 2022 йил феврали бошларида Ўзбекистонга юзлаб миллион доллар кредитлар ажратаётган Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) лойиҳаларида “шаффофлик ва мулоқот етишмаслиги”дан хавотир билдирган, очиқликнинг йўқлиги маблағларнинг мақсадли сарфланишини савол остига қўйишини айтиб чиққанди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки 2021 йилда Ўзбекистонга рекорд даражада кўп - 690 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратгани хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG