Линклар

Каримовага пора берган Telia мулозимларига Швецияда жиноий иш очилди

  • Озодлик

Ларс Нюберг, Telia (собиқ TeliaSonera) ширкатининг Ўзбекистонда пора иши ортидан истеъфо берган бош директори

Швеция прокуроратураси Telia ширкати собиқ раҳбари Ларс Нюбергни Ўзбекистонда 3G лицензиясини олиш учун пора берилганини била туриб¸ бу жиноятга кўз юмганликликда айбламоқда. Куни-кеча бу ширкат Гулнора Каримовага тегишли кўрилган ширкатга пора беришга оид даъвони ҳал қилиш учун АҚШга қарийб 1 миллиард жарима тўлашга рози бўлган эди.

Reuters агентлигининг Швеция прокурори Гуннар Стетлерга таяниб хабар қилишича, 22 сентябрь куни Швеция прокуратураси ширкатнинг собиқ бош директори Ларс Нюберг ва яна икки мулозим устидан даъво аризасини киритган.

Бундан бир кун муқаддам ширкат айни пора иши билан боғлиқ АҚШда ва Европанинг бир неча давлатида бораётган тергов-суриштирув ишларининг ширкатга алоқадор қисмини ётқизиш учун қарийб 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида жарима тўлашга рози бўлганди.

Telia ва АҚШ Адлия вазирлиги ўртасида эришилган келишувга мувофиқ, Ўзбекистонда миллионлаб доллар миқдорида пора берилганига оид даъволардан қутулган ширкат бу ишга масъул алоҳида шахсларни аниқлаб, жазолашда терговга ҳамкорлик қилиши лозим.

Швецияда айбланган Ларс Нюберг эса, Reuters агентлиги хабарига кўра, прокурорлар қўйган айбловларни рад этмоқда.

Агентлик Нюбергнинг адвокати Стефани Плейелдан: "Фикримча, бу ортиқча чўзилган иш Нюбрегнинг оқланиши билан тугайди, чунки, бу айбловларга асос йўқ", деган иқтибосни келтирди.

Ларс Нюберг ва яна юқори лавозимдаги яна тўрт мулозим 2013 йилда ширкатни тарк этган эди.

Унинг истеъфосига сабаб бўлган тергов суриштируви чоғида ширкатнинг Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримовага алоқадор кўрилган ширкатга миллионлаб АҚШ доллари миқдорида пора бергани ўртага чиққан.

АҚШдаги суд жараёнида аниқлашича, Telia ширкати 2007 йилдан 2010 йилгача, Гулнора Каримовага тегишли кўрилган Takilant ширкатига бир неча юз миллион доллар миқдорида пора берган. Прокурорлар бу пора эвазига телеком ширкати Ўзбекистонда тегишли лицензияни олишга эришганини даъво қилган.

Тергов ортидан ширкатнинг Швейцария, Бельгия, Люксембургдаги банк ҳисобларида бўлган 850 миллион доллардан ортиқ маблағи музлатиб қўйилди.

"Бугунги келишув Telia компанияси тарихидаги аянчли саҳифани ёпади", дея баёнот берди Telia ширкатининг бошқарувчи раҳбари Йоҳан Денелинд (Johan Dennelind), Ню Йорк маҳкамасида эришилган келишувдан сўнг.

Шу йил якунига қадар Telia ширкатининг Озарбойжон, Қозоғистон, Молдова, Грузия ва Ўзбекистондан чиқиб кетиши кутилмоқда.

Ўзбекистон телеком бозорига кириш учун берилган пора можаросига нафақат Telia, балки ​VimpelCom Ltd. ва Mobile TeleSystems ширкатлари ҳам алоқадор кўрилган.

2016 йилнинг феврал ойида VimpelCom​ ширкати Ўзбекистонда пора берганига оид иддаолар ортидан 795 миллион доллар миқдорида жарима тўлашга рози бўлган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

Алоқадор

XS
SM
MD
LG