Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2019, Тошкент вақти: 08:02

Савдогарлар 1 мартдан терминал билан боғлиқ муаммолар кўпайишидан чўчияпти


1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги барча тадбиркорлик субъектларида касса терминалисиз савдо қилиш тақиқланади. Айни пайтда терминал ўрнатаётган тадбиркорлар нақд пулга ҳам савдо қилиши мумкин. Савдогарларга кўра, товарнинг пластик карточкага қимматга тушиши, карточкадаги пулни банкдан нақдлаштириб олиш имконсизлиги ва картага сотилган товарни алмаштириш ёки қайтариш билан боғлиқ муаммолар боис тадбиркорлар нақд пулга савдо қилишни маъқул кўради.

Касса терминаллари савдоси авжида

Кеча Сирдараёнинг Сайхунобод туманида яшовчи тадбиркор йигит дўконига ўрнатиш учун Гулистондан терминал харид қилди.

"Электр билан ишлайдиган терминал олдим. Батарейка билан ишлайдигани йўқ экан. Шунга эртага текшириб қолмасин, деб олавердим. Лекин бизнинг қишлоқда тез-тез свет ўчади. Бу пайтда текширувчилар келса, нима қиламан билмадим", дейди сирдарёлик тадбиркор.

Президент қарорига кўра, 1 мартдан Ўзбекистондаги чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги барча тадбиркорлик субъектларида терминаллар бўлиши мажбурийдир.

Озодлик мамлакатнинг турли ҳудудларидаги тадбиркорлар билан боғланиб, терминал ўрнатиш жараёни деярли якунлаётганини аниқлади.

Терминали йўқ тадбиркорлар учун 28 февраль сўнгги муддат ва 1 мартдан бошлаб, улар солиқчиларнинг "назорат хариди" пайти қўлга тушмаслик учун терминал ўрнатиш ҳаракатида.

"Терминал афзал"

Чирчиқлик тадбиркорнинг айтишича, унинг фирмаси 2004 йилдан буён терминал билан ишлайди. Тадбиркор йигит терминал билан ишлаш қулайлигини айтади:

- Чирчиқдаги ишчиларнинг барчаси пластик карточкага ўтган. Шунинг учун бизнинг нақд пулда савдомиз йўқ. Фақат терминалда савдо қиламиз. Бизлар учун бу қулай, - дейди чирчиқлик тадбиркор.

"Терминал билан боғлиқ муаммолар кўп"

Айни пайтда Озодлик суҳбатлашган аксар тадбиркорлар терминал билан боғлиқ муаммолардан шикоят қилишди.

Андижонлик тадбиркор йигит терминал орқали савдо қилинган пулни банкдан нақдлаштириб олиш қийинлигини айтади:

- Банкка келсангиз, пул бермайман деяпти. Виртуал қабулхонага ёзсангиз, шаҳар ҳокимиятига қоғозлар бераяпти, «банк қилиб беради» деб. Тадбиркор нима қилиши керак? Терминални мажбуран қўйдираяпти. Қўйдиргандан кейин савдо қилган пулни банк бериши керакда. Минг қарор, фармон чиқаргани билан банклар умуман ишламаяпти, - дейди андижонлик тадбиркор.

2009 йилдан буён терминалдан фойдаланадиган қурилиш дўконларидан бирининг эгаси эса терминал орқали сотилган товарни қайтариш ва алмаштириш қийинлигини айтади:

- Онлайн карталар пули банкка тушади. Қанақа қилиб пулни ечишни ҳам билмаймиз. Бир марта биттаси тахта олган. У тахтани қайтармоқчи бўлганида, унга тахта пулини қайтариш учун банкдан рухсатнома олиб, 2-3 хил акт тузилган -, дейди тадбиркор.

Тадбиркорлар билан суҳбатлардан маълум бўлишича, бугунги кунда терминал орқали савдо қилаётган шохобчаларда нақд пул савдоси 30 фоизни ташкил қилади.

Қарорни бажармаган жазоланади

Президент қарорида чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари нақд ёки карта орқали ҳисоб-китоб қилиш шаклига қараб нархларни сунъий равишда оширса ёки туширса, бунинг учун энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима қўлланиши айтилган.

Шунингдек, чек қоғозини мижозга беришдан бош тортган тадбиркорлар ҳуқуқбузар сифатида жаримага тортилади.

Ўтган ҳафтада Мирзиёев "Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорга имзо чеккан.

Мазкур ҳужжат нақд пул ва пластик карталар воситасида тўлов тизимидаги муаммоларни бартараф қилишга қаратилгани айтилган эди.

XS
SM
MD
LG