Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:20

Тинчлик бўйича Нобель мукофотига номзодлар қандай кўрсатилади?


Норвегия Нобель қўмитаси ҳар йили дунёнинг энг обрўли мукофотларидан бири совриндорини танлаш учун учун кўплаб номзодни кўриб чиқади
Норвегия Нобель қўмитаси ҳар йили дунёнинг энг обрўли мукофотларидан бири совриндорини танлаш учун учун кўплаб номзодни кўриб чиқади

Бу йилги Тинчлик бўйича Нобель мукофотига номзодлар орасида Беларусь мухолифати вакиллари, гонконглик демократия курашчилари, глобал Black Lives Matter ҳаракати, қамоққа ташланган Россия мухолифати раҳбари ва америкалик овоз бериш ҳуқуқи фаоли бор.

Норвегия Нобель қўмитаси ҳар йили дунёнинг энг обрўли мукофотларидан бири совриндорини танлаш учун учун кўплаб номзодни кўриб чиқади. Аммо мукофотга номзод ўлароқ кўрсатилган ҳамма ҳам мукофот билан тақдирланмайди.

Қуйида мукофотга номзод кўрсатиш жараёни билан танишиб чиқамиз.

Тинчлик бўйича Нобель мукофотига номзодларни ким кўрсатиши мумкин?

Давлат раҳбарлари ёки юқори лавозимли сиёсатчилар, университет профессорлари, ташқи сиёсат институтлари директорлари, ўтмишда Нобель мукофотига сазовор бўлганлар ва Норвегия Нобель қўмитаси аъзолари соврин учун номзод тақдим этиш ҳуқуқига эгадир.

Қўмита қоидаларига кўра, ҳеч ким ўзини-ўзи номзод қилиб кўрсата олмайди.

Номзодлар исмлари қўмита томонидан эълон қилинмайди, аммо номзодни кўрсатаётган томон ўз таклифини жамоатчиликка ошкор қилиши мумкин.

2020 йилда Тинчлик бўйича Нобель мукофотига БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури сазовор бўлган
2020 йилда Тинчлик бўйича Нобель мукофотига БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури сазовор бўлган

Номинация жараёни қандай кечади?

Бу йил мукофотга номзод кўрсатиш учун якшанба куни якунигача муҳлат берилди. Барча номзодлар қайд этилганидан кейин кенгаш номинацияларни кўриб чиқиб, уларни тасдиқлайди.

Осло шаҳридаги Тинчлик тадқиқот институти ходими Хенрик Урдалнинг сўзларига кўра, қўмита мустақил тарзда номзод қўшиши мумкин.

Февраль ойининг охири ёки март ойининг бошларида нечта одам ёки ташкилот номзоди ўлароқ кўрсатилгани маълум бўлади.

2020 йилги мукофот кимга берилган эди?

2020 йилда Тинчлик бўйича Нобель мукофотига БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури сазовор бўлган эди. Ташкилот 318 номзод шахс ва ташкилот орасидан танлаб олинди.

Норвегия Нобель қўмитаси номзодлар исмини 50 йил давомида сир сақлайди.

2021 йилги номзодлар орасида кимлар бор?

Бу йилги номзодларни кўрсатган тарафларнинг айримлари ўз танловларини оммавий равишда эълон қилдилар.

Шу сабабдан биз 2021 йилги номзодлар орасида сургун қилинган Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская ва яна икки нафар беларуслик демократия фаоли – Вероника Цепкало ва Мария Колесникова борлигини биламиз. Бундан ташқари, номзодлар орасида Black Lives Matter – «Қора танлиларнинг ҳаёти ҳам муҳим» ҳаракати, Россия президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальний, овоз бериш ҳуқуқини тарғиб қилиб танилган Жоржия штатининг собиқ губернатори Стейси Абрамс, Оқ уйнинг собиқ маслаҳатчиси Жаред Кушнер ва унинг ўринбосари Ави Берковицлар ҳам бор.

2021 йилги мукофот учун номзод қилиб кўрсатилган ташкилотлар орасида эса Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, НАТО, «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти ва фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилган польшалик судьялар бор.

2021 йилги ғолиб қачон эълон қилинади?

Нобель қўмиталари мукофот совриндорларини октябрь ойи давомида эълон қилади.

Тинчлик бўйича ва бошқа Нобель мукофотлари ғолибларга 10 декабрь, яъни мукофот асосчиси Альфред Нобель вафот этган кунда топширилади.

2020 йилда Нобель мукофотлари совриндорлари 10 миллион крона (1,1 миллион доллар) пул мукофоти, диплом ва олтин медаллар билан тақдирланган

XS
SM
MD
LG