Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2020, Тошкент вақти: 10:12

Кремль: Тоғли Қорабоққа Туркия ҳарбийлари киритилмайди


Россия президенти Владимир Путин ва Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев Хитойдаги саммитда - Пекин, 26 апрель, 2019

Сешанба куни эрталаб Кремль сайтида Россия ва Озарбайжон президентлари ҳамда Арманистон бош вазирининг Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги қўшма баёноти эълон қилинди.

Унинг матни аввалроқ «Спутник-Арманистон» агентлиги томонидан тарқатилган матнга мос тушади. Шундай бўлса-да, Кремль эълон қилган баёнотда баъзи бир кичик фарқлар мавжуд. Хусусан, Кремль сайтида чоп этилган матнда Арманистон ва Тоғли Қорабоғни бир-бирига боғлаб турувчи Лачин коридори «Россия Федерациясининг тинчликпарвар контингенти назорати остида қолиши» таъкидланган.

Баёнотда 10 ноябрь куни соат 0:00 дан бошлаб ўт очишни тўхтатиш тўғрисида, бундан ташқари, Лачин, Келбажар ва Агдам туманлари ҳудудларини Озарбайжонга ўтказиш муддати ва Тоғли Қорабоғдаги ва Лачин коридоридаги алоқа линиясида 1 960 нафар рус тинчликпарвари жойлаштирилиши эътироф этилди.

Аввалроқ Россия ҳарбийлари ва техникаси ортилган самолётлар минтақага учиб кетгани ҳақида хабар берилган эди.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев душанба куни кечқурун баёнотга имзо чекишдан олдин Владимир Путин билан видеоалоқа орқали суҳбатда «бугунги баёнот бандларидан бири Россия ва Туркиянинг қўшма тинчликпарвар миссияси тўғрисида» эканлигини айтган. Президентлар суҳбатининг матни Озарбайжон президентининг расмий сайтида эълон қилинди. Путин Алиев билан мулоқотда унинг сўзларини рад этмаган, аммо Кремль сайтида чоп этилган ҳужжатда туркиялик тинчликпарвар кучлар ҳақида ҳеч нима дейилмади.

Сешанба куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков туркиялик тинчликпарвар кучлар Россия билан бирга Қорабоғда жойлаштирилиши тўғрисидаги саволга салбий жавоб берди. Аммо у уч мамлакат раҳбарлари Қорабоғ ташқарисида Туркия иштирокида кузатув марказини ташкил этиш масаласини муҳокама қилишганини тасдиқлади. Песковнинг сўзларига кўра, бундай марказ тафсилотлари алоҳида келишувда белгиланиши керак.

Эълон қилинган баёнотда «Келишув шартлари можаро иштирокчилари томонидан бажарилиши устидан назорат самарадорлигини ошириш мақсадида сулҳни назорат қилиш учун тинчликпарварлик маркази ташкил этилади» дейилади. Ҳужжатда Туркия бевосита тилга олинмади.

Тоғли Қорабоғ можаросида Туркия Озарбайжонни қўлламоқда. Анқара Боку можарони куч билан ҳал қилиш ҳуқуқига эга, деб ҳисоблайди.

Уч давлат раҳбарлари қўшма баёнот имзолагани ҳақида душанба куни кечқурун – Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофидаги туманларда муваффақиятли илгарилаб бориши ортидан маълум бўлди.

10 ноябрь куни Ереванда эришилган келишувдан норози бир неча минг одам полиция тўсиғини ёриб ўтиб, ҳукумат уйини ишғол қилди ва парламент спикерини дўппослади. Мухолифат бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилмоқда. Пашиняннинг ўзи ҳарбий тўқнашувларни тўхтатишнинг ягона йўли шу эканлиги, мамлакат армияси бу ташаббусни қўллаганини айтди.

Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) қошидаги Минск гуруҳининг Россияда бошқа ҳамраислари, яъни Франция ва АҚШ уч мамлакат етакчиларининг қўшма баёнотини ҳали изоҳлагани йўқ.

Агар келишув амалга ошса, Тоғли Қорабоғ билан туташ барча туманлар (Лачин йўлагидан ташқари), шунингдек, Қорабоғ ҳудудининг бир қисми, шу жумладан, Шуша шаҳри ҳам Озарбайжон назоратига қайтади. Минтақа пойтахти Степанакерт ва бошқа бир қатор ҳудуд Озарбайжон назорати ташқарисида қолмоқда.

Тоғли Қорабоғда 27 сентябрь куни бошланиб кетган жангларда бугунга қадар камида 1 000 одам ҳалок бўлгани хабар қилинди. Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Ўшандан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади.

XS
SM
MD
LG