Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:38

Тожикистон: Тоғли Бадахшондаги ғалаёнлар ортида нима турибди?


Бадахшон маркази Хоруғ шаҳри
Бадахшон маркази Хоруғ шаҳри

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилоятидаги сўнгги норозилик намойишлари ҳукумат намойишчилар талабларини рад этганидан сўнг бошланди.

Расмийларга кўра, 16 май куни вилоят маркази Хоруғда бошланган тартибсизликларда саккиз намойишчи ва бир полициячи ҳалок бўлган. Шундан сўнг тўқнашувлар аҳоли сийрак мухтор вилоятнинг бошқа ҳудудларига ҳам ёйилган.

Намойишчиларнинг қатор талаблари, жумладан, ноябрь ойида қонли тартибсизликларга сабаб бўлган маҳаллий фуқаронинг полиция томонидан ўлдирилиши бўйича тергов қилиш, сўнгги ойларда ҳибсга олинган бир қанча фаолларни озод этиш ва вилоят ҳокими ҳамда Хоруғ шаҳар ҳокимини истеъфога чиқариш талаблари рад этилгач, оммавий норозилик намойишлари бошланди.

Аммо Тоғли Бадахшондаги муаммолар, маҳаллий аҳоли ва марказий ҳукумат ўртасидаги ўзаро ишончсизлик илдизлари анча чуқур.

Тожикистон ҳудудининг 45 фоизини, аҳолисининг атиги 3 фоизини ташкил этувчи минтақада кўплаб қонли намойишлар кузатилган. Жумладан, 2012 йил июлида Тожикистонда 1992-97 йиллардаги фуқаролар урушидан кейинги энг қонли тўқнашувлар содир бўлган.

Тоғли Бадахшондаги норозилик намойиши. Тожикистон, 16 май, 2021
Тоғли Бадахшондаги норозилик намойиши. Тожикистон, 16 май, 2021

Айрим манбалар ўшанда миллий хавфсизлик қўмитаси бошлиғи пичоқлаб кетилиши ортидан бошланган талотўпларда ҳалок бўлганлар сони 200 дан ортиқ эканини айтган.

Ҳукумат пичоқбозлик учун маҳаллий бошлиқ Толиб Аёмбековни айблаган ва Аёмбеков бошчилигидаги қуролли гуруҳга қарши ҳарбий операция бошлаган. У эса айбловни рад этган

Ўша ҳарбий операция давомида ҳукумат маҳаллий аҳоли эътирозларига қарамай, минтақага юзлаб аскарлар киритди.

Маҳаллий раҳбарлар

Аёмбеков Тоғли Бадахшондаги «норасмий» деб аталадиган, катта таъсирга эга ўнга яқин раҳбарлар сирасига киради.

У 1992-97 йиллардаги фуқаролар урушида ҳукуматга қарши курашган, ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган ва бир миллиондан ортиқ тожикистонликларни қочишга мажбур қилган бирлашган мухолифат аъзоси эди.

Душанбе сўнгги тартибсизликларда нуфузли маҳаллий раҳбарлардан бири Маҳмадбоқир Маҳмадбоқиров ва унинг шерикларини айблади.

Февраль ойида 58 ёшли Маҳмадбоқировга нисбатан ҳукумат вакилини ҳақорат қилиш ва унга қарши куч ишлатиш, шунингдек, миллатлараро адоват қўзғатиш моддалари бўйича расман айблов эълон қилинган. У айбловни рад этган.

Сўнгги ойларда Душанбе Тоғли Бадахшоннинг норасмий етакчилари ва бошқа таниқли арбобларига яна босим ўтказди.

13 май куни Тоғли Бадахшонлик аралаш яккакураш бўйича машҳур жангчи Чоршанбе Чоршанбиев ҳукуматни ағдаришга чақиришда айбланиб, саккиз ярим йилга озодликдан маҳрум этилди.

Озодлик манбаларига кўра, Душанбе Россиядан Тоғли Бадахшон туб аҳолиси жамиятига мансуб бир қанча нуфузли шахсларни экстрадиция қилишни сўраган.

Сепаратизм айбловлари

Тожик расмийлари тил жиҳатидан ажралиб турувчи Тоғли Бадахшоннинг Тожикистондан мустақил бўлишига интилаётгани ҳақида кўп йиллардан буён иддао қилиб келади.

Тоғли Бадахшоннинг 230 мингга яқин аҳолисининг аксарияти шиа мазҳабининг бир тармоғи бўлган исмоилийлик тарафдорлари, қолган тожикистонликларнинг аксарияти сунний мусулмонлардир.

Вилоятда тожик тили расмий тил бўлса-да, одамлар кундалик ҳаётда шуғний, рушоний, бартанги ва ёзғуломий каби маҳаллий тиллардан фойдаланади.

Тожикистонлик сиёсий экспертнинг айтишича, минтақада давом этаётган кескинлик сабаби мустақиллик ёки кенгроқ мухториятга интилишдан кўра ҳукуматнинг “нотўғри сиёсати” билан боғлиқ.

“Ҳозирча намойишчиларнинг расмий талаблари полиция қонунбузарлиги муаммолари билан чекланиб қолмоқда. Норозилик ҳаракати кўпроқ ижтимоий характерга эга, айни пайтда унинг барча етакчилари анъанага кўра сиёсий мухолифатдан узоқлашган”, дейди исми сир қолишни сўраган эксперт Озодлик билан суҳбатда.

Бироқ, "агар ҳукумат кескин кучишлатар усулларга таянишда давом этса, ҳаракат келажакда радикаллашади", дея таъкидлайди эксперт.

Душанбе ишонч қозониши учун нима қилиши мумкин?

Айрим маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, ҳукумат Тоғли Бадахшон аҳолисига ишонмайди ва уларни ўзига “тенг” кўрмайди.

Хоруғликлардан бири Озодлик билан суҳбатда шундай деди: “Тилимиз бошқа бўлгани учун ҳокимият бизга ўгай каби муносабатда бўлади. Улар бизни мусулмон деб ҳам ҳисобламайди."

Яна бир Бадахшонлик эса "Бу ҳукумат бизнинг манфаатларимизни ҳимоя қилмайди. Бу менинг ҳукуматим эмас", дея фикр билдирди.

Маҳаллий ҳокимларнинг истеъфоси ва ҳибсга олинганларни озод қилиш каби сўнгги талаблар қабул қилинса, халқ ҳукуматга ишонадими, деган саволга у "бу ёрдам беради" дея жавоб берди.

Тоғли Бадахшон халқининг ишончини қозонишни расмийлар ноябрь ойидан бери блоклаб қўйган интернетни қайта тиклашдан бошлаши керак. Одамлар ташқи дунё билан алоқа ўрнатиши керак, дейди Марказий Осиё бўйича эксперт Эдвард Лемон.

Аммо Лемон ҳукумат кескинликни юмшатиш чораларини кўришига ишонмайди ва "аксинча Помир халқига нисбатан репрессияни кучайтиради" деган фикрда.

XS
SM
MD
LG