Линклар

Тожикистонда "Ислом давлати" экстремистик гуруҳи жангариси 15 йилга қамалди

  • Озодлик

Тожикистонлик "жиҳодчилар"

Тожикистоннинг Хатлон вилоят суди Ёвон туманилик Омонқул Эрназаровни Суриядаги жангларга бир қатор мамлакатларда тақиқланган "Ислом давлати" эктремистик гуруҳи жангарилари сафида қатнашгани учун 15 йилга кесди. Лекин унинг исми террорчиликда гумон қилинаётган шахслар рўйхатида бўлмагани айтилмоқда.

Милиция ходимлари Омонқул Эрназаровни Туркиядан қайтиб келгандан сўнг икки ой ўтиб, ҳибсга олди. Маълум бўлишича, у 2015 йили Россияга ишлагани кетган, 2016 йил бошида эса, қариндошларига Туркиядан яхши иш топганини хабар қилган. Лекин ўша пайтда Сурияда эканини ҳеч ким билмаган.

– У бир-икки марта қўнғироқ қилди, холос. Туркияда эканини, аммо ваъда қилинган ишга жойлаша олмаганини, шунинг пулини йўқлигини айтди, – деди унинг умр йўлдоши Ирода Холмуродова “Озоди” радиоси билан суҳбатда.

Омонқул Эрназаров сўроқ вақтида акаси Фазлиддиннинг маслаҳати билан Туркияга бориб қолганини тан олди. Суддаги манбанинг хабар беришича, Фазлиддин одамларни Сурияда жанг қилиш учун ёллашда айбланиб, қидирувга берилган.

Тожикистонлик терговчилар хулосасида айтилишича, Омонқул "ИДнинг “Ал-Бухорий” бўлинмасига аъзо бўлиб киради". Ўзининг айтишича, ушбу бўлинмага 350 нафар этник ўзбек, шу жумладан, 6 нафар Тожикистон ватандоши аъзо бўлган.

Омонқул Эрназаров суд маҳкамасида 8 ой Суриянинг Ҳалаб шаҳрида жанг қилганини бўйнига олди. Айтишича, сўнгги ойларда ИДнинг ғазнаси бўшаб қолгани сабабли жангариларга ойига 30 доллардан ойлик маош тўланган.

– “Ал-Бухорий” бўлинмаси Ҳалаб шаҳри учун жангларда кўп талофат бергани сабаби амир Салоҳиддин бизга чекинишни буюрди, мен имкониятдан фойдаланиб, соқолимни олиб, қочқинлар қаторига гунг ва кар бўлиб қўшилдим, – дея гапириб берди у судда маҳкамасида.

Орадан бир неча ҳафта ўтиб, собиқ жангари Туркияга, ундан сўнг ватанига етиб олади.

Адвокати Абдуғаффор Саидовнинг Омонқулга нисбатан Тожикистон Жиноят кодексининг 401-моддасига изоҳ қўлланишини суддан талаб қилди. 2015 йили Тожикистон Жиноят кодексига тузатишлар киритилган. Тузатишларда чет эл ҳарбий бўлинмаларида хизмат қилишдан ихтиёрий равишда бош тортган ва уйига қайтиб, қилмишидан пушаймон бўлган кишиларни авф этиш кўзда тутилган. Суд мажлиси чоғида адвокатга бундай чора ҳарбий ҳаракатларда бевосита қатнашмаган кишиларга нисбатан қўлланиши тушунтирилди.

Тожик “жиҳодчилари”

Нью-Йоркдаги Soufan Group таҳлил маркази тайёрлаган маърузада айтилишича, ҳалигача Сурия билан Ироқда 700 дан ошиқ тожикистонлик жангари бор. Лекин улардан аксариятининг қаерда экани маълум эмас.

Разведка ва хавфсизлик масалалари билан шуғулланадиган марказ тарқатган маълумотларга кўра, 2016 йил июлига қадар 1600 нафар жиҳодчи бир қанча мамлакатларда тақиқланган "Ислом давлати" (ИД) сафларида жанг қилаётган эди. Шулардан 147 нафари ватанига қайтиб келди, дейилади Soufan Group маърузасида.

Маъруза муаллифларига кўра, ИД Мўсул ва Раққадан сиқиб чиқарилгач, кўплаб жангариларнинг тақдири номаълум бўлиб қолди. Улар айрим жангарилар жанглар бўлаётган бошқа ҳудудларга ўтиб кетганини ҳам истисно қилмаяпти.

Тожикистон ҳокимият идоралари тарқатган маълумотларга кўра, Сурия билан Ироқдаги стратегик жиҳатдан муҳим ҳудудларни озод қилиш вақтида жангариларнинг, тахминан, 60 фоизи ҳалок бўлган. Улар ИДга сафларига бориб қўшилиш учун ватанидан чиқиб кетган эди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги олдинроқ Сурия билан Ироқда жанг қилаётган тожикистонликлар сони 1141 киши эканини, 300 киши эса, ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG