Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:11

Тожикистон жанубида снаряд портлаши оқибатида бир киши нобуд бўлди


"Мумирак" полигонида яроқсизлиги туфайли ташлаб кетилган зирҳли жанговар машина.
"Мумирак" полигонида яроқсизлиги туфайли ташлаб кетилган зирҳли жанговар машина.

Тожикистоннинг Хатлон вилояти Шамсиддин Шоҳин тумани Шўрообод жамоатига қарашли Зулмобод қишлоғида беҳосдан портлаган снаряд бир киши ҳаётига зомин бўлди, икки кишини оғир яралади. Маҳаллий аҳоли вакиллари бу россиялик ҳарбийлардан қолган снаряд эканини иддао қилмоқдалар.

Зулмободда снаряд портлаши оқибатида шу қишлоқда яшайдиган 28 ёшли Самихон Шарифов нобуд бўлди, яна икки киши оғир тан жароҳати билан касалхона етказилди.

“Азия-плюс” агентлигининг Тожикистон фавқулодда вазиятлар ва фуқаровий мудофаа қўмитасидаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, 15 август куни бу ерда мол боқиб юрган йигитлар БМП (Пиёдалар жанговар машинаси) снарядини топиб олиб, унга тош ота бошлаганлар. Пировардида снаряд портлаб, Самихон Шарифов воқеа жойида жон берган, 26 ёшли Саъд Сафараҳмад ва 15 ёшли Маъруф Саидаҳмад жароҳат олганлар.

Шамсиддин Шоҳин туман касалхонаси бош врачи Мадисмон Саидов 16 август куни Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда 15 яшар Маъруфнинг аҳволи оғирроқ эканини, жарроҳлик амалиётидан кейин ўсмир бир кўзи ва бир қўлидан айрилганини билдирди.

- Маъруф Саидаҳмад эски снарядни топиб олиб, уни тошга урибди, натижада портлаш содир бўлибди. Ҳозир икки жабрланувчининг ҳаётини сақлаб қолиш учун қўлдан келган барча ишни қилаяпмиз, - деди Мадисмон Саидов.

Зулмободлик Идигул Озодлик билан суҳбатда бу мазкур ҳудудда яшайдиган аҳоли россиялик ҳарбийлардан қолган снаряд ва ўқ-доридан нобуд бўлгани ёки жароҳат олганига оид биринчи ҳолат эмаслигини айтди. “Бироқ сўнгги йилларда бунақа ҳолатлар содир бўлмай қўйганди”, дея қўшимча қилди зулмободлик аёл.

- Руслар Мумиракдан кетгунича Дараи Об қишлоғида бир неча киши снарядлардан ҳалок бўлган. Ҳозир бу ерда россиялик ҳарбийлар йўқ, бироқ портламаган снарядлар қолган. Болалар мол боқиб юрган пайтларда уларни топиб олаяптилар ва шунга ўхшаш воқеалар содир бўлаяпти, - деди Идигул.

Ўтган йил ноябрида Мўминобод туман Балҳоби жамоатига қарашли Шулуъ қишлоғида снаряд портлаши оқибатида ака-ука Жамшед ва Қурбон Назаровлар нобуд бўлганди.

Олдин Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базаси тасарруфида бўлган “Мумирак” ҳарбий полигони собиқ Шўрообод ва Мўминобод туманлари ҳудудида жойлашган.

Аввалроқ бу полигондан чиққан снаряд портлаши оқибатида икки бола ҳалок бўлганидан кейин Кўлоб прокуратураси россиялик ҳарбийларга огоҳлантириш йўллаган. Бироқ Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базаси масъуллари тожик расмийлари ва маҳаллий аҳоли вакилларининг бу снарядлар русларга тегишли бўлганига оид бу иддаосини асоссиз, деб ҳисоблайди.

Рус ҳарбийларига кўра, бундай снарядлар Тожикистон армиясида ҳам бор ва одамлар айнан ўша снарядларни топиб олган бўлишлари мумкин.

Россиялик ҳарбийлар ўтган йили Кўлоб ҳудудини тарк этганлар ва ҳозирда Рудакий туманидаги Лоҳур полигонида ерлашганлар.

XS
SM
MD
LG