Тожикистон ҳукумати мамлакат олий таълим муассасаларида таҳсил олиб турган юзлаб талабаларга ҳарбий хизматга бориш учун босим ўтказмоқда ва рад жавобини берганларга ўқишдан ҳайдаб юбориш билан таҳдид қилмоқда, дейди талабалар ва расмийлар.
Тожикистонда ҳарбий хизматчиларнинг баҳорги чақируви давом этар экан, кўплаб йигитлар қуролли кучлар сафига қўшилмасликка ҳаракат қилмоқда.
Тожикистон ҳукумати талабалар ўз хоҳиши билан ҳарбий хизматга қўшилганини таъкидламоқда.
Телевидениеда мунтазам оқ кўйлак ва қора шим кийган йигитлар университет биносида қисқача нутқ сўзлаганидан сўнг армияга рўйхатдан ўтаётганини кўрсатувчи лавҳалар намойиш этилмоқда.
Таълим расмийларининг айтишича, бир йиллик хизматга кетаётган юзлаб талабалар учун ёзги имтиҳонларни эртароқ ўтказиш режаланган. 6 май куни маҳаллий расмийлар Бохтар шаҳрида 120 нафар талаба ҳарбий хизматга қўшилгани айтилмоқда.
Аммо бир қанча талабалар Озодлик билан суҳбатда уларни “мажбуран” армияга жўнатишаётганини айтишди. Уларнинг таъкидлашича, университет маъмурияти ҳар бир талабага армия хизмати учун ёзма ариза нусхасини бериб, имзо қўйишни талаб қилган.
Тожикистондаги “Фуқаро эркинликлари идораси” инсон ҳуқуқлари ташкилоти Хўжанд давлат университети талабаларидан армияга бориш талаб қилингани ҳақида кўплаб шикоятлар тушганини айтди. – Бу ҳуқуқ-тартибот идоралари ва вилоят ҳарбий чақирув пунктидаги муайян вакилларнинг иши, – дейди гуруҳ раҳбари Дилрабо Самадова.
Тожикистон олий ўқув юртларининг аксариятида талабалар диплом олиш учун беш йил ўқишади. Айтилишича, расмийлар биринчи навбатда тез орада ўқишни битириши кутилаётган тўртинчи ва бешинчи курс талабаларини нишонга олган.
Тожикистон миллий армияси сафларини 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган ҳарбий хизматчилар билан тўлдириш учун икки босқичда - баҳор ва кузда - ҳарбий хизматга чақирув ўтказилади. Қонунга кўра, талабалар ва университет битирувчилари чақирувдан озод қилинган.
Жанубдаги Хатлон вилоятидаги манбаларнинг Озодликка айтишича, маҳаллий ҳукумат минтақадаги олтита катта университетга жорий чақирувда 900 га яқин талабани ҳарбий хизматга ёздириш бўйича “яширин” буйруқ берган.
Анонимлик асосида гапирган маҳаллий мулозимнинг айтишича, бу масала 4 май куни вилоят ҳукумати йиғилишида муҳокама қилинган ва маъқулланган.
Унга кўра, Бохтардаги энг катта университетдан 300 нафар талаба, Данғара ва Кўлоб шаҳарларидаги олий ўқув юртларидан мос равишда 250 ва 150 нафардан талаба ҳарбий хизматга чақирилиши кераклиги айтилган. Леваканд университети армияга 89 нафар кўнгилли топиши керак, Хатлон тиббиёт билим юрти ва Кўлоб технология мактабига мос равишда 60 ва 65 нафар кўнгилли олиб келишга буйруқ берилди, дея маълум қилди расмий.
Хатлондаги бир неча университет мулозимлари шундай кўрсатма берилганини ва буни бажариш учун босим остида қолишганини тасдиқлади. Улар “кўнгиллилар” етишмагани боис университет талабаларини армияга мажбурлашига тўғри келганини тан олишди.
“Бир оёғимиз чақирув пунктида, иккинчи оёғимиз университетда бўлиб, бу кўрсатмани бажаришга ҳаракат қилиб, ўз ишимизни қилишга вақт қолмади”, деди исми сир қолишини сўраган амалдорлардан бири.
Айни пайтда Душанбе расмийлари талабаларнинг мажбурий ҳарбий хизматга жалб қилингани ҳақидаги иддаоларни рад этди. Таълим вазирлиги талабалардан бундай шикоятлар келиб тушмаганини айтди.
Армия ёшидаги кўплаб тожикистонликлар чақирув мавсумида ҳарбий хизматга тушмаслик учун мамлакатни тарк этишади. Улар одатда Россияга меҳнат муҳожирлари сифатида ёъл олади.
Аскарлар ва ота-оналарнинг айтишича, армиядаги кенг тарқалган зўравонлик ва янги чақирилувчиларни қўрқитилиши - кўпчилик ҳарбий хизматдан қочишининг асосий сабабларидан биридир.
2014 йилда Тожикистон армиясидаги "дедовшчина" қурбони бўлган 22 ёшли Шаҳбол Мирзоевнинг тақдири кўпчиликни ларзага солган эди.
Мирзоев Тожикистон Миллий университетини тамомлагач, ўз хоҳиши билан ҳарбий хизматга борган.
Унинг ота-онаси ўғлини даволатиш учун бор-будини сотиб Россияга олиб борган. Аммо, Мирзоев тузалмаган ва орадан 7 йил ўтиб вафот этди.
Тожикистон ҳукумати ўшандан бери армиядаги безорилик ҳолатларига қарши курашиш учун казармаларга камералар ўрнатиб, жиноятчиларни жазолаш орқали чора кўрганини айтди.