Линклар

Шошилинч хабар
03 феврал 2023, Тошкент вақти: 16:17

Афғонистон: Толибон журналистлар ва намойишчи аёлларни таъқиб қилмоқда


Мажбурий ҳижоб ўрашга қарши чиққан афғонистонлик аёллар.

Ўтган ҳафта афғон журналисти Кобулдаги ўз уйида шафқатсиз ҳужумга учради, хотин-қизлар ҳуқуқларини талаб қилиб чиққан намойишчи аёллардан икки нафари эса ҳибсга олинди.

Толибларнинг Афғонистонда иқтидорга қайтиши сўз ва оммавий ахборот воситалари эркинлигини хавф остига қўйди. Яқинда фаоллар ва журналистларга қарши амалга оширилган сирли ҳужумлардан сўнг жамоатчилик янада кўнгилсиз воқеалар ҳали олдинда бўлиши мумкинлигини ўйлаб хавотир ола бошлади, деб хабар бермоқда Озодликнинг афғон хизмати.

Ўтган ҳафтада журналистнинг ўз уйида шафқатсиз ҳужумга учраши, аёллар ҳуқуқлари ҳимоясини талаб қилиб чиққан намойишчиларни изидан кузатишлар ва қўлга олишга уринишлар ортидан вазият таҳликали бўлиб қолди.

Заки Каис 20 йил журналист бўлиб ишлаган ва август миёналарида толиблар Кобулни ишғол этганидан сўнг Khawar мустақил телеширкатидан кетган. 15 январь куни кимдир унинг дарвозасини тақиллатиб, ёрдамга чақирган. Заки ташқарига чиққанида эса унга номаълум кимсалар ҳамла қилганлар – журналист боши ва бўйнидан шикастланган.

“Кимдир сочимга чанг солди, бошқаси дарвоза табақасини мен томонга итарди. Шу зайлда бўйнимни дарвозанинг икки табақаси орасига олиб, сиқишди”, деди у Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Журналистга кўра, у қаттиқ бир буюм билан бошидан зарба еган ва дарвозани ёпиб олишга улгургани туфайли пичоқланишдан қутулиб қолган.

Каис ҳужум қилганларни танимаганини, лекин толиблар ва уларнинг маслакдошлари тарафидан бир неча марта таъқиб этилганини ва калтакланганини айтди. Ҳужумдан сўнг журналист қўрқувга тушиб, оиласи билан бирга қочган.

Толиблар ҳужум юзасидан изоҳ беришмаяпти, ОАВларни тамсил этувчи кузатувчилар эса тергов ўтказишни талаб қилмоқда.

“Афғонистондаги Толибон раҳбарияти журналист Заки Каисга ҳужум қилган кимсаларни топиб, жавобгарликка тортиш мақсадида тергов бошлаши лозим”, дея баёнот берди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг (ЖҲҚҚ) Осиё бўйича координатори Стивен Батлер 19 январь куни.

Каис фаолияти туфайли таъқиб ва ҳужумга учраган ягона афғонистонлик эмас. Сўнгги ойларда ўз ҳуқуқларини талаб қилиб норозилик намойишларига чиққан аёллар ўтган ҳафтада қуролланган шахслар тарафидан калтакланиб, бир нечаси қўлга олинди.

Қўлга олишларидан қутулиб қолганларнинг аксари ўз хавфсизлигини ўйлаб яширинган. Намойиш қатнашчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда 19 январда толиблар намойишчиларга қарши “облава” бошлаб, гумондаги аёлларни “аёзда” тутиб туришганидан сўнг, у бошқа бир қанча аёллар билан бирга кечаси уйидан чиқиб кетганини айтди.

Тамана Зарёбий Парёний ҳамда Парвона Иброҳимҳел, хабарларга кўра, ўша тунда ўзларини Толибон разведка хизмати ходимлари деб таништирган шахслар томонидан ҳибсга олинган. Аёллар Кобулдаги намойишларда, жумладан, 16 январь куни ҳижоб кийиб юришга қарши норозилик акциясида иштирок этганлар. Толибон полицияси намойишчиларни кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамида тарқатган.

Уч кун ўтгач ижтимоий тармоқларда Парёнийнинг видеоси ёйинланди: аёл одамлардан ёрдам сўрар, бу пайтда эшигини кимдир қаттиқ тақиллатарди.

“Илтимос, ёрдам беринглар, толиблар мени излаб келишди. Уйда мен ва сингилларим бор холос”, дея ёлворган у.

Парёний ва Иброҳимҳелнинг аҳволи ҳақида турли хабарлар келяпти: айрим афғон ОАВларига кўра уларни қўйиб юборишган, бошқалар эса аёлларнинг қаердалиги номаълумлиги ҳақида ёзишмоқда. Парёнийга қўшиб уч синглиси ҳам ҳибсга олинган, деган маълумот ҳам бор.

Толибон полицияси вакили Парёнийнинг видеоёзувини “саҳналаштирилган томоша” деб атади, бироқ Озодлик афғон хизматининг ушбу масала бўйича изоҳ олишга уринишлари зое кетди.

Кобулдаги мухбир: «Ҳар бир аёл қўрқувда»
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:54 0:00

Толибон разведка хизмати вакили эса Парёний ва Иброҳимҳелнинг ушлангани ҳақидаги хабарларни на тасдиқлади ва на инкор этди, аммо у Twitter да мужмал жавоб қолдирди.

“Афғон халқининг диний ва миллий қадриятлари таҳқирланишига ортиқ йўл қўйилмайди”, деб ёзди Холид Ҳамроз Кобулдаги намойишлар чоғида аёллар бурқани ёқишганини назарда тутиб.

Шунингдек, Ҳамроз ҳуқуқ ҳимоячиларини чет элдан бошпана олиш илинжида Толибонга туҳмат қилишда айблади.

Илк бор 1996–2001 йилларда Афғонистонни идора қилганида аёлларнинг ишлашини ва қизларнинг таълим олишини тақиқлаб қўйган, шафқатсиз тартиблари билан ном чиқарган Толибон экстремистик гуруҳи ўтган йили августда ҳокимиятга қайтгач, ислом тамойиллари ва миллий манфаатларга зид бўлмаслиги шарти билан фикр билдириш эркинлиги беришини билдирган эди.

Аммо аёллар ва қизларга нисбатан чеклов чоралари қайта жорий этилишига, жумладан, паранжи ёпиниш ва жамоат жойларига маҳрам эркак ҳамроҳлигида бориш мажбурийлиги ҳамда қизларнинг таълим олиши чеклаб қўйилишига қарши норозилик чиқишларига толиблар кўпинча зўравонлик билан жавоб берди.

Аёллар намойишларини ёритган мухбирлар ҳам қўлга олиндики, бу Афғонистонда мустақил ОАВлар хавфсизлиги ва истиқболи борасида тобора кўпроқ хавотир уйғотмоқда.

Августдан бери ўнлаб нашрлар ёпилиб, ҳар ўн журналистдан қарийб саккиз нафари бошқа иш қидиришга мажбур бўлди. Турли ташкилотлар маълумотига кўра, соҳада қолган журналистлар ҳам босим остида ва ўзини ўзи цензура қилган ҳолда ишлашда давом этмоқда.

Human Rights Watch яқинда эълон қилинган йиллик ҳисоботида афғон ОАВларига нафақат Толибон, балки “Ислом давлати” жангарилари ҳам таҳдид солаётганини, хусусан, улар бир неча журналистни ўлдиришганини билдирди.

Бироқ, охир-оқибат толиблар журналистларни ҳимоя қилиши керак, деб ҳисоблайди Афғонистон Эркин ОАВларни қўллаб-қувватлаш агентлиги юристи Носир Аҳмад Нурий.

“Афғонистонда содир бўлаётган барча воқеалар ортида Ислом амирлиги турибди. Улар жавобгарликка тортилмас экан, вазият шу зайл давом этаверади ва ОАВлар хавфсизлиги таъминланмай қолади, улар бирин-кетин ёпилади”, деди у Озодлик мухбирига берган интервьюсида.

XS
SM
MD
LG