Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2021, Тошкент вақти: 21:58

Толибон: Қўмондонлик занжири ва сиёсий идора - экстремистик гуруҳни ким ва қандай бошқаради?


Толибон жангарилари - Ҳирот, Афғонистон, 27 май, 2016

Толибон Афғонистондаги барча туманларнинг ярмидан кўпини эгаллаб олар экан, бу экстремистик гуруҳнинг Доҳада ўтказилган музокараларда берган ваъдалари бажарилмай қолмоқда.

2020 йил февраль ойида Толибоннинг «Сиёсий ишлар комиссияси» Доҳада АҚШ билан тузилган тинчлик битимида гуруҳ инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни ва ўз назорати остидаги ҳудудларга чет эллик жангариларни киритмасликни ваъда қилган эди.

Аммо Озодлик радиосининг афғон ва тожик хизматлари хабарларига кўра, Толибоннинг Афғонистонда хорижий жангарилар йўқ, деган иддаолари ёлғон. Аслида мамлакатда минглаб хорижий жангчи Толибон байроғи остида жанг қилаётгани, уларнинг аксари покистонликлар экани айтилмоқда.

“Human Rights Watch” ташкилоти яқинда Ғазни, Қандаҳор ва Афғонистоннинг бошқа вилоятларида Толибон жангарилари Афғонистон ҳукумати билан алоқаси борлиги гумон қилинган аскарлар, полиция ходимлари ва тинч аҳоли вакилларини ҳибсга олаётгани ва қатл қилаётганини билдирди.

Бу каби хабарлар Толибоннинг Доҳадаги сиёсий идораси жанг майдонларидаги қўмондонлари ва Толибон ҳарбий раҳбарлари тайинлаган ҳокимларга таъсир кўрсата олишига шубҳа туғдиради.

«Толибон қўмондонлиги ва бошқаруви ҳақидаги энг муҳим савол ҳақида ҳозир маълумотимиз жуда оз», деди Афғонистондаги хавфсизлик бўйича мутахассис Тед Каллахан.

«Савол Доҳада Афғонистон ҳукумати билан музокара олиб бораётган толиблар жанг майдонидаги тўқнашувларни аслида қай даражада назорат қила олиши билан боғлиқ».

Бошқарув ва назорат

Озодлик радиоси саволларига жавобан Толибон матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид Доҳадаги сиёсий ишлар комиссияси сўнгги ойларда катта ҳудудларни эгаллаб олган жангчиларни тўғридан-тўғри назорат қила олмаслигини айтди.

Мужоҳид Озодликка электрон мактуб юбориб, Доҳадаги сиёсий идора Толибон олий лидери Малавий Ҳибатуллоҳ Охундзода бошқаруви остида вазирлар маҳкамаси бўлиб хизмат қиладиган йигирмага яқин комиссия ва идоралардан бири эканини тушунтирди.

Мужоҳиднинг айтишича, Толибон раҳбарияти таркибидаги алоҳида бўлинма бўлмиш «Ҳарбий ишлар комиссияси» ҳаракатнинг бутун ҳарбий қўмондонлик занжирини вилоят ва туман даражасигача назорат қилади.

Унинг сўзларига кўра, Охундзода Толибоннинг диний, сиёсий ва ҳарбий масалалар бўйича олий раҳбаридир. Котиб Охундзоданинг учта ўринбосари борлигини қўшимча қилди.

Сиёсий ишлар бўйича ўринбосар мулла Абдул Ғани Бародар «Сиёсий ишлар комиссияси»ни бошқаради ва Доҳадаги Толибон музокарачилар гуруҳига етакчилик қилади.

Раҳбарнинг жанубий вилоятлар бўйича ўринбосари Мулла Муҳаммад Ёқуб толибларнинг асосчиси Мулла Муҳаммад Умарнинг ўғлидир. У, шунингдек, толибларнинг ҳарбий операцияларини бошқаради.

Охундзоданинг шарқий вилоятлар бўйича ўринбосари Сирожиддин Ҳаққоний «Ҳаққоний» деб номланувчи гуруҳга етакчилик қилади.

Мужоҳиднинг таъкидлашича, Толибоннинг ҳарбий қўмондонлиги Ёқуб ва Ҳаққоний ҳукмронлик қиладиган «Ҳарбий ишлар комиссияси»га бўйсунади.

Толибоннинг туман даражасидаги ҳар бир қўмондони вилоят қўмондонига бўйсунади.

Мужоҳид Озодликка ҳар бири камида учта вилоят қўмондонлигига жавоб берадиган еттита минтақавий «доира» борлигини айтди.

Ушбу минтақавий «доираларни» «Ҳарбий ишлар бўйича комиссия» раҳбарининг иккита ўринбосари назорат қилади. Бири Толибон «ғарбий зона» деб номлайдиган 21 вилоятига масъул, иккинчиси эса «шарқий зонадаги» 13 провинциядаги қўмондонликни назорат қилади.

Толибон «Ҳарбий ишлар комиссияси», шунингдек, Толибон тузаётган ҳукуматдаги барча вилоят ва туман «ҳокимларини» тайинлаш ва назорат қилиш учун масъулдир.

Лозим бўлган ўзгаришлар

Таҳлилчиларнинг айтишича, Толибоннинг ҳозирги раҳбарлик тузилмаси 2001 йилдан буён шаклланиб келган. Бошида маҳаллий жангари қўмондонлари бирлашмаси ўлароқ иш бошлаган гуруҳ нисбатан уюшган сиёсий ва ҳарбий ҳаракатга айланган.

Раҳбариятдаги асосий ўзгаришлар 2013 йилда Толибон асосчиси Мулла Умар вафотидан кейин содир бўлган. Унинг ўлими ортидан Толибонни рақиб гуруҳларга бўлиниб кетган.

Аслида бу бўлинишлар паштун қабилалари ўртасидаги курашининг давоми бўлган.

Бир тараф Умарнинг ўғлини Толибоннинг навбатдаги олий раҳбари этиб тайинлашни қўллаган. Бу гуруҳнинг Афғонистон ғарбида ва жанубида издошлари бор. Шунингдек, бу гуруҳ Толибоннинг маслаҳат ва қарор қабул қилиш бўйича энг юқори раҳбарлик кенгаши – «Раҳбари Шўро» ёки «Кветта Шўроси»га ҳукмронлик қилади.

Бошқа тарафда Афғонистон шарқи ва Покистонда жойлашган, Ҳаққоний тармоғига алоқадор Толибон қўмондонлари бор. Ушбу гуруҳ Покистоннинг шимоли-ғарбий қисмида «Пешовар Шўро» ҳамда Покистоннинг Шимолий Вазиристон қабилавий минтақасида «Миран Шоҳ Шўро» деб номланувчи маслаҳат кенгашлари билан алоқадор.

АҚШ Тинчлик институти (U.S. Institute for Peace, USIP) 2019 йилда ўтказган тадқиқотда Мулла Умар вафотидан кейин Толибон гуруҳлараро бўлинишларни озайтириш учун ўз қўмондонлик тузилмасини қандай такомиллаштиргани тасвирланган.

Институт ҳисоботида айтилишича, бирлашган ҳарбий ва сиёсий ҳаракатни тузиш орқали Толибон «катта ҳудудларни эгаллаб олишга ва бошқаришга муваффақ бўлиб келмоқда».

Бунинг учун гуруҳ «яширин» бошқарув тизимини яратган. Бу эса турли гуруҳларнинг ҳарбий қўмондонларига ўз назоратлари остидаги ҳудудда яширин ҳукумат «амалдорларини» тайинлаш имконини берган.

Бунга қарамасдан, USIP ҳисоботида Толибоннинг яширин бошқарув тизими «нотекис ва вақтинчалик» бўлиб келмоқда, дея хулоса қилинди. Натижада «алоҳида қўмондонларнинг хоҳиш-истаклари, маҳаллий урф-одатлар ва Толибоннинг жамиятдаги кучидан келиб чиққан ҳолда» турли қоидалар ишлаб чиқилган.

«Толибон раҳбариятидан тортиб, маҳаллий қўмондонларгача Афғонистонда ҳаракатнинг сиёсатини яратиш ва шакллантиришда муҳим рол ўйнаб келади», дейилади ҳисоботда. «Толибон сиёсати йўналиши ҳам пастдан юқорига, ҳам юқорида пастга қаратилган бўлиб, раҳбарият қоидаларни майдондаги жангчилар ва қўмондонлар билан тенг шакллантиради».

Каллаханнинг айтишича, Толибон ҳозирги бошқарув ва назорат тузилмасини сақлаб қола олиши ёки йўқлиги Афғонистон келажагига таъсир кўрсатадиган асосий омилларнинг биридир.

Бугунги Толибон

«Агар уларни жуда оддий қилиб таърифлайдиган бўлсак, ҳозирги кунда Толибон норози афғонлардир», деди Каллахан Озодлик билан суҳбатда.

У мамлакатда минглаб афғон бўлмаган толиб жангчилари борлигини қўшимча қилди.

«Улар энди пуштун этно-миллатчилик ҳаракати эмас», дея тушунтирди Каллахан.

«Гуруҳ 90‑йилларга қараганда анча хилма-хил».

Қароргоҳи АҚШда жойлашган Демократиялар ҳимояси учун жамғармасининг (Foundation for Defense of Democracies, FDD) катта илмий ходими Билл Рожио Толибоннинг 2020 йилги Доҳа музокараларида инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва хорижий жангариларни ўз назорати остидаги ҳудудларга киритмаслик борасида қилган ваъдаларга ишонмайди.

Рожио бугунги толиблар ҳали ҳам Афғонистон Ислом Амирлигини тузишга ва мамлакатда шариатнинг қатъий версиясини жорий қилишга уринаётганини айтди.

Аммо Рожио 90-йиллар охирида Афғонистоннинг кўп қисмини назорат қилган Толибон билан бугунги Толибон ўртасида муҳим фарқлар борлигини айтди.

«Толибон асосан афғонлардан иборат», деди Рожио Озодликка берган интервьюсида.

«Унда афғонлар ҳукмрон. Аммо бу масала Покистонда ҳам, Афғонистонда ҳам фаолият юритадиган Ҳаққоний тармоғи каби гуруҳлар туфайли бироз мураккаблашди».

«Кўп сонли этник ўзбеклар ва тожиклар, ҳатто туркманлар, баъзи ҳолларда ҳатто бугунги кунда ... Толибонга кирувчи этник ҳазоралар ҳам бор», деди Рожио.

«Сўнгги йилларда Толибон бу жамоаларга чуқур кириб борди. 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши уюштирилган террор ҳужумидан олдинги Толибон билан бугунги Толибон ўртасида катта фарқ бор».

Унинг айтишича, Афғонистонда Толибон ҳаракати учун жанг қилаётган минглаб хорижий жангари орасида «Ал-Қоида» таркибига кирувчи, Яқин Шарқ минтақасидан келган, шунингдек, Покистон ва Марказий Осиёдан борган жангарилар бор.

Дарҳақиқат, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Таҳлилий қўллаб-қувватлаш ва санкциялар мониторинги жамоасининг (Analytical Support and Sanctions Monitoring Team) сўнгги ҳисоботида Афғонистонда тахминан 85 минг фаол Толибон жангчи борлиги, уларнинг 10 мингга яқини хорижий жангарилар экани айтилади.

Ҳисоботда қайд этилишича, уларнинг 6.5 мингга яқини Покистон фуқароларидир. Қолганлари эса Марказий Осиё, Чеченистондан борган ёки Яқин Шарқдаги «Ал-Қоида» қолдиқларидир.

Озодлик радиоси тожик хизмати Афғонистон шимолида толиблар тожикистонлик жангарилар қўмондонини яқинда босиб олинган беш чегара туманига раҳбар этиб тайинлаганини ҳужжатлаштирди.

Маҳди Арсалон тахаллуси билан танилган 25 ёшли қўмондон Тожикистон шарқидаги Рашт водийсида жойлашган Шербегиён қишлоғида туғилган.

Арсалон ва унинг жангарилари Афғонистонда «тожик толиблари» номи билан танилган.

Аслида эса улар бундан ўн йил муқаддам Тожикистон мухолифати қўмондони томонидан Душанбедаги ҳукуматни ағдариш мақсадида ташкил этилган «Жамоат Ансоруллоҳ» гуруҳининг аъзоларидир.

«Жамоат Ансоруллоҳ» Тожикистонда террорчи гуруҳи сифатида тақиқланган.

Яқинда Озодлик радиосининг Афғонистон шимоли-ғарбидаги мухбирлари «Ўзбекистон исломий ҳаракати» билан алоқадор ўзбек жангарилари борлиги ҳақида хабар берган эди.

Бадғис вилояти ҳокими Ҳосамуддин Шамс Озодликка берган интервьюсида ўзбек жангарилари мамлакат шимоли ва ғарбида Толибон жангларига раҳбарлик қилаётганини айтди.

Шамснинг айтишича, 2018 йилда 80 га яқин ўзбек жангарининг оиласи Покистондан Бадғис вилоятига ўтган ва ҳозирда Боламурғоб туманида яшамоқда.

Унинг сўзларига кўра, ўзбек толибларининг аксарияти «Ўзбекистон исломий ҳаракати» жангарилари фарзандларидир. 2001 йилда «Ўзбекистон исломий ҳаракати» жангарилари Покистонга қочиб ўтган эди.

Афғонистоннинг шимолий қўшнилари марказий осиёлик толиблар бир кун ватанларига қайтиб, қўзғолон бошлашга уринишидан хавотирда.

Афғонистон шимолидаги АҚШ махсус кучларининг собиқ маслаҳатчиси Каллаханнинг айтишича, Толибоннинг ўз сафларида хорижий жангарилар йўқ, деган даъвоси ҳақиқатдан йироқ.

Мирзиёев ҳукумати ва Толибон мулоқоти. Ўзбекистон эртаси таҳликадами?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:18 0:00

«Афтидан, улар ўзлари эгаллаб олган барча ҳудудни бошқаришга ҳозирда ишчи кучи етишмаётгани учун бу жангчиларни ишлатмоқдалар», деди Каллахан Озодлик билан суҳбатда.

«Сўнгги ойларда шимолда Толибон амалга оширган блицкриг давомидаги жангларда хорижий жангарилар қатнашгани ҳақида хабарлар бор, чунки кўп ҳолларда афғон ва покистонлик жангчилар сони етарли бўлмаган», дея тушунтирди у.

Каллахан Афғонистон шимоли-шарқидаги Бадахшон вилоятида Хитойдан борган уйғур жангарилар Толибон сафларига қўшилгани ҳақидаги хабарлар Пекинни хавотирга солганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Толибон ўз сафларида хорижий жангарилар борлигини инкор этишда давом этади.

«Хитой келажакда Афғонистонда роль ўйнаши мумкин», деди у.

«Пекин келгусида ё Афғонистон ҳукумати ёки Толибон ҳокимиятга келиши ҳақида гаров қўяётган кўринади. Афтидан, улар иккала гуруҳ билан ҳам ишлашга тайёр».

«Толибон билан чет эллик жангчилар ишлаётгани, хусусан, улар орасида уйғур жангарилар борлиги келажакда Толибон – Хитой муносабатларига таҳдид солади», дея хулоса қилди у.

Толибон ва Афғонистон хавфсизлик кучлари

Қоғозда аскарлари сони ва қурол-аслаҳаси бўйича Афғонистон миллий хавфсизлик кучлари Толибондан устун.

Аммо таҳлилчилар қоғоздаги вазият бошқа, жанг майдонидаги вазият бошқа эканини айтмоқдалар.

Мудофаа вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги қўмондонлиги остидаги қўшинларни ҳисобга олганда, Афғонистон хавфсизлик кучлари қўшинлари сони мамлакатда фаолият юритаётгани тахмин қилинаётган Толибон жангчиларидан камида уч бараварга кўп.

Афғонистонни қайта тиклаш бўйича махсус инспектор (Special Inspector General for Afghan Reconstruction, SIGAR) Конгрессга тақдим этган сўнгги ҳисоботда Афғонистон миллий хавфсизлик кучлари қўшинларининг умумий сони (махсус кучлар, ҳаво кучлари, полиция ва разведка зобитларини ҳисоблаганда) 307 мингга яқин эканини таъкидлади.

Виржиния штатининг Арлингтон шаҳридаги CNA тадқиқот ташкилотининг хавфсизлик бўйича мутахассиси Жонатан Шроденнинг ҳисоб-китобларига кўра, Афғонистон ҳукумати исталган кунда сафарбар қилиши мумкин бўлган қўшинлар сони 180 мингга яқиндир.

Афғонистон армиясини АҚШ яхши таъминлаган. Вашингтон 2001 йил охирида Толибон тузуми ағдарилганидан бери Афғонистон хавфсизлик кучларини кучайтириш, жиҳозлаш, ўқитиш ва қўллаб-қувватлаш учун 83 миллиард долларга яқин маблағ сарфлаган.

Афғонистон армияси АҚШдан зирҳли машиналар, самолётлар ва ҳужум вертолётлари, артиллерия, автоматлар, тунда кўриш кўзойнаклари ва кузатув дронларини олган.

SIGAR ҳисоботига кўра, Афғонистон ҳарбийларининг 167 та ҳаво техникаси, шу жумладан, ҳужум вертолётлари бор.

Аммо охирги йигирма йил мобайнида Кобулга етказиб берилган қуроллар ва ҳозирги кунда мавжуд бўлган жанговар қуроллар ўртасида катта фарқ бор.

Афғон арсеналининг ҳозирги ҳолати ҳақидаги маълумотлар сир сақланмоқда.

Аммо гувоҳлар сўзлари шуни кўрсатадики, йиллар давомида Афғонистон ҳукумати ва ҳукуматни қўллаб-қувватловчи қўшинларга берилган техника ва қурол-яроғнинг аксар қисми яроқсиз ҳолга келган ёки толиблар қўлига ўтган.

Рожио ва Каллахан Толибон қуролларининг асосий манбаси Афғонистон ичида, деган фикрда.

Толибон қуроллари орасида улар яқинда қўлга киритган қурол ва ускуналар, шу жумладан, афғон ҳарбийларига берилган автоматлар, транспорт воситалари ва тунда кўриш кўзойнаклари бор.

Шунингдек, толибларда 1980-йиллардаги Афғон урушидан кейин мамлакатда урчиган ўқ ва енгил қуроллар, масалан, советлар томонидан ишлаб чиқарилган АК-47 автоматлари, ракета ва миномётлар ҳам бор.

Кичик ракеталар, худкушлик хуружлари ва қўлбола портловчи қурилмалар Толибон қўллайдиган энг хавфли қуроллар қаторига киради.

Мутахассисларнинг фикрича, минтақадаги "қора бозор" ҳам Толибон учун қурол манбасига айланган.

XS
SM
MD
LG