Линклар

Шошилинч хабар
07 июл 2022, Тошкент вақти: 02:31

Тўпаланг ГЭСда техноген ҳодиса: Сардоба "қаҳрамонлари" воқеа жойига борди


Сурхондарёдаги Тўпаланг ГЭСи.

22 июнь куни эрталаб тармоқларда Ўзбекистон жанубидаги Тўпаланг сув омборидан сув тошгани айтилган ва атрофдаги аҳоли уйларини ташлаб чиқаётгани акс этган видеолар тарқалди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарида айтилишича, шу куни соат 08:14 ларда Тўпаланг сув омборидан чиқаётган сув кескин кўтарилган.

Вазирлик омборга сув қуйилишининг режавий миқдори секундига 70 куб метр бўлиб, ҳозирги вақтда бу миқдор 110 куб метрни ташкил қилмоқда. Гидроэлэктр иншоотининг лойиҳаси сиғими эса 400 миллион куб метр бўлиб, ҳозирда омборда 378,8 миллион куб метр сув бор.

Вазирликнинг иддаосича, сув омборининг мустаҳкамлигига зиён етмаган, айни вақтда чиқарилаётган сув ҳажмини мўътадиллаштиришга ҳаракат қилинмоқда.

«Ўзбекгидроэнерго» ширкати эса мазкур вазиятда иншоотнинг пастки қисмидан катта ҳажмда сув чиқишига ГЭСнинг иккинчи компонент иншоотидаги сув қувури тўсини шикастланиши сабаб бўлгани ҳақида маълум қилди.

Мазкур иншоот директори Асрор Улуғов ҳамда Сариосиё тумани туман ФВБ бошлиғи «ваҳимага ва аҳолини эвакуация қилишга ҳожат йўқлигини» таъкидлашди.

«Бугун ижтимоий тармоқларга чиққан Тўпаланг сув омбори ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида соат 10:28 да жонли эфирда чиқяпман. Мана, сув омборида кўриб турганингиздек ҳаммаси жойида.

Ҳар доимгидек назорат ўлчов ишлари олиб борилиб, сув омборида ҳеч қандай [фавқулодда] ҳолат бўлгани йўқ», — деди иншоот раҳбари Асрор Улуғов.

Сардоба "қаҳрамонлари" воқеа жойида

Озодлик илтимосига кўра ҳодиса жойига борган ҳуқуқ фаоли тўсин шикастланиши туфайли тошқин юзага келган жой Тўпаланг тўғонидан қарийб 2 километр пастдаги 2-гидроиншоотда рўй бергани, бу аҳоли учун хавфсиз эканини айтди.

“Сардобадаги фожиа қўрқуви кишиларимиз онгидан кетгани йўқ. Шу боисдан одамлар бироз саросимага тушган” дейди ҳуқуқ фаоли.

Бир қанча оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат комиссияси воқеа жойига етиб боргани ҳақида ёзмоқда, аммо бу борада расмий баёнот берилмади.

Бироқ «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик компанияси бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов Сариосиёда экани ҳақида ширкат вакиллари маълум қилди. Тушга яқин оммавий ахборот воситалари орқали чиқиш қилган Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов аҳолини тинчланишга, ҳар-хил уйдирма ва бўҳтонларга ишонмасликка чақирди.

Манбаларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ачилбой Раматов бошчилигида комиссия тузилган, иншоотнинг техноген ҳолати ўрганилмоқда.

Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан терговолди суриштирувлари бошланган.

Ҳодисага “Ўзбекгидроэнерго” изоҳи

Мазкур иншоот бунёдкори “Ўзбекгидроэнерго” ширкати вазиятни қуйидагича изоҳлади: “Модернизация лойиҳаси доирасида синов ишлари олиб борилаётган босимли сув қувури тўсини шикастланиб, қўшимча 40 метр секунд атрофида сув миқдори ГЭС биноси орқали чиққан. Барча кучлар сафарбар қилиниб, айни вақтда муаммо бартараф этилмоқда.

Тўпаланг ГЭСда модернизация қилиш ва ГЭС қувватини 30 МВтдан 175 МВтга ошириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, модернизация жараёнида босимли сув қувурига ўрнатилган вақтинчалик тиқиннинг шикастланиши натижасида сониясига 40 куб метр сув сизиб чиққан».

"Илтимос, АЭС қурманглар!"

Тўпаланг ГЭСдаги ҳодиса боис 2020 йил майидаги Сардоба техноген фожиаси ҳамда мамлакатдаги сув омборлари хавфсизлиги яна бир марта ижтимоий тармоқлар кун тартибига чиқди. Расмийларнинг аҳолини тинчлантиришга чақирган баёнотларига қарамай ижтимоий фаоллар ҳукуматнинг техноген ҳодисалар қаршисидаги заифлигига эътибор қаратган.

Блогер Ақида Ханум: “Илтимос, бизаникилар дамба қурмасин! АЭСни умуман унутинглар. Одам қўрқяпти” деб ёзди.

Риштонлик фаол Дима Қаюм эса ҳодисага муносабат билдираркан, расмийларга: “Майли, мен, болаларим, невараларим шамда ўтирсин фақат АЭС қурманглар!)” дея хитоб қилади.

Ижтимоий тармоқ фаоли Муҳаммад Шакур эса: “Давлат машинаси халқни "қовоғига қараб" ишласа ишлар бир кўриниш олади, битта одамни қовоғига қараб фаолият юритса – умуман бошқача кўриниш. Яъни халқнинг кайфияти муҳим бўлса ишлар ўша халқ манфаати учун бўлади, ва давлат машинаси халқдан қўрқиб туради, битта одамнинг кайфияти аъло бўлса нима қилиб бўлса ҳам ҳамма ишни ўша – битта одамга ёқиш, унинг кайфиятини туширмаслик учун қилинади.

“Нима бўпти” дейиши мумкин кимдир, демак ўша кимдир тушунмайдики, бунда халқ – давлатни таъсис этган субъект – доимий хавф ва таҳлика остида яшайди, тақдири савол остида бўлади” деб ёзди.

Расмийлар изоҳини савол остида қолдиган фаол Мусанниф Адҳам эса: "Сизиш" деганда сувнинг секин-аста, милдираб, билинар-билинмас оқиб чиқишини тушунардим. Бугун ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода эса "Тўпаланг"нинг қайсидир иншоотидан сув шовиллаб тошиб чиқаётганини кўрдим. Буёғига "оқ"ни "қора", "рост"ни "ёлғон"га алмаштириб гапирамиз, шекилли” дейди.

Сардоба фожиаси бўйича давом этаётган сирли маҳкама

Номи сир қолишни истаган суд ходимига кўра, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Сардоба иши бўйича қўзғатилган иккинчи жиноят иши бўйича маҳкама жараёнлари бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг ўзлаштириш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва тоғ-кон саноати қурилиши меъёрларига риоя этмасликда айбланаётган 19 киши устидан олиб борилаётган маҳкама иши ёпиқ тарзда кўрилмоқда.

Жиноят иши материалларига кўра, судланувчилардан чорак триллион сўмдан ортиқ миқдордаги зарар ундирилган.

Иш якунлари бўйича Бош прокуратуранинг қўшимча маълумот бериши кўзланган.

2021 йилнинг 10 май куни Ўзбекистон Республикасининг Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 2020 йилнинг 1 майи тонгида содир бўлган Сардоба техноген ҳалокатида айбланган 16 нафар шахсга нисбатан ҳукм ўқиган.

  • 2020 йилнинг 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида, расмий маълумотларга кўра, 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган.
  • Тўғон ёрилиши оқибатида юз берган тошқин Ўзбекистон тарихидаги энг йирик аҳолини эвакуация қилиш амалиётига сабаб бўлди - юз минглаб одам хавфсиз ҳудудга кўчирилди.
  • 2021 йил 10 май куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ёпиқ суд мажлисида «Сардоба иши» бўйича 17 кишига ҳукм ўқиди.
  • Уларнинг барчаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “в” бандлари, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 258-моддаси (тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.
  • Суд ҳукмига кўра, “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” бош директорининг собиқ ўринбосари М. Холматов 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.Қолган судланувчиларнинг аксари жарима билан қутулган. Қамалганлардан айримларининг яқинлари Озодликка Сардоба фожиасининг асл айбдорлари жазодан қутулиб қолганини айтишган. Бу каби фикр Ўзбекистондаги жамоатчилик ва тармоқ фаоллари орасида ҳам кенг тарқалган.
  • 2009—2017 йилларда Сирдарё вилоятидаги Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи оқиб ўтган ҳудудда барпо этилган Сардоба сув омбори лойиҳасига давлат бюджетидан 1,3 трлн сўм маблағ сарфланган (2017 йил 1 январидаги Марказий банк айирбошлаш курси бўйича 404,4 млн АҚШ доллари- таҳр.).
  • Таҳлилчилар расмий матбуотда "аср лойиҳаси" деб аталган Сардоба сув омборидаги фожиада коррупциянинг ўрни алоҳида тергов қилиниши кераклигини айтишган. Президент Мирзиёевнинг ўзи 2020 йил 5 май куни Сардоба тошқини оқибатларини бартараф этишга бағишланган мажлисда фожиада коррупциянинг роли борлигини тан олган.
Сардобадан бир йил ўтиб: Сув остида қолган сирлар. Озодлик суриштируви
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:26:21 0:00

XS
SM
MD
LG