Линклар

Шошилинч хабар
27 июн 2022, Тошкент вақти: 20:31

Тоқаев Пекинга борди. Бу унинг январь воқеаларидан буён хорижга илк сафаридир


Қасим-Жомарт Тоқаев Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан Пекинга ташрифи чоғида, 11 сентябрь, 2019

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ишчи ташриф билан Пекинга келди. Тоқаевнинг матбуот хизмати маълум қилишича, 4 февраль куни у қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этади – маросимга уни Хитой раҳбари Си Цзиньпин таклиф қилган.

5 февралда Тоқаев билан Си Цзиньпин ўртасида музокаралар ўтказилиши кутилмоқда, учрашувда “икки мамлакатнинг барча соҳаларда стратегик ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари” муҳокама қилиниши белгиланган.

Бу камида 227 киши нобуд бўлган январь воқеаларидан сўнг Тоқаевнинг илк хорижий сафаридир. Ўтган ой аввалида бутун мамлакатни қамраб олган тинч норозилик бир неча шаҳарда талон-торож, тўполонлар ва хунрезликка уланиб кетди. Қозоғистон расмийлари “ташқи тажовуз” ва чет элда етиштирилган “террорчилар ҳужуми”дан баҳс этишса-да, ишончли далил келтиришгани йўқ.

Тоқаев яна, мамлакатда ҳокимиятни куч билан босиб олишга уриниш бўлганини иддао қилди, бироқ муҳтамал ташкилотчилар исмларини тилга олмади, давлат телеканалига берган интервьюсида эса “тергов тугамасдан шов-шув кўтариш”ни хоҳламаслигини айтди.

Расмий Пекин Тоқаевнинг Қозоғистондаги тартибсизликлар аллақандай халқаро террорчилар кўмагида давлат тўнтаришини амалга оширишга уриниш натижаси бўлгани ҳақидаги иддаоларини дастаклаб, шу баҳонада минтақада терроризмга қарши ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга чақирди.

Хитой раҳбарлик қиладиган, Қозоғистон ва Россия ҳам аъзо бўлган хавфсизлик ва иқтисодий масалалар бўйича минтақавий блок – Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти (ШҲТ) вакиллари Қозоғистондаги зўравонликлар терроризм, сепаратизм ва диний экстремизмга қарши курашни кучайтириш зарурлигига далолат беришини таъкидладилар; шу билан бирга, улар ШҲТнинг минтақадаги иштирокини кенгайтиришни таклиф қилишди.

Ғарб мамлакатлари, хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Австралия ва Канада Пекин Олимпиадасига дипломатик бойкот эълон қилди. Мазкур қарорга Хитой ҳукумати Шинжон вилоятида туб аҳоли – аксари ислом динига эътиқод қилувчи уйғур, қозоқ, қирғиз ва бошқа халқларни камситаётгани ва таъқиб этаётгани сабаб бўлди. Қатор халқаро ташкилотлар ва бир қанча давлатлар ҳукуматлари ХХРнинг Шинжондаги сиёсатини “геноцид” деб баҳолаган.

Қишки Олимпия ўйинлари 4 февралдан 20 февралгача бўлиб ўтади. Маълум қилинишича, мусобақаларда 95 мамлакатдан тўрт мингдан ортиқ спортчи қатнашиши кутилмоқда. Қозоғистонни Олимпиадада 34 нафар спортчи тамсил этади.

XS
SM
MD
LG