Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:27

HRW: Қозоғистон ҳукумати қийноқ даъволарини тергов қилиши ва ўзбошимчаликни тўхтатиши лозим


Human Rights Watch халқаро ташкилоти Қозоғистон ҳукуматини қийноқлар ҳақидаги даъволарни синчиклаб тергов қилишга ва намойишлар чоғида ва ундан кейин қўлга олинган фаоллар ва бошқа инсонларнинг ҳуқуқлари бузилишига чек қўйишга чақирди.

Ҳуқуқбонларга кўра, агар Нур-Султон қўл қовуштириб турадиган бўлса, январь воқеалари бўйича халқаро тергов ўтказилиши лозим.

HRWнинг 1 февраль куни эълон қилинган баёнотида айтилишича, ташкилот тинч намойишчилар ва бошқа фуқаролар полиция томонидан “ўзбошимчалик билан ҳибсга олингани”, улардан айримларига шафқатсиз муносабатда бўлингани, жумладан электрошокер ва резина таёқлар билан қийноққа солинганига доир ўнлаб ҳолатлар ҳақида “ишончли хабарлар” олган.

“Қозоғистонда тинч намойишлар иштирокчиларининг ўзбошимчалик билан қўлга олиниши ва уларга нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлиниши чуқур хавотир уйғотмоқда. Қозоғистон ҳукумати мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларига дарҳол чек қўйиши, қўлга олинган ҳар бир шахснинг ҳуқуқларини таъминлаши, уларни калтаклаган ва қийноққа солганларни жавобгарликка тортиши шарт”, дейди “HRW”нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳю Уилямсон.

HRW вакиллари 3 ва 4 январь кунлари Олмаотада қўлга олинган ва кейин озод этилган одамлар, уларнинг адвокатлари ҳамда оммавий тартибсизликларда қатнашганликда айбланаётган бир маҳбуснинг яқин қариндоши дохил 12 нафар қозоғистонлик билан суҳбатлашганлар. Шунингдек, ҳуқуқбонлар ОАВларда эълон қилинган хабарлар ва ҳукуматнинг расмий баёнотларини ҳам ўрганиб чиқишган.

Мазлумлар сўзлаганда

Олмаоталик 55 ёшли турғун 3 январь куни жанаўзенликларни дастаклаш учун бошқалар билан бирга намойишга чиққан куни қўлга олинганини айтиб берган.

“Эндигина чамаси 200 қадам юрган эдик, йўлимизни “спецназ” тўсди. Улар бизни кутиб туришган экан. Қўлимизда плакатлар йўқ эди... Бизни полиция идорасига олиб боришди... Руҳий босим ўтказишди”, деган жамоат фаоли.

Ҳибсга ташланган бир эркак қўлга олинганларга қариндошларига қўнғироқ қилиш ва ўзларини ҳимоя қилиш учун адвокат ёллашга рухсат берилмаганини маълум қилган. Уларнинг манфаатларини тамсил этиши учун давлат томонидан адвокат тайинланган.

Кўчаларда ушланган бир неча киши полицияда бир неча соат сўроқ беришганини, сўнгра онлайн мажлисда суд уларга “ноқонуний йиғин” иштирокиси ўлароқ 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини белгилаганини айтган. Яна бир киши айблов эълон қилмасдан бир ҳафтага яқин қамоқда сақлашганини билдирган.

“Бу ҳибслашлар одамларнинг йиғилишлар ўтказиш ва сўз эркинлиги сингари асосий ҳуқуқларига мудохала қилинганини кўрсатади”, дея урғулайди Human Rights Watch.

Яна бир фаол ҳибсдалигида уни калтаклашганини даъво қилган.

“Олти кишилик камерада саккиз киши бор эди. Биз ерда ётардик. Полициячилар бизни ҳақорат қилишар, пештаҳам сўзлар билан сўкишарди. Мен қийноққа солинаётган, калтакланаётган одамларнинг оҳларини ўз қулоғим билан эшитдим... Фарёдлар кечаю кундуз тинмасди. Ҳар гал камерадан чиқишимиз билан бизни уришарди. Полиция ёлғон кўрсатув беришга мажбур қилди. Камерадошларимдан айримларининг бошларига қоп кийгизиб қўйишди”, деган ўз ҳикоясида қийноққа солинган фаол.

Олмаоталик икки адвокат улар ҳимоя қилган шахсларни ҳибсда калтаклашганини ва қийнашганини маълум қилган.

Хусусан, адвокат Жанара Балгабаева ҳимоясидаги икки киши билан бир неча кун учраша олмаганини, фавқулодда ҳолат тартиби жорий этилиб, полиция бўлинмалари ҳарбийлар томонидан қўриқланган шароитда қўлга олинган шахслар ҳақида маълумот олиш имкони бўлмаганини айтган.

Адвокат Галим Нурпеисов ниқоб кийган полициячилар унинг ҳимоясидаги фаол Муратбек Есенгазини аёвсиз калтаклаганидан арз қилган.

“У адвокати йўқлигида саволларга жавоб беришдан бош тортганидан сўнг қарийб 10 дақиқа давомида ўнг сони ва буйракларига резина таёқ билан тўхтовсиз уришган”, деган Нурпеисов.

Олмаота вилоятининг Бесагаш қишлоғида яшовчи 58 ёшли Есенгази 27 январь куни ҳибсдан чиқарилган, аммо ундан оммавий тартибсизликларда иштирок этиш айблови олиб ташланган эмас. Фаол саккиз йилгача муддатга қамалиши мумкин.

“Ортиқча куч ишлатилган”

HRW, шунингдек, фаол Сергей Шутовнинг Атирау шаҳрида қўлга олинганлар оммавий калтаклангани ҳақидаги маълумотларини ҳам келтиради.

Халқаро ташкилот ўз баёнотида Озодлик қозоқ хизматининг Жасулан Анафияев ҳақидаги видеоматериалига ҳавола берган: серфарзанд ота бўлмиш Анафияев январь воқеаларидан сўнг уйидан олиб кетилиб, рухсат этилмаган митингда иштирок этиш айблови билан маъмурий қамоққа олинган ва бир неча кундан сўнг оиласига унинг жасади берилган эди. Анафияевнинг ўлим гувоҳномасида у “сурункали панкреатит”дан вафот этгани қайд этилган.

Бундан ташқари, HRW археолог Ерлан Жагипаровнинг ўлими воқеасига ҳам эътибор қаратган. 6 январь куни у Миллий гвардия ходимлари ушлашгани ҳақиа дўстига хабар беришга улгурган. 12 январда эса Жагипаровнинг укаси моргдан унинг ўлигини олиб чиққан: археолог жасади кишанбанд ҳолатда бўлгани ва танасида кўплаб калтак излари қолгани айтилади. Жагипаров ўлимига расман “ўқотар қуролдан яраланган”и сабаб қилиб кўрсатилган.

Қизилўрдалик фаол Айтбай Алиев журналистларга 5 январь куни полиция унинг отасини уйдан олиб чиқиб кетганини, 9 январда эса шаҳар моргидан отасининг бошида жиддий жароҳат излари бор жасадини олганини сўзаб берган.

25 январь куни Қозоғистон Бош прокуратураси терговчиларнинг хатти-ҳаракатлари устидан 109 та шикоят тушганини ва бу аризалар бўйича 21 та иш очилганини маълум қилди. Прокуратурага кўра, қийноқ даъволарига оид еттита иш бўйича тергов давом этмоқда, яна 20 та аризада кўрсатилган ҳолатлар ўрганилмоқда.

“Қозоғистон ҳукумати ўзбошимчалик билан ҳибсга олишларни дарҳол тўхтатиб, ҳануз ҳибсда қолаётганларни озод этиши, одамларнинг калтакланишига ва маҳбуслар билан шафқатсиз муносабатда бўлинишига чек қўйиши, шунингдек ўз фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқларини талаб қилиб чиққан тинч намойишчилар ва фаолларни таъқиб қилишни тўхтатиши керак. Ҳукумат қонуний асосларда қўлга олинган шахсларнинг тегишли юридик тартиб-таомиллардан фойдаланиш, қариндошлари билан учрашиш ва зарур тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини таъминламоғи шарт, адвокатлар эса касб фаолияти туфайли ўзбошимчалик билан қўлга олинмаслиги лозим”, деб ҳисоблайди HRW.

Халқаро ташкилот Қозоғистоннинг халқаро майдондаги ҳамкорларини Нур-Султонни инсон ҳуқуқларига риоя этишга чақиришга даъват этган.

“Қозоғистон ҳеч бир чора кўрмаган тақдирда Европа иттифоқи, АҚШ ва бошқа ҳамкорлар январь воқеалари бўйича, жумладан, қўлга олинганлар билан муносабат ҳамда хавфсизлик кучлари томонидан ортиқча куч ишлатилганига доир маълумотлар юзасидан халқаро тергов ўтказилишига эришмоғи керак”, дейилади HRW баёнотида.

Ўтган ҳафтада Қасим-Жомарт Тоқаев ҳуқуқбонлик ташкилотлари, жумладан HRWнинг халқаро тергов ўтказишга чақириқларига рад жавобини берди. “Ўзимиз уддалаймиз”, деди у 29 январь куни давлат телеканалига берган интервьюсида.

Январь ойининг илк кунларида мамлакат ғарбида бошланган тинч намойишлар кўплаб ҳудудларга ёйилган эди. Хусусан, Олмаотада норозилик қонли воқеаларга уланиб кетди. Намойишлар чоғида ҳукумат интернетни ўчириб қўйди ва мобил алоқани чеклади.

Тоқаев чет элда етиштирилган “20 минг террорчи” Олмаотага ҳужум қилганини айтди, бироқ ўз иддаосига бирон бир далил келтирмади. Қозоғистон раҳбари Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан ёрдам сўради.

Шунингдек, куч ишлатар ходимларга намойишчиларга қарата “огоҳлантирмасдан ўқ отиш”га буйруқ берганини эълон қилди.

Қозоғистон расмийлари январь воқеаларида 227 киши, жумладан 19 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими нобуд бўлганини маълум қилишди.

Бироқ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қурбонлар сони кўпроқ бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Улар тинч намойишчилар ҳамда норозилик акцияларига мутлақо дахли бўлмаган кишилар орасида қурбонлар борлигини тасдиқловчи далилларни келтиришмоқда.

XS
SM
MD
LG