Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:55

Тошкент милицияси “вилоятлик шахсларга ўхшаш” деган таърифи учун узр сўрамади


Изоҳ берилган расмий эълон матни акс этган суратлар иштимоий тармоқда кенг ëйилди.
Изоҳ берилган расмий эълон матни акс этган суратлар иштимоий тармоқда кенг ëйилди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси қидирувга берилган шахснинг “вилоятлик шахсларга ўхшаш” деб таърифлангани юзасидан расмий изоҳ эълон қилди. Изоҳ беришга бошқармани ижтимоий тармоқларда кўтарилган норозилик мажбур қилди. Бироқ бошқарма расмий сайтида эълон қилинган эълондаги маҳаллийчилик ифодаси учун, уни вилоятликларни камситиш деб қабул қилганлардан, узр сўралмади.

Facebookдаги тўполон

25 август куни Facebookдаги ўзбекистонлик айрим блоггерлар Тошкент шаҳар ИИББ расмий сайтида эълон қилинган қидирув ҳақидаги матнга жиддий эътироз билдиришни бошлашди.

Оқ кўйлак¸ оч ранг шим кийиб¸ қўлида қора пластик пакет кўтариб кетаëтган шахс сурати ëнига:

Диққат қидирув! Ëши 35-40 ларда¸ бўйи 170-175 см бўлган¸ сочлари қора¸ сийрак¸ олд тараф сочи тўкилган¸ ўрта гавдали¸ кийинишидан вилоятлик шахсларга ўхшаш¸ ўзбек ва рус тилларида яхши сўзлаша олади”, деган ориентировка – аниқлаштирувчи таъриф берилган.

Ўзбекистонликларни тошкентлик ва вилоятликка ажратувчи маҳаллийчилик устига қурилган бундай таърифга эътироз билдирганлардан бири:

Нима вилоятликлар белидан пастини ўт-хашак билан ўраб юрадими? "Кийинишидан вилоятлик шахсларга ўхшайди" эмиш! Эълон бераётганда бундоқ орқа-олдингизга қараб қўйинг, жаноблар!»¸ деб ëзса¸ бошқаси:

«вилоятдан келганлар коммунал қийинчиликдан бели букилгани билан ажраб турса керак»¸ деб истеҳзо қилди.

Бу эътирозлар пайдо бўлганидан бир неча соат ўтиб-ўтмай¸ Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси расмий сайтида қуйидаги билдириш пайдо бўлди:

Тошкент ШИИББ расмий сайтида чиққан бу хабар турли интернет сайтлар томонидан, ҳавола бериб тарқатилди ва гумондорлардан бирига таъриф беришда «вилоятлик шахсларга ўхшаш» атамаси одамлар орасида эътироз келтириб чиқаргани маълум бўлди.

Шуни маълум қиламизки, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан юртимиз фуқаролари бундай атама билан тоифаланмайди, бундай ҳолат хабарни тайёрлаган ходимнинг эътиборсизлиги туфайлигина келиб чиққан. Буни ҳеч қандай ғараз мақсад эмас, шунчаки тушунмовчилик сифатида қабул қилинишини сўрар эдик.

Ходимга нисбатан тушунтириш ишлари олиб борилди ва келгусида бундай хатога йўл қўйилмаслигини билдириб ўтамиз”.

Пойтахт милицияси қидирувга берилган расмий таърифномада “вилоятлик шахсларга ўхшаш” тавсифи қўлланилгани учун жамоатчиликдан кечирим сўрамаган бўлса-да¸ бу тушунтириш ИВВ тизимининг ижтимоий фикр билан ҳисоблаша бошлаганининг илк белгиларидан бўлди.

Бошқармада жанжал

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Озодлик суҳбатлашган расмийси¸ “вилоятлик шахсларга ўхшаш” деган атаманинг расмий сайтда чоп этилгани нафақат бошқарма¸ балки бутун вазирликда “тўполон”га сабаб бўлганини билдирди.

Опровержение берилди¸ кўрдингиз. Ходимлардан бири яхши қарамаган¸ назоратсизлик бўлган. Ҳаммамиз ўқидик¸ порталгача ëзишибди дарров. Бу воқеа бўйича хизмат текширув тайинланди¸ назоратга олинган¸ бу бола оладиганини олади энди. Эрталабдан жанжал бўлиб турибди¸ яхшигина жанжал бўлди. Ўзининг тилидан ëзиб юборган¸ хизмат текшируви бошланди¸ вазирнинг шахсан хабари бор – бир кун муддат берилди¸ махсус хизматимиз бор¸ ўшалар чақириб¸ шуғулланиб ëтибди. Ҳамма раҳбарлар билди. Вазирлик порталига ҳам роса эътироз ëзишаяпти¸ “нимага бунақа ëзасанлар”¸ деб. Энг қизиғи¸ бу эълонни ëзганнинг ўзи ҳам вилоятдан”¸ деди куннинг иккинчи ярмида Озодлик мухбири гаплашган Тошкент ШИИББ расмийси.

Бу суҳбатдош¸ пойтахт милицияси раҳбар-ходимлари орасида¸ ҳатто норасмий иш тилида ҳам жиноятда гумонланаëтган шахсга “тошкентликка ўхшаган”¸ “вилоятликка ўхшаган”¸ деган таъриф-таснифлар қўлланишини инкор этишга уринди.

“Областной¸ харип” – ментлар тилидаги одатий таъриф”

Айни пайтда¸ Тошкент шаҳар милициясининг собиқ ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ШИИББ расмий сайтида чоп этилган қидирув ҳақидаги матнни ëзган шахс¸ бундай таърифни ўзи ўйлаб чиқармаганинини¸ ғўрлик қилиб¸ билмасдан¸ норасмий иш тилини расмий матнга кўчириб¸ “қовун тушириб қўйгани”ни айтади.

Мен у ерда ишлаган пайтимда¸ у ëки бу шахсга таъриф беришда энг кўп қўлланиладиган сўзлар “областной”¸ “”харип” эди. Қизиғи¸ ўзи вилоятдан келганлар ҳам бу сўзларни бемалол ишлатишарди. Шунинг учун буни “билмасдан ëзиб қўйипти”¸ “эътибор бермапти”¸ деган гапларга ишонмайман. Текстни ëзган¸ уни интернетга қўйганлар бу сўзлар бошқарма ходимлари орасида кундалик муомалада кўп ишлатилганидан¸ уни норма деб ўйлаб¸ “областной”ни “вилоятдан келганлар” деб таржима қилган¸ холос. Бунақа ажратмачилик бор нарса¸ бошлиқлар буни¸ табиийки¸ тан олгиси келмаяпти”¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Тошкент милициясининг собиқ зобити.

XS
SM
MD
LG