Линклар

Шошилинч хабар
22 май 2024, Тошкент вақти: 06:50

Қийноқлар, репрессия ва юқори ҳокимият коррупцияси. АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида Ўзбекистон


Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироат Мирзиёева билан.
Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироат Мирзиёева билан.

АҚШ Давлат департаменти ўтган бир йил давомида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи жиддий ўзгармади, деган хулосани эълон қилди.

Департаментнинг йиллик ҳисоботида мамлакатдаги “қотилликлар, қийноқлар, суд мустақиллиги билан боғлиқ жиддий муаммолар, трансмиллий репрессия, сўз ва Интернет эркинлигини жиддий чеклаш, журналистларга нисбатан зўравонлик” ҳолатлари қайд этилган.

Бундан ташқари, ҳисоботда тинч йиғилишлар эркинлиги ва уюшмалар эркинлигига жиддий аралашув, шу жумладан нодавлат ва фуқаролик жамияти ташкилотларини ташкил этиш, молиялаштириш ёки фаолиятига нисбатан ҳаддан ташқари чекловчи қонунлар мавжудлиги таъкидланади.

Қийноқлар, ўлимлар

АҚШ давлат департаментининг бу йилги ҳисоботида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи яхшиланмагани, яъни ўзгармагани таъкидланган.

“Фуқароларнинг эркин ва адолатли сайловлар орқали ҳукуматни тинч йўл билан ўзгартира олмаслиги; сиёсий ҳаракатларни жиддий ва асоссиз чеклаш; жиддий ҳукумат коррупцияси; ҳукумат томонидан маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига нисбатан жиддий чекловлар ёки таъқиблар; гендерга асосланган зўравонлик, жинсий зўравонлик; лесбиян, гей, бисексуал, трансгендер, қуеер ёки интерсекс шахсларга қаратилган зўравонлик ёки зўравонлик таҳдиди билан боғлиқ жиноятлар; мустақил касаба уюшмаларини тақиқлаш ёки ишчиларнинг уюшмалар эркинлигини сезиларли ёки тизимли равишда чеклаш жиддий инсон ҳуқуқлари муаммоларидир”, дейилади ҳисобот муқаддимасида.

Бу муаммоларнинг мавжудлигини кўрсатувчи далил ўлароқ, “Human Rights Watch” ва “Евросиё эркинлиги” ноҳукумат ташкилотларининг (ННТ) Ўзбекистон ҳукумати 2022 йил июлда Қорақалпоғистондаги норозилик намойишларига жавобан ҳаддан ташқари ва ҳалокатли куч қўллагани ҳақидаги айбловлари тилга олинган.

Ўзбекистон ҳукумат бу даъволарга тўлиқ жавоб бермаган, намойишлар бўйича мустақил халқаро терговга рухсат бермай келаётир.

Бундан ташқари, ўтган йил октябрь ойида Фарғона вилоятининг Водил туманида чегарачилар икки инсоннинг ўлимига сабаб бўлгани тилга олинган.

Ўз вақтида Озодлик Водилда чегарачилар икки кишига ўқ узгани ҳақида хабар қилган эди. Расмийлар, чегарачилар куч қўллашга мажбур бўлди, мазмунида баёнот берган. Аммо фаоллар ва яқинлари бегуноҳ инсонлар чегарачилар қўлидан ўлим топганини айтишган.

Шунингдек, ўтган йил майида Ички ишлар вазирлигида 21 ёшли эркакнинг тергов изолятори деразасидан тушиб вафот этгани ҳақидаги ҳолат ҳам тилга олинган.

Расмийлар гиёҳванд моддалар савдосида гумон қилинган шахс - Санжарбек Мамажоновнинг ўзи деразадан сакради, деб баёнот берган. Аммо жамоатчилик бунга жиддий шубҳа билдирган эди.

АҚШ Давлат департаментининг бу йилги ҳисоботида қийноқлар ва куч ишлатар идоралар ходимлари томонидан қўлланган ноқонуний муносабат ҳамда таҳқирларга алоҳида эътибор қаратилган.

“Ўзбекистонда Конституция ва қонун қийноқларни тақиқлайди, аммо ҳукумат амалдорлари бундай амалиётдан фойдалангани ҳақида ишончли маълумотлар бор. Қонунлар қийноқлар натижасида олинган далиллардан суд жараёнида фойдаланишни тақиқлайди. Шунингдек, қийноқ ва бошқа ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомалаларни қўллаганлик учун жавобгарликни ўз ичига олади. Инсон ҳуқуқлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотларининг қайд этишича, алоҳида маҳбусларга нисбатан мувофиқлаштирилган, юқоридан пастга буйруқ бериш орқали қийноқ қўллаш амалиёти тўхтаган бўлса-да, тергов ҳибсхонасидаги қийноқлар одатий ҳол бўлиб қолмоқда ва кўпайиши мумкин эди”, дейилади ҳисоботда.

Қорақалпоғистонлик фаолларга босимлар

Бундан ташқари, маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг Қорақалпоғистонда хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан фаолларга нисбатан қийноқ ва руҳий босим қўлланганига оид чиқишларини бостириш уринишлари ҳам ҳисоботда қайд этилган:

“Бир фаол “Алға Қорақалпоғистон” сепаратист ҳаракати етакчиси Аман Сагидуллаев билан алоқада бўлгани учун 2021 йил апрель ойида саккиз соат давомида калтаклангани, электр токи билан қийналгани ва таҳдидга учрагани ҳақида хабар берди. “Евросиё учун эркинлик” инсон ҳуқуқлари ноҳукумат ташкилоти 2022 йил июлида Қорақалпоғистонда ўтказилган норозилик намойишларида қатнашгани учун ҳибсга олинганларни сўроқ қилишда қийноқлар кенг қўллангани ҳақида хабар беради”.

АҚШ Давлат департаменти Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси 2013 йилдан бери қамоқхоналарга қўйилмаётгани, ҳукумат шунингдек маҳалий нодавлат ташкилотларига ҳам қамоқхона мониторингида иштирок этишига рухсат бермаганини таъкидлаган.

Сиёсий маҳбуслар

Ҳисоботда шунингдек, Ўзбекистон қамоқхоналарида ҳануз сиёсий мотивлар асосида қамалаётган маҳкумлар борлиги қайд этилади.

Жумладан, Ўзбекистон Олий суди Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган норозилик намойишлари ташкилотчиси деб топилган Даулетмурат Тажимуратов номи тилга олинган.

Қатор халқаро ноҳукумат ташкилотлар, жумладан Human Rights Watch ташкилоти бу фаолни озод қилишга чақириб келмоқда.

Товламачилик ва туҳматда айбланиб, 2021 йилда 6 ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган блогер Отабек Сатторий ҳам ҳисоботда тилга олинган. Сатторий шу йил 5 февраль куни жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Қарши туман суди ҳукми билан қамоқдан озод этилди. Аммо, шундан буён жамоатчиликка кўриниш бермай келаётир.

42 яшар Сатторий буни "тинчгина яшаш ва келажакда IT соҳасини эгаллаш" режаси билан изоҳлаган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига кўра, 2022 йилда 1800 дан ортиқ маҳкум, яъни мамлакат қамоқхона аҳолисининг қарийб 6 фоизи диний экстремизм билан боғлиқ жиноятлар учун қамоққа олинган.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳибсда қолган бундай шахслар сонини мустақил равишда текшира олмаслигини ва ҳукумат 2023 йил учун янгиланган статистик маълумотларни тақдим этмаётганини танқид қилиб келадилар..

Трансмиллий репрессия ва сўз эркинлиги

Ҳисоботда ҳукумат чет элдаги фуқароларга нисбатан репрессив методлар, жумладан, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини бекор қилиш орқали уларнинг ҳуқуқий мақомига путур етказиш, ҳаракатини чеклаш ёки улар жойлашган мамлакатда ҳибсга олинишини қўзғатишга урингани ҳақида хабарлар кузатилгани келтирилган.

Блогер Абдуқодир Мўминовга Тоштурмада ўн кунлик "карцер" жазоси тайинланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:49 0:00


Ҳисоботнинг сўз эркинлигига оид қисмида эса, ҳуқуқ фаоли Татьяна Довлатова, Кompromat.uzb Телеграм-каналига алоқадор кўрилган Хуршид Далиев, блогерлар Абдуқодир Мўминов, Олимжон Ҳайдаровларнинг иши тилга олинган.

Мансабдорларни танқид қилгани ва ҳокимиятнинг юқори бўғинларидаги коррупция ҳақида ёзгани учун судга тортилган Sof.uz ва Kun.uz Интернет нашрлари номи саналган.

Оммавий ахборот воситаларининг президент маъмурияти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан “нозик” мавзуларда гап борган мақолаларни олиб ташлашга йўналтирилгани ҳам ҳисоботда тилга олинган.

“Журналистлар репрессиядан қўрқиб, президент Мирзиёев ва унинг оиласи, диний ёки ЛГБТ+ масалаларини ёритмаслиги хабар қилинди”, дейилади ҳисоботда.

Шунингдек, ҳукуматнинг исталган вақтда Интернетга киришни чеклаб қўйиши ёки тўхтатиши, онлайн контентни цензура қилиши ҳам тилга олинган.

Сайловлар ва сиёсий фаоллик

АҚШ Давлат Департаменти бу йилги ҳисоботида ўтган йили Ўзбекистон Конституциясини қарийб 65 фоизга ўзгартирган референдум ва муддатидан 3 йил олдин ўтган президентлик сайловига ҳам алоҳида тўхталган.

“Рўйхатга олинган бешта сиёсий партиядан тўрттаси сайловда ўз номзодини кўрсатди. Амалдаги президент Мирзиёев 87 фоиз овоз билан қайта сайланди. Президентликка тўртта номзод мамлакатнинг ҳукмрон партияси томонидан текширилган партиялар вакили эди. Сайлов эълон қилиниши ва ўтказилиши ўртасидаги қисқа муддат бошқа фикрдаги номзодларга рўйхатдан ўтиш имконини бермади. Масалан, йил давомида “Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” ҳаракати аъзоси Хидирназар Оллоқуловнинг сиёсий партия сифатида рўйхатдан ўтиш сўровига ҳокимият икки марта рад жавобини берди ва бу унинг сайловда иштирок этишига тўсқинлик қилди”, дейилади ҳисоботда.

Шунингдек, унда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЙХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Конституциявий референдум “техник жиҳатдан пухта тайёргарлик” билан, аммо “ҳақиқий сиёсий плюрализм ва рақобат муҳити етарли бўлмаган” шаклда ўтгани ҳақидаги хулосаси эслатилган.

Форум

XS
SM
MD
LG