Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 04:58

Метронинг учта бекати кираверишидаги милиция постлари бекор қилинди


Тошкент метро бекати

Тошкент метросининг учта бекати кираверишида милиционерлар навбатчилиги жорий ҳафтада бекор қилинди. Маҳаллий матбуотнинг Тошкент метрополитени ИИБ бошлиғига таяниб маълум қилишича¸ бекатларнинг видеокузатув ускуналар билан тўла таъминлангани ИИО ходимларига эхтиëж қолдирмаган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Озодлик суҳбатлашган ва исми эфирда айтилишини истамаган мулозими эса¸ буни “бюджетда пул йўқлиги ва соҳадаги штат қисқартишлари” билан изоҳлади.

Мулозимга кўра¸ “жорий йил бошидан бери вазирликда шахсий таркибни оптималлаштириш ва бюджет маблағини тежаш” борасида анча ишлар қилинган.

Милиционер ўрнига ақлли ускуна ўрнатилади

Мулозим “Тошкент метроси кираверишидаги барча постлар яқин олти ой ичида буткул бекор қилинишини” билдирди:

“Тошкент метрополитени тўла видеокузатув ва ақлли ускуналар билан назорат қилиш тизимига ўтади ва у ерда давлат бюджетидан смета-штат асосида маош олаëтган ИИО ходимлари қисқартирилади. Бюджетда ортиқча пул йўқ. Метро бекатининг камида тўртта кириш йўлаги бор. Ҳар бир йўлакда ИИО ходими. Ер остида ҳам бор шунча. Улар икки сменада ишлайди. Бекатлар сони 29 та эканини ҳисобга олсангиз, қанча бюджет маблағини иқтисод қилиш мумкинлигини билиб оласиз".

Мулозимга кўра¸ ИИВ шахсий таркибини қисқартириш жараёни бир йилдан бери давом этмоқда:

"Баъзи ишсиз қолган ИИО ходимлари ўтган йили вақтинча Метрополитен ИИБсида иш билан таъминланган эди. Биринчи навбатда ўшалар қисқартирилди”.

Уч бекатдаги эксперимент

Тошкент шаҳрида яшайдиган журналист Алексей Волосевичнинг 23 ноябрь куни Озодликка айтишича, “ҳозирча бу сенсацияли воқеа “Миллий боғ”, "Ўзбекистон" ва "Машинасозлар" бекатида кузатилган.

"Бу бекатлар кираверишида вилоятдан келганлар сумкасини титадиган милиционерлар кўринмади”, - деди журналист.

gazeta.uz нашри Тошкент метрополитени ИИБ бошлиғи Олег Биченовга таяниб, “Учта метро бекати кираверишидаги ИИО постлари эксперимент тарзида” бекор қилингани тўғрисида жума куни ëзди.

Ушбу учта метро бекати атрофидаги вазиятни ўз кўзи билан кўрган журналист Алексей Волосевичга кўра¸ 23 ноябрь куни метронинг ичкарисида ИИО ходимлари бўлган¸ аммо кираверишда ходимлар кўринмаган:

"Шу пайтгача Тошкент метросида йўловчилар икки марта ИИО ходими назоратидан ўтар эди. Аввалига метро кираверишидаги ИИО ходими¸ кейин эса, турникет олдидаги ИИО ходими тарафидан йўловчилар назорат қилинган".

Айни мавзуни ўрганган Волосевичнинг Озодликка айтишича:

“ИИО ходимлари, асосан, вилоятдан келганларни текширган. Метронинг кираверишидаги милиционерни фақат вилоятдан келган йўловчи қизиқтирган. Прописканг борми¸ сумкангда нима бор¸ деган савол бериб улардан бир нарса ундириш пайида бўлишарди. Мабодо вилоятлик тепадаги милиционер кўзини шамғалат қилиб ўтиб кетса¸ албатта пастдаги милиционер қўлига тушар эди”.

Каримов даври мероси

Волосевичнинг фикрича¸ “метродаги ортиқча назорат Каримов давридаги параноик қўрқув маҳсулидар”.

“Метродаги милиция ходимлари бекорчиликдан эснаб юришади. Ҳеч бир Ўзбекистон ватандоши метрони портлатмоқчи эмас. Уларнинг текширувини кўриб одамнинг кулгиси қистайди. Овчарка итларни етаклаб юришади. Марҳамат, улар статистикани эълон қилишсин. Нечта одамнинг портфели текширилганида бомба топилган",- дея савол қўяди журналист.

Энг қаттиқ қўриқланадиган метро

Тошкент метроси Ўзбекистондаги аэропорт, вокзал, стадион сингари қаттиқ қўриқланадиган объектлар сирасига киради.

Ҳар бир бекатга кириш ва чиқиш жойларида камида икки ИИО ходими металлни аниқловчи ускуна билан туради ва қўлида бирор сумкаси бор ҳар бир йўловчини текшириш ҳуқуқига эга.

Гоҳида ушбу ИИО ходимлари билан бирга итларини етаклаб олган кинологлар ҳам навбатчилик қилади.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан 2005 йилдан бошлаб жетон сотувчи кассаларнинг ҳам олдинги жойлари ўзгартирилиб метро эшикларидан ташқарига чиқарилган эди.

2005 йилдан то 2014 йилгача метро бекатларида реклама тақиқлаб қўйилган эди.

Бекат эшикларидан кириб келиш билан у ерда яна бир милиция ходими ва Давлат хавфсизлик хизмати ходими сумкаларни текширади. Ушбу ходимларга сумкаларнинг ичини очиб, унда нима борлигини билиш ваколати берилган.

Йўловчи шундан сўнг бекатга киради. У ерда ҳам камида тўртта ИИО ходими ва хавфсизлик хизмати ходимлари навбатчилик қилиб юрганини кўриш мумкин.

Шарҳларни кўринг (7)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG