Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 00:02

Тошкент милицияси Чилонзордаги кафеларни босиб, "16 фоҳишани ушлади"

  • Озодлик

Тошкентда тозалаш антитеррор амалиёти, 25 ноябрь, 2017 йил.

Тошкент шаҳар ИИББ Чилонзор туманидаги кафеларда оқшом ўтказган рейди чоғида 45 кишини ушлади. ИИББ расмий сайтида берилган хабарга кўра, пойтахт милицияси "тозалаш-антитеррор" амалиётларини ўтказган ва 45 кишидан "16 нафари фоҳишалик билан шуғулланишини" аниқланган. Рейдлар чоғида 300дан ошиқ пропискасиз ватандош ва шунингдек, қидирувдаги хорижлик ушланди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) расмий сайтида эълон қилинган хабарда 25 ноябрь оқшом пойтахтнинг Чилонзор туманидаги "JAGUAR", "SHABNAM" ва "DON" кафеларида "Тозалаш-антитеррор" амалиёти ўтказилгани айтилди.

Маълум бўлишича, милиция оқшомги соат 23:30 бирданига кафеларни босган ва 45 кишини бирдан қўлга олган.

"... кафеларда жами 45 нафар фуқаролар шахсини аниқлаш мақсадида туман Ички ишлар бошқармасига олиб борилиб текширилди. Текширув давомида, мазкур шахслардан 16 нафари фоҳишалик билан шуғулланувчи аёллар эканлиги аниқланиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан баённомалар расмийлаштирилди ва ИИББ Реаблитация Марказига топширилди..." дейилади расмий хабарда.

"JAGUAR" кафесининг олдида маст ҳолда "жамоат тартибини қўпол равишда бузиб, ўзаро жанжаллашиб турган" 5 киши ҳам ушланган ва уларга нисбатан "маъмурий баённомалар расмийлаштирилган".

Бундан ташқари, 25 ноябрь кунги "Тозалаш-антитеррор" амалиётлари давомида Чилонзор туманидаги "Бешқўрғон" маҳалласининг ўзида 363 одам вилоятлардан келиб, "вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан ҳамда хонадон эгаси билан ижара шартномаси расмийлаштирмай яшаб келаётган"и аниқланган.

Расмий хабарда айтилишича, булардан юз нафардан ортиғига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддаси 1-қисмига асосан "Паспорт тизими қоидаларини бузиш" сабаби билан жарима солинган.

17 та хонадоннинг эгаларига эса айни кодекснинг 223-моддаси 3-қисмига асосан "фуқароларнинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан ёхуд вақтинча ёки доимий пропискасиз, турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшашига йўл қўйиш" сабаби билан жарима солинган.

Ҳатто, Мирзо Улуғбек туманида Қирғизистонда қотиллик айблови билан қидирувга берилган 43 яшар қирғизистонлик фуқаро ушлангани ва айни пайтда, уни Қирғизистонга этап қилиш масаласи кўрилаётгани ҳам маълум қилинди.

Расмий хабарда айтилишича, бу фуқаро "Россия паспортини сохталаштирган" ҳамда бу паспортдан "МДҲ давлатларида фойдалангани аниқланган".

Тошкент ИИББ раҳбари топшириғи билан 20 ноябрдан 25 ноябргача давом этган амалиёт Ўзбекистонда яқинлашаётган 8 декабрь - Конституция куни, сўнгра Янги йил байрами ҳамда Халқ депутатлари кенгашларига сайловга тайёргарлик арафасида пойтахт хавфсизлигини таъминлаш ва тозалаш мақсадади ўтказилгани айтилди.

Бунга қадар Мустақиллик байрами арафасида ўтказилган айни тадбирда 16 мингга яқин шахс ички ишлар идораларига олиб борилган, 4 ярим минг кишига маъмурий чора кўрилган эди.

Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллиги олдидан ўтказилган тадбирга 15 мингдан зиёд ички ишлар органлари ходимлари ҳамда 27 мингдан ортиқ жамоатчилик вакиллари жалб этилган.

"Тозалаш-антитеррор" амалиётларида, одатан, кўп қаватли уйлар, ҳовлилар, корхона ва ташкилот, меҳмонхона, муассаса, кафе-бар ва ресторанлар, савдо ва хизмат кўрстувчи объектлар, қурилиши тугалланмаган жойлар, гаражлар ва ҳоказолар текширилади.

Бундан ташқари, одатан, паспорт-виза қоидаларини бузган хорижликлар ушланиб мамлакатдан чиқариб юборилади ёки қўлга олиниб, тегишли тартибда фуқаролиги мансуб давлатларга, аксар ҳолларда, минтақадаги қўшни давлатларга жўнатилади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG