23 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг собиқ раиси Анвар Жўраевга нисбатан жиноят иши бўйича суд жараёни бошланди.
“Gazeta.uz” нашри хабарига кўра, суд жараёни очиқ бўлиши айтилганига қарамай, судья журналистларга фото, видео, шунингдек, аудиоёзувлар олишни тақиқлаган.
Судланувчиларнинг аксари айблов хулосаси олмагани сабаб жиноят ишини кўриб чиқиш 30 сентябргача қолдирган.
Тошкент шаҳри транспорт бошқармаси бошлиғи ва “Тошшаҳартрансхизмат” бошқаруви раиси лавозимларида фаолият юритган Анвар Жўраев 2024 йил 7 февраль куни Бош прокурор ўринбосарининг илтимосномасига биноан қўлга олинганди.
Пойтахтнинг собиқ бош транспортчиси қўл остидаги мулозимлар билан тил бириктириб, эҳтиёт қисмлар ва ёнилғини ўғирлашда айбланмоқда.
Судья Умидбек Мусаев раислигида кўрилаётган жиноят иши доирасида жами 21 кишига айблов эълон қилинган. Улар орасида Абдужамил Азизов (“Тошшаҳартрансхизмат” бошқарув раиси ўринбосари), Нажмиддин Давлатов (бошқарув раиси ўринбосари), Ҳусан Маҳкамов (“Тошавтотаъмирхизмат” раиси) , Бекзод Ибрагимов (8-автобус саройи раҳбари), Дилшод Аширматов (1-автобус саройи раҳбари) каби собиқ мулозимлар бор.