Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:42

Зоир Мирзаев "озодликка" чиқди, қолган ҳокимлар ҳануз "панжара ортида"


Тошкент вилоят ҳокими Зоир Мирзаев.
Тошкент вилоят ҳокими Зоир Мирзаев.

Ўтган ой Тошкент вилоят ҳокими этиб тайинланган Зоир Мирзаев шу кунларда ҳокимлик биноси атрофини ўраб турган панжара деворни олиб ташлагани тўғрисидаги хабар билан тилга тушди.

Давлат идоралари атрофига Ислом Каримов даврида қурилган темир тўсиқларни бузиш жараёни иқтидорга Шавкат Мирзиёев келганидан сўнг бошланган, бироқ бу соҳада ягона сиёсат мавжудлиги сезилмайди.

Бу ҳақда жамоат хавфсизлигига оид ўтган ҳафтада Ўзбекистон президенти имзолаган фармонда ҳам конкрет гап айтилмаган.

Сувга туширардан панжарабузарга айланган ҳоким

2018 йил 27 октябрида Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 6 кишини ариқдаги совуқ сувга тушириб, таҳқирлаган Зоир Мирзаев ўша пайтдаги лавозими - Бош вазирнинг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари бўйича ўринбосарлигидан олинган, орадан бир йил ўтиб 2019 йилнинг 26 октябрида Қашқадарё вилоят ҳокими этиб тайинланган эди.

Сувга тушириш воқеаси билан кенг жамоатчиликка танилиб қолган Зоир Мирзаев янги иш жойида ҳокимликлар атрофидаги панжараларни бузиш билан ҳам тилга тушди.

Шу йилнинг 14 августида Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгаши сессиясида қилган чиқиши чоғида Зоир Мирзаев:

“Кичкинагина вилоят ташкилотлари панжара, панжарадан сўнг яна нималардир қўйиб, одамларнинг йўлини тўсиб қўйган. Ўзи қўриқланадиган ҳеч нарса йўқ, лекин панжара билан тўсилган. Мен шундай пайтда ташкилот раҳбарларидан панжара билан кимдан нимани қўриқлаётганини сўрайман. Хўш, ташкилотини халқдан қўриқлаяптими?” – деган эди.

Сессиянинг эртасига, яъни шу йил, 15 августда Косон туман ҳокимлиги биноси атрофидаги панжара олиб ташланди.

Орадан икки кун ўтиб, Деҳқонобод ва Шаҳрисабз туман ҳокимликлари атрофидаги темир панжара ҳам олиб ташланди.

Қашқадарё вилоят, Деҳқонобод туман ҳокимлиги биноси олдидаги темир тўсиқ олиб ташланмоқда. 2021, август.
Қашқадарё вилоят, Деҳқонобод туман ҳокимлиги биноси олдидаги темир тўсиқ олиб ташланмоқда. 2021, август.

Ўтган ойда Тошкент вилоят ҳокими этиб тайинланган Зоир Мирзаев панжара бузиш сиёсатини янги иш жойида давом эттирди. Тошкент вилоят ҳокимлигига келганига 8 кун бўлди деганда, яъни 26 ноябрда Мирзаев Тошкент вилоят ҳокимлиги биноси атрофидаги темир панжарани буздирди.

Тошкент вилоят ҳокимлиги биноси атрофидаги темир панжара олиб ташланди. Нурафшон шаҳри, 2021, 26 ноябрь
Тошкент вилоят ҳокимлиги биноси атрофидаги темир панжара олиб ташланди. Нурафшон шаҳри, 2021, 26 ноябрь

Панжара ортида қолаётган ҳокимликлар

Давлат идоралари атрофидаги тўсиқларни бузиш жараёни иқтидорга Шавкат Мирзиёев келганидан сўнг бошланган эди.

2018 йилнинг 26 июнида Тошкент шаҳар, Чилонзор туман ҳокимлиги биноси атрофида ўрнатилган темир панжаралар тўлиқ олиб ташлангани тўғрисида маҳаллий нашрлар хабар қилган эди.

Бироқ бу соҳада ягона талаб, ягона давлат сиёсати мавжуд эмасга ўхшайди. Тошкент вилоят ҳокимлиги атрофи очиб қўйилган бир пайтда Сирдарё, Наманган ва Фарғона вилоят ҳокимликлари ҳануз панжара тўсиқ ортидадир. (Озодлик бошқа вилоятлар ҳокимликлари билан боғланмади)

Сирдарё ва Наманган вилоятлари ҳокимликларининг Озодлик қўнғироғига жавоб берган мулозимлари панжара тўсиқлар мавжудлигини эътироф этди. Тўсиқни олиб ташлаш режаси йўқми, деган саволга наманганлик мулозим “ҳозирча бундай буйруқ йўқ” деб, сирдарёлик мулозим эса, “кечирасиз, бу ҳақда маълумотга эга эмасман”, деб жавоб берди.

Ҳар идоранинг ўз панжараси ҳамда дахлсиз кўчаси бор

Фарғоналик фаол Абдусалом Эргашевнинг айтишича, темир панжаралар билан нафақат вилоят ҳокимлиги, балки бошқа кичикроқ идоралар ҳам тўсилган:

“Фарғона вилоят ҳокимлигидан ташқари шаҳар ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, шаҳар прокуратураси, Жиноят ишлари бўйича вилоят суди, Жиноят ишлари бўйича шаҳар суди, вилоят Солиқ бошқармаси, шаҳар Солиқ бўлими каби идораларнинг барчаси темир панжара билан ўралган”.

Фарғона вилоят ҳокимлиги биноси темир панжара билан ўрталган.
Фарғона вилоят ҳокимлиги биноси темир панжара билан ўрталган.

Шавкат Мирзиёев давлат тепасига келганидан сўнг мамлакат пойтахтида Биринчи президент хавфсизлигини таъминлаш учун ёпиб қўйилган кўплаб кўчалар транспорт ҳаракати учун қайта очилган эди.

Абдусалом Эргашевнинг айтишича, бундай чоралар Фарғонада ҳам кўрилган:

“Мирзиёев иқтидорга келгандан кейин Фарғона шаҳри бозори атрофидаги кўчалар ҳамда тергов ҳибсхонаси жойлашган кўча ва Тез тиббий ердам институтининг Фарғона вилоят филиали жойлашган кўчалар транспорт ҳаракати учун очиб ташланди”.

Бироқ айни пайтда, фаолнинг айтишича, вилоят прокуратураси жойлашган Шамсиддинов кўчаси, Фарғона шаҳар ИИБ ва вилоят ДХХ бошқармаси жойлашган кўча, шаҳар солиқ булими жойлашган кўчалар транспорт ҳаракати учун ёпиқ қолмокда, вилоят ҳокимлиги, вилоят ИИБ бинолари ёнларидаги икки кўчада эса транспорт ҳаракати чекланган.

“Афтидан давлат идоралари атрофини тўсиш ёки очиш, идоралар жойлашган кўчаларни транспорт ҳаракати учун тўсиш ёки очишга доир меъёрий ҳужжат йўққа ўхшайди, - дейди Абдусалом Эргашев, - Идораларни панжара билан ўраш Каримов даврида уни “олабўжи” билан қўрқитиш пойгаси ҳосиласидир”.

Блок-постлар тикланадими?

Президент Мирзиёев 29 ноябрда “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонга тиркалган 5 та иловани қўшганда 61 бетни эгаллаган мазкур улкан ҳужжат билан 2022-2025 йилларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси тасдиқланган.

Президент фармонида ИИВ маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда “2022 йил 1 мартга қадар тасдиқланган меъёрларга асосан маҳаллий бюджет ҳисобидан камида биттадан туманлараро патруль-пост хизмати бўлинмаларини ташкил этиш чораларини кўрсин”, дейилган.

Бу талабни жамоатчилик мамлакат йўлларига яна блок-постлар ўрнатилар экан, деб қабул қилди ва бундай фикрлар ижтимоий тармоқларга қалқиб чиқди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов kun.uz сайтига блок-ўрнатилишини рад қилиб, бундай деди:

“Бу фармонда блок-пост ҳақида умуман гап-сўз йўқ. Бу ерда фуқаролар ва жамоатчиликнинг хавфсизлигини таъминлаш учун Пост-патрул хизмати бўлинмалари ташкил қилиниши айтилган. Бу бўлинмалар Миллий гвардия ва ички ишлар бўлимлари билан биргаликда тузилади. Улар ҳолатга қараб, транспортда юриши, отлиқ бўлиши ёки пиёда хизмат ўташлари мумкин. Битта жойда турадиган турғун блок-пост бўлмайди”.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 22 декабрида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномасида, беҳисоб йўл-патрул постлари туризмни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётгани ва оддий одамларни қийнаб юбораётгани ҳақида гапирган эди.

Орадан 5 кун ўтиб Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Ўзбекистон ҳудудидаги 133 постдан 66тасини тугатиш тўғрисида хулосалар тайёрлангани тўғрисида маълум қилган.

XS
SM
MD
LG