Линклар

Шошилинч хабар
14 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:29

Каримов тақиқлаган "Ҳайит салом" дабдаба билан нишонланмоқда


Тошкентдаги ҳайит дастурхони
Тошкентдаги ҳайит дастурхони

Рамазон ҳайити куни Тошкент ва Фарғона водийсидаги шаҳарларда хонадонларда “Ҳайит саломи” маросимлари бўлди. Бу каби маросимлар 2012 йилда Тошкент шаҳар Халқ депутатлари кенгаши қарори билан тақиқланган эди. Ҳатто, маҳалла фаоллари байрам арафасида янги келин тушган хонадонларга кириб, "Ҳайит салом" ўтказмаслик ҳақида тилхат йиғарди.​

Озодлик суҳбатлашган тошкентликлар ортиқча дабдабозлик сифатида қораланиб, 2012 йилдан тақиқланган «Ҳайит салом» маҳаллаларда алоҳида кўтаринкилик билан кенг нишонланаётганини айтмоқда.

Яқинда келин туширган тошкентлик қайнона Дилфуза опага кўра, ўтган йилларда маҳалла қўмиталари бу тадбирни ўтказмаслик ҳақида тилхат олишганди.

- Ўтган йилларда бекитиб қилганмиз. Маҳалладан келиб «Ҳайит салом» қилмайсан, деб тилхат ҳам олиб кетишган. Бугун, худога шукур, оëқ-қўлимизни узатиб, орзу-ҳавас қилиб, «Ҳайит салом»лар қилдик. "Келин кўрди" ва "Келин саломлар" куни кеча пайдо бўлган одатларимизмас. Бу ота-боболаримиздан қолган гўзал урф-одатлар. Келинлар ўз латофати ва пазандалигини намойиш қиладиган кўрик танлов бу, - дейди яқинда келин туширган тошкентлик қайнона.

Келин салом
Келин салом

2012 йилнинг апрел ойида Тошкент шаҳар Халқ депутатлари кенгаши “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида” қарор қабул қилган эди. Қарор ортидан ҳар йили маҳалла оқсоқоллари ҳайит арафасида янги келин туширган хонадонларга бориб, "Ҳайит салом" ўтказмаслик борасида тайинлаб келишган.

Лекин, қатъий чекловларга қарамасдан, Озодлик Тошкентнинг айрим маҳаллаларида ўтган ҳайитларда “Келин салом”лар яширинча ўтказилганини ëзганди.

Озодлик суҳбатлашган Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги Ёқуб Зиёев маҳалласида яшайдиган кўп фарзандли она Қутби опа Маҳкамовага кўра, бу сафарги ҳайит олдидан ҳеч ким келиб огоҳлантирмаган:

- Бу йил ҳеч ким келиб фалон қил¸ фалон қилма демади. Ўтган йиллари келин-куëвлар ҳайит куни кинога борсин, театрга тушсин, деб зўрлашлар бўлувди. Энди бу нарса тўғри кемайди бизга. Чиллалик келин уйда ўтирсин. Жуда унақа оширвормасдан чиройли қилиб, "Ҳайит чойи" берилгани маъқул¸ - дейди Қутби опа.

Тоғора кўтарган аëллар
Тоғора кўтарган аëллар

Камтарга камол ëки эконом класс "Ҳайит салом"

Яқинда келин туширган тошкентлик қайнона Дилфуза опа дабдабасиз "Ҳайит салом" қилганини айтади:

- Қудам бир хил ўлчамдаги 12та тоғора юборди. Устига ўралган дастурхонлар ҳам лўлини иштонидек, ҳар хил эмас. Ҳаммаси бир хил, новвот рангда дид билан устига зар тикилган дастурхон. Безатиғлик хонтахтани ҳам икки этаж қилмадик, кўз-кўз қилиб. Дастурхондаги тарелкалар ҳам бир хилда. Четига зар тортилган, ичига гулдаста туширилган қора фарфор. Қошиқ-вилкалар эса Туркиянинг "Рояль" фирмасиники, тоза мол. Ўғлимга (куëв) бош-оëқ сарпо келди. Италияда ишланган тоза чармли туфли. Бировлар туфлини ичига юз долларлик пул солади, баракали бўлсин деб. Биз буни қилмадик, бунақа бачкана одатга қаршимиз. Кейин костюм-шим ва рубашка. Бўлди. Қўшнимизга, масалан, соат ва IPhone телефон ҳам сарпода келган. Биз буни қилмадик. Камтарга камол, - дейди қайнона Дилфуза опа.

"Ҳайит салом" - қиз чиқарганлар учун ўлпон

"Ҳайит салом"лардаги ортиқча ҳашаматни ўз интермедияларида 40 йилдан бери танқид қилиб келаëтган кулги устаси Шерқўзи Ғозиев бу тадбирни чеклаш тарафдори.

Айни пайтда, санъаткор Тошкент шаҳар Халқ депутатлари кенгашининг бу тўғрисидаги қарори бекор қилинмаганини ҳам таъкидлади:

- Бу қарор ҳали ҳам кучда турибди. Маҳалла фаоллари бу қарорни яна бир ўқиб¸ қудасига ўлпон соладиганларни тергасин! Юрагидан бир қисмини юлиб берди, яна нима қилиш керак? Қуданинг қизини ҳам узатиб бериш керакми? Қиз чиқарганга қириқ йил тегма, деган мақолга икки юз фоиз қўшиламан. Ўзбекчиликда бундай масалаларни ечиш жуда қийин бўларкан. Бунинг учун кўпчилик харакат қилиш керак экан - дейди таниқли санъаткор.

Яна бир таниқли театр ва кино артисти Рашид Шадат ҳам “Ҳайит салом” танқидчиларидан биридир.

- Исрофгарчилик бу. Жуда ошириб юборишган шу кунларда. Мусобақага айланиб кетган. Бу ерда қилсин-қилмасин, деган гап йўқ. Ўзига яраша камтаринлик билан қилса бўладику?! Қани эди, шунга кетган пулнинг ярмини болалар уйига ëки қариялар уйига эҳсон қилса, бундан катта савоб борми?! дейди Рашид Шадат.

Ҳайит дастурхони
Ҳайит дастурхони

Озодлик суҳбатлашган тошкентлик қайнона Гули Икромова "Ҳайит салом"га кетадиган пул фарзандлар камоли учун сарфланса, маъқул бўлади, деб ҳисоблайди:

- Мен қаршиман бунга. Мениям иккита келиним бор. Улар бахтли яшаса шу етади менга. Бу ўз умрини яшаб бўлган одат: У ёқдан тоғора олиб келсангиз, бу ёқдан тоғора келса. Бу бўлмаган нарса. Кун иссиқ. Йўлда келгунча тоғорадаги овқатлар бузилиши мумкин¸ - дейди суҳбатдош.

Тошкентнинг “Камолон” маҳалласида яшашини айтган Дилбар Усмонова Озодлик мухбири билан суҳбатда “Ҳайит салом" қиз чиқарганлар учун ўлпон”, дея таъкидлади.

- Муҳайë қизим бир ҳафталик келин бўлган пайтида Қурбон ҳайити бўлди. Ўзи қарзга ботган эдик. Яна қарз қилиб, элнинг расмини қилиб уй ясатдик, дастурхон безатдик. Битта овқат қилдик¸ ширинликларни ҳам озроқ пиширдик. Кейин шуни ортидан қудам билан сан-манга ҳам бордик. Бир кунлик ҳайит учун мени шарманда қилди, деб мендан аразлади, ўртага совуқчилик тушди. Шундан бери биров "Ҳайит салом" қилса, ичим титраб туради дейди¸ - суҳбатдош.

"Ҳайит салом" - либос ва гастрономия кўргазмаси

Ўзбекистонлик санъатшунос Акмал Ризаев "Ҳайит салом" тадбирини субмаданият, деб атади:

- Бу ўзига хос театр ëки санъат перформенси. Агар буни оддийлаштирсангиз, тароват йўқолади. Маҳалладагилар келинни интерьери ва гастрономияси ҳамда кулинариясини томоша қилишади. Безатилган стол эса санъатдаги барокко услубини эслатади. Айниқса, ҳозир банан, киви ва ананас каби тропик мевалардан бўлган улкан ваза хонтахта ўртасида туриши урф бўлган. Дастурхон эса изобилие (тўкин-сочинлик) намунаси каби. Парча ва ҳарир либослардаги келиннинг қўлини кўксига қўйиб чой қуйиш саҳнаси, кийим алмаштириши - буларнинг ҳаммаси шаҳарлик ўзбекларга хос субмаданиятдир. Буни ижобий ëки салбий, демасдан қандай бўлса, шундай қабул қилиш керак. Тақиқланишига эса умуман қаршиман. Одамлар ўзлари топган пулни қандай хоҳласа, шундай сарф қилиш эркига эга, - дейди санъатшунос.

"Ҳайит саломи" ëки олтин суви юритилган тоғора

Тошкент шаҳри ва вилоятида Рамазон ва Қурбон ҳайитларида янги тушган келинлар "Ҳайит саломи" бериш анъанаси шаклланган.

Анъанага кўра, янги келинлар Рамазон ҳайитида уч кун, Қурбон ҳайитда эса бир кун дастурхон безаб меҳмон кутишади. Келинлар маҳалла-куйда яшовчи хотин-қизлар, болалар, қариндошларга "Келин салом" қилиб, уларни меҳмон қилади.

"Ҳайит салом"ни чеклаш ҳақида қарор чиққан 2012 йилга қадар қуда тараф ҳайитда 40та тоғорада пишириқ юбориш одати шаклланган эди.

Бу йил Тошкентда "Ҳайит салом" учун бир неча юз АҚШ долларидан 13 минг долларгача ҳаражат қилинаётгани ҳақида маълумот бор.

"Бу тадбир учун олтин қопламали (сусалное золото) тоғоралардан бир нечтасини ижарага олиш нархи эса 100 доллардан бошланади", дейди Ўзбекистонлик санъатшунос Акмал Ризаев.

XS
SM
MD
LG