Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:11

1 млн сўм, 1 қоп ун, 7,5 литр ёғ. Тракторда ёниб кетган ҳайдовчи ҳаёти шунча баҳоланди


Шағал юклагичнинг ёниб кетгандан кейинги ҳолати
Шағал юклагичнинг ёниб кетгандан кейинги ҳолати

Фарғона вилоят, Бешариқ туман ҳокимлиги тадбиркордан текинга олиб ишлатган юклагич-трактор 3 декабрь куни газ қувурини тешиб, портлаб кетганидан сўнг, тракторни вақтинча бошқарган ҳайдовчи касалхонада бир ҳафта ётиб, жон берди.

Ҳайдовчи яқинларининг айтишларича, туман Ободонлаштириш бўлими иш пайтида ҳалок бўлганнинг оиласига 1 миллион сўм, бир қоп ун ва 7,5 литр ёғдан бошқа ёрдам бермаган.

Эрининг маъракасини ўтказишга 500 минг сўм ёрдам сўраган аёлнинг илтимоси ҳам рад этилган.

Ободонлаштириш бўлими бошлиғи тергов тугаб ишни суд кўрса 70 миллион сўмдан ортиқ товон пули берилиши мумкинлигини айтди.

Бешариқ туман ҳокимининг ўринбосари Аваз Абдураҳмонов декабрь ойи бошида “Premier class leasing” МЧЖга қарашли 735 миллион сўмлик янги тракторни шағал юклаш учун унинг эгаси Бахтиёр Султоновдан илтимос қилиб, сўраб олган эди.

Тракторни ҳокимликнинг ободонлаштириш бўлими ҳайдовчиси, 59 яшар Мирзажон Деҳқонов бошқарган.

У ҳоким ўринбосари Аваз Абдураҳмонов кўрсатган жойдан 2-3 декабрь кунлари шағал олиб, машиналарга юклаб берган.

Мирзажон Деҳқонов ўғли билан
Мирзажон Деҳқонов ўғли билан

3 декабрь куни трактор ковшининг тиши, ер остидан ўтган магистрал газ қувурини тешиб ёриб юборган ва портлаш содир бўлган.

Портлаш оқибатида Мирзажон Деҳқонов 60 фоиз куйиш жароҳати олган ва касалхонада ўзига келмай, 10 декабрь куни вафот этди.

Шағал ортилаётган жойдан газ қувури ўтганлиги ҳақида ҳеч қандай огоҳлантирувчи белгилар бўлмаган.

Марҳум Мирзажон Деҳқоновнинг хотини Муқаддасхон Мақсудованинг Озодликка айтишича, давлат ишида ишлаб ҳалок бўлган одамнинг оиласи ўз ҳолига ташлаб қўйилган:

Энг паст сорт бир қоп ва 750 грамлик ўн баклажка ёғ ташлаб кетишди.


- Бир миллион сўм профсоздан пул берди. Ўзимизнинг Қўқон унининг энг паст сортидан бир қоп ва 750 грамлик ўн баклажка ёғ ташлаб кетишди. Бугун қирқини ўтказдик. Хўжайинимни ҳамма танирди, кўп одамга яхшилик қилган, фотиҳага келиб кетувчилар кўп бўлди. Ободонлаштиришдан бир киши ҳам келмади.

Муқаддасхон Мақсудова Ободонлаштириш бўлими бошлиғига телефон қилиб ҳам бошқа ёрдам ололмаганини айтди:

Ойлик чиқса берамиз деб насияга олиб келиб, маракани ўтказиб олдик.


- Илтимос ака, тўрт-беш юз минг сўм бўлса ҳам бериб туринг, қирқини ўтказиб олайлик, кредитларимиз бор, биз бу фалокатни ўйлаганимиз ҳам йўқ эди, оёғимизнинг тагидан чиқиб қолди, ўғилларим ишга чиқса қайтариб берамиз десам, иложи йўқ буни деб, телефонни ўчириб қўйди. Худога шукр новвойлар, қассоблар танишимиз, ўшалардан ойлик чиқса берамиз деб насияга олиб келиб, маъракани ўтказиб олдик.

Бешариқ туман ҳокимлиги Ободонлаштириш бўлими раҳбари Илҳомжон Ўрозалиев марҳум ишчиси оиласига керакли ёрдамлар бериб турилганини айтди:

Катта товон пули чиқади, 70 миллион сўмнинг нарёғида бўлади.


- Ҳали товон пули чиқади, тергов тугаб ишни суд кўрса катта товон пули чиқади, 70 миллион сўмнинг нарёғида бўлади. 15-20 кунларнинг ичида бу масала ҳал бўлади. Ижтимоий таъминот бўлимидан дафн пули чиқиб келади, уни берамиз. Бир миллион сўмни профоюз берди. Мана қирқига қўй олиб бермоқчимиз.

Озодлик марҳумнинг қирқ маъракаси ўтиб бўлгани, унинг хотини ёрдам сўраса берилмагани ҳақида сўраганда Илҳомжон Ўрозалиев бундай деди:

- Мен қирқи ўтганидан бехабарман. Энди бу ерда бошқа гаплар ҳам бўлгану, сизга айтишмаганда. Мен инсон қадрини жуда яхши биламан. Характерим шунақа. Мен учун амал, иш кейинги масала.

Озодлик Фарғона вилоят, Бешариқ туманидаги “Premier class leasing” МЧЖга қарашли 735 миллион сўмлик трактор туман ҳокимлиги олиб ишлатаётган пайти ёниб кетгани ҳақида 10 декабр куни хабар берган эди.

Тадбиркорнинг янги, ҳали ишлатилмаган трактор-юклагичини туман ҳокимининг ўринбосари Аваз Абдураҳмонов ундан илтимос қилиб, шағал ортиш учун сўраб олган эди.

Тракторнинг чўмичи ер остида газ қувурини тешиб юбориши натижасида портлаш содир бўлган ва ва ҳайдовчи Мирзажон Деҳқонов қаттиқ куйиш жароҳати олиб, бир ҳафтадан сўнг касалхонада жон берган.

Тадбиркор Бахтиёр Султонов ёниб кетган трактори пулини тўлаб беришни сўраб ҳокимликка арз қилган, ҳоким ўринбосари Аваз Абдураҳмонов "ҳокимият тўлаб беради" деб Озодликка айтган эди.

Аммо, шу кунгача тадбиркорга тракторининг пули тўлаб берилмаган.

XS
SM
MD
LG