Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:42

Туркия тўсиқ қўйгани учун марказий осиёликлар Америкага бошқа йўллар билан кетмоқда


Турк Ҳаво Йўллари Мексикага учаётган йўловчиларга чеклов киритиши ортидан ўнлаб марказий осиёликлар учоққа чиқарилмаган.
Турк Ҳаво Йўллари Мексикага учаётган йўловчиларга чеклов киритиши ортидан ўнлаб марказий осиёликлар учоққа чиқарилмаган.

Салтанат турмуш ўртоғи билан Москвадан Дубайга чипта олди. Аммо улар ортга қайтишни хоҳлашмайди.

Тожикистон ва Россия фуқаролигига эга бўлган эр-хотин узоқ сафар бошида Бирлашган Араб Амирликларини транзит мамлакат сифатида танлаб, Мексика орқали АҚШга етиб олишга умид қилмоқда.

“Биз дастлаб Истанбул орқали Мексикага учмоқчи эдик, бироқ Telegram’да Турк Ҳаво Йўллари Россия ва бошқа собиқ совет давлатларидан келганларга Лотин Америкасига учишга рухсат бермаслигини ўқидик, шунинг учун режани ўзгартирдик”, дейди Салтанат. У фамилиясини ошкор қилмасликни сўради.

Яқинда Истанбулда Марказий Осиё, Россия ва Кавказдан келган ўнлаб йўловчилар Турк Ҳаво Йўллари авиакомпаниясининг Мексика ва бошқа Лотин Америкаси мамлакатларига учаётган рейсларида қўлга олинди.

Турк Ҳаво Йўллари Мексика, Бразилия, Куба, Колумбия ва Венесуэлага учаётган йўловчилар учун "қўшимча текширувлар" эълон қилган.

Ўзбеклар АҚШда камситилаётганидан шикоят қилишди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:28 0:00

Визадан ташқари, энди йўловчилар қайтиш чипталари, тўлиқ тўланган меҳмонхона брони ва саёҳат учун етарли маблағни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши керак. Туркиянинг ўзи Туркманистондан ташқари Россия ва Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун туристик виза талаб қилмайди.

Чекловлар АҚШга мигрантлар оқимини тўхтатиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларнинг бир қисми сифатида кўрилмоқда. 2023 йилда АҚШ жануби-ғарбий чегарасига 2,5 миллиондан ортиқ мигрантлар келган. Уларнинг кўпчилиги мамлакатга киришга муваффақ бўлган.

Ўтган йили Марказий Осиё давлатларидан келган муҳожирлар сони сезиларли даражада ошди – минтақадан 50 мингдан ортиқ одам АҚШга ноқонуний кириб келган. Улар орасида Ўзбекистондан 17 мингга яқин, Қирғизистондан 7000, Тожикистондан 3000, Қозоғистондан 2700 ва Туркманистондан 2000 га яқин одам бор.

АҚШ статистика маълумотларига кўра, ноқонуний муҳожирлар, жумладан, марказий осиёликларнинг оммавий оқими бу йил ҳам пасаймаяпти.

АҚШ божхона ва чегара хизмати маълумотларига кўра, 2024 йил бошидан буён 140 000 нафар ҳужжатсиз муҳожир АҚШга Сан-Диего (Калифорния) чегара пункти орқали кириб келган, шулардан 2500 га яқини Ўзбекистон, 500 нафари Тожикистон ва 400 га яқини Қирғизистон фуқароларидир.

Истанбулдаги сарсонгарчилик

Истанбулдаги сўнгги чекловлардан зарар кўрган йўловчилар айтишича, баъзилари чипталар ва бошқа харажатлар учун минглаб доллар йўқотган.

Аксарият йўловчилар энг арзон қайтариб берилмайдиган чипталарни сотиб олгани учун пулларини қайтариб ололмайди. Улардан баъзилари бир неча кун аэропортда ёки шаҳарнинг бошқа жойларида қолиб, меҳмонхоналар ва озиқ-овқатга кўпроқ пул сарфлаган, лекин барибир парвоз қилишга умид қилишган.

“Мен аэропортда қолган ёки меҳмонхоналарда тунаш учун тахминан 115 доллар тўлаган оилаларни биламан”, дейди Қирғизистонда туғилган бир Россия фуқароси.

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган бу шахс Озодлик радиосининг қирғиз хизматига февраль ойида Мексиканинг Канкун шаҳрига учиб борганини, аммо Истанбулга қайтариб юборилганини айтди. У депортация сабабини айтмади, бироқ Мексикадан АҚШга транзит йўл сифатида фойдаланиш ниятида эканини тан олди.

Истанбулга қайтгач, у Лотин Америкасининг бошқа давлатига парвоз учун чипта сотиб олган, бироқ самолёт бортига киритилмаган. Унинг айтишича, беҳуда сафар учун ҳозиргача 15 минг доллар сарфлаган.

Хабар қилинишича, баъзи россиялик йўловчиларга қайтиш чипталари сотиб олгани ва меҳмонхонани банд қилишларига қарамай, уларнинг паспортларида олдинги визалар бўлмагани ёки фақат Канкун шаҳрида узоқ муддатли таътил учун юк бўлганлиги сабабли самолётга чиқишга рухсат берилмаган. Айтилишича, йўловчилар АҚШга кетаётганликларини сездириб қўйишган.

АҚШ-Мексика чегарасидан қонуний ва ноқонуний ўтган ўзбеклар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:08 0:00

"Кичик ноқулайлик"

Салтанат ва унинг турмуш ўртоғи учун Турк Ҳаво Йўлларининг янги қоидаси шунчаки “кичик ноқулайлик” холос, уларнинг Америка орзусига эришишига тўсқинлик қилмайди.

"Биз бу ҳақда эшитганимиздан сўнг, дарҳол виза керак бўлмаган ва Мексикага учишимиз мумкин бўлган давлатлар рўйхатини кўриб чиқа бошладик, – дейди Салтанат Озодлик радиосига. – Бирлашган Араб Амирликларини танладик. Россия паспортларимиз билан биз БААга ҳам визасиз боришимиз мумкин.»

Салтанат сафар учун барча чипталар бор-йўқлиги ҳақида гапирмади.

Салтанатнинг Россияда муваффақиятли қурилиш бизнесига эга бўлган турмуш ўртоғи АҚШда янги, яхшироқ ҳаёт бошламоқчи. Ёши 30 дан ошмаган эр-хотиннинг ортидан яқин дўстлари ва қўшнилари – қозоғистонлик эр-хотин ҳам боришади.

Истанбул маршрути энди имконсиз бўлгани учун Салтанатнинг дўстлари ҳам Мексикага муқобил йўлларини изламоқда.

“Улар Туркия орқали Бразилияга, у ердан Жанубий Американинг баъзи давлатлари орқали Мексикага, эҳтимол [контрабандачиларга] пул тўлаб боришади, – дейди Салтанат. – Бир кун келиб биз Америкада яна қўшни бўлишни хоҳлаймиз."

Салтанат АҚШга етиб боргунга қадар қамалиш, ўғирлаб кетилиш ёки ҳатто ўлдирилиш хавфи бор оғир сафар кутаётганини тушунади. Агар оила АҚШга етиб борса ҳам, улар депортация қилиниши мумкин.

Аммо у таваккалчиликдан чўчимайди ва “минглаб руслар ва марказий осиёликлар Америкага етиб борган, фақат бир нечтаси депортация қилинган” дейди.

Салтанатнинг турмуш ўртоғи Россия армиясига чақирилиб, Украинадаги урушга юборилиш хавфига дуч келгани учун бошпана сўрамоқчи.

АҚШнинг амалдаги қонунчилигига кўра, бошпана сўраганларнинг аксарияти ишлаш учун рухсатнома олади, шу билан бирга, уларнинг иши кам молиялаштирилган иммиграция судлари томонидан кўриб чиқилади ва анча чўзилади.

Салтанат ва унинг турмуш ўртоғи охир-оқибат Америкада яшаш ва ишлаш орзуларига эришишларига ишонишади.

Форум

XS
SM
MD
LG