Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:18

Турк лираси қулади. Эрдўғоннинг “мустақиллик учун иқтисодий уруши” нима?


Валюта бозоридаги саросима ва танқидларга қарамай, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон фоиз ставкаларини камайтириш сиёсатини давом эттирмоқда.
Валюта бозоридаги саросима ва танқидларга қарамай, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон фоиз ставкаларини камайтириш сиёсатини давом эттирмоқда.

Турк лираси йил бошидан буён 40 фоизга қадрсизланиб, дунёдаги энг беқарор валюталаридан бирига айланди. Истеъмол моллари нархлари кескин ошганига қарамай, мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон фоиз ставкаларини камайтириш сиёсатини давом эттирмоқда.

Сентябрдан буён Туркия Марказий банки инфляция қарийб 20 фоизга ўсганига қарамай, қарзлар баҳосини 4 фоизга пасайтирди – бу мамлакат президентининг истаги эди.

19 йилдирки иқтидорда қолаётган ва тобора авторитарлашиб бораётган президент Эрдўғон иқтисодчиларнинг ставкалар кўтарилса, нархлар тушиши мумкинлиги ҳақидаги фикрларига терс ўлароқ “инфляцияга айнан юқори фоиз ставкалари сабаб бўляпти”, деган фикрда қатъий.

Фоиз ставкалари пасайтирилиши Марказий банкнинг мустақиллигини шубҳа остига қўйди, ноанъанавий пул-кредит сиёсати эса хорижий инвесторларни ҳуркитмоқда – улар ҳозирда Туркиядаги активларидан қутулиш пайига тушганлар. Туркия фуқаролари эса шиддатли инфляциядан ҳимоялаш учун ўз жамғармаларини чет эл валютасига ва тиллага айлантиришга шошилмоқда.

“Одамлар ёстиқ остига бекитиб қўйган пулларини олиб келиб, доллар сотиб олишмоқда. Бу ваҳималар қачон битади, оқибати нима бўлади? Ҳамма хавотирга тушган”, дейди валюта айрибошлаш шохобчаси ходимаси Ҳулё Ўрак.

Ушбу ваҳималар манзарасида турк лираси курси доллар ва еврога нисбатан тушиб кетиб, устма-уст антирекорд қайд этмоқда.

23 ноябрь куни – Эрдўғон ноанъанавий пул сиёсатидан кечмаслигини айтганида лиранинг долларга нисбати 13.44 га пасайиб, рекорд ўрнатилганди. Ўтган сешанбада эса турк валютаси янада арзонлаб, бир доллар баҳоси 14 лирага чиқди.

Чоршанба куни Туркия Марказий банки вазиятни тузатиш учун валюта захираларини ишга солишини эълон қилганидан сўнггина курс бир оз мустаҳкамланди.

Валюта инқирози аҳолининг турмуш даражасида акс этмай қолмаяпти. Сўнгги расмий маълумотларга кўра, инфляция даражаси 21 фоиздан ошган – шунга яраша бирламчи эҳтиёж моллари кескин қимматлашган. Мамлакатда кўплаб одамлар моддий қийинчиликларни бошидан кечирмоқда.

Инфляцияни ўрганиш бўйича мустақил гуруҳ (Inflation Research Group) эса курс лираси расмий статистикадан анча ортиқ – нақ 58 фоизга қадрсизланган, деб ҳисоблайди. Мухолифат партиялари ҳам инфляцияга доир расмий маълумотларга кўпдан бери ишонмай қўйишган.

Лира девальвацияси импорт маҳсулотлар, ёқилғи ва кундалик эҳтиёж моллари нархи кўтарилишига олиб келди. Шунингдек, уй-жой, ижара каби долларга боғланган нархлар ҳам ошди.

Истанбулдаги Коч университети иқтисодиёт профессори Селва Демиралп мамлакатдаги иқтисодий беқарорлик туфайли юқори малакали кадрлар чет элга чиқиб кетишидан хавотирда эканини айтади.

Эрдўғоннинг пул-кредит сиёсати ва унинг оқибатлари

Эрдўғон ислом динида судхўрлик гуноҳ саналишини таъкидлаб келади ва фоиз ставкаларини “барча ёмонликларнинг онаси” деб атайди. У ставкалар пасайтирилишига қарши чиққани учун Марказий банкнинг уч раҳбарини ишдан бўшатган. Ўтган пайшанбада эса у яна бир карра молия вазирини алмаштирди: янги вазир фоизларни камайтириш ғояси тарафдори эканлиги ўртага чиққач, лира курси яна бир оз пасайди.

Туркия раҳбари миллий валюта қулашида “Туркия иқтисодиётини хароб қилишга интилаётган” хорижий кучларни айблади ва унинг ҳукумати “мустақиллик учун иқтисодий кураш” олиб бораётганини таъкидлади.

Иқтисодчи Демиралпга кўра, ҳукумат одатда нархларни тутиб туриш учун қўлланадиган чораларнинг тамом тескарисини қилмоқда.

“Марказий банк фоиз ставкаларини камайтирган ҳолда инфляция босимини тийиш мумкин, дейди. Бозор эса бунга ишонмаяпти”, дейди эксперт.

Иқтисодчига кўра, Туркия инфляцияни жиловлашни эмас, иқтисодиёт ўсишини кўпроқ кўзлаяпти, аммо “ушбу босқичда ўсишга эришиш маҳол, чунки инқироз туфайли бўлаётган ваҳималар, мавҳумлик ва харажатлар ортиши иқтисодиётга катта талафот етказмоқда”, урғулайди у.

Мамлакатдаги инфляция ва қимматчилик Эрдўғоннинг обрў-эътиборига жиддий путур етказмоқда: ижтимоий сўровлар натижаларига кўра унинг иқтисодий сиёсатидан норозилар ҳатто ўз тарафдорлари орасида ҳам бор.

Ўтган ҳафтада полиция Истанбул ва бошқа шаҳарларда турмуш шароити оғирлашгани важидан кўча акцияларига чиққан оломонни куч билан тарқатди. Ўнлаб намойишчилар ҳибс қилинди.

Ижтимоий сўровларга кўра, Эрдўғоннинг ҳукмрон партиясига қарши тузилган мухолифат партиялар альянси кун сайин обрў қозонмоқда. Мухолифат коалицияси вакиллари муддатидан олдин сайлов ўтказишни талаб қилишмоқда, нўноқ иқтисодий сиёсати учун Эрдўғонни “хоин” деб атаётганлар ҳам анчагина.

Эрдўғон муддатидан аввал сайлов ўтказишни рад этиб, сайлов белгиланган вақтида – 2023 йилда бўлишини таъкидламоқда.

Яқинда у ҳукумат 50 мингта янги иш ўрни яратиш имконини берувчи дастурни ишлаб чиқаётганини, энг кам иш ҳақи оширилишини маълум қилди.

“Биз харид қуввати тушиб кетган фуқароларимизни тинчлантириш учун изчил чора-тадбирларни қабул қилишга тайёрланяпмиз”, деди Туркия президенти.

XS
SM
MD
LG