Линклар

Шошилинч хабар
17 январ 2021, Тошкент вақти: 12:03

Туркманистон шимолида аҳолининг "ортиқча" уни мусодара қилинмоқда


Туркманистоннинг шимолий минтақалари расмийлари ун тақчиллиги билан боғлиқ муаммони маҳаллий аҳолининг уйларидаги “ортиқча унлар”ни топиш ва уларни мусодара қилиш йўли билан ҳал қилишга уринмоқда.

Бу ҳақда Озодлик радиосининг Дашўғуздаги манбалари хабар қилди.

"Юзага келган вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида ўзига тўқ одамларнинг уйларини текшириш, ҳамда ҳар бир киши бошига маълум вақт тўғри келадиган меъёрдаги ундан ортиқчасини мусодара қилиш кўзда тутилмоқда", - деди ўз номини ошкор қилишни истамаган Дашўғуз вилоятининг Рухубелент туманида истиқомат қилувчи манба.

Унинг айтишича, айни дамда махсус назорат комиссияси аҳолини ортиқча ун маҳсулотлари мусодара қилинишидан огоҳлантирмоқда.

Ун маҳсулотларини мусодара қилиш эҳтимоли ҳақида Дашўғуздан келган хабар мамлакатда ун маҳсулотлари тақчиллиги кузатилаётган бир пайтга тўғри келлди. Ўтган йилнинг декабри бошларидан бери нафақат вилоятларда, балки Туркманистон пойтахти дўконларида ҳам ун таъминотида узилишлар тез-тез содир бўлмоқда. Шу билан бирга маҳсулотнинг нархи кўтарилиб бормоқда.

Озодликнинг Туркманистондаги манбаларининг сўзларига қараганда, ун етишмовчилиги ва нархларнинг ошиб бораётганини кўрган аҳоли ҳар эҳтимолга қарши ун ғамлаб қўйишга мажбур бўлмоқда. Дашўғуз вилоятининг яна иккита минтақасидаги манбаларнинг хабар қилишича, Конеургенч ва Болдумсаз туманларида уйида ун сотаётган айримларнинг уйлари тинтув қилинган.

"Ўтган ҳафтада амалдорлар аҳолини огоҳлантириб, кимда ким уйида ун сотадиган бўлса, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилишини айтишди", - деди “Озодлик” суҳбатдоши.

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG