Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:26

“Сомон Эйр” Душанбе - Тошкент рейсига чипта сота бошлади


Тожикистоннинг “Сомон Эйр” ширкати биринчи февралдан Душанбе-Тошкент йўналиши бўйлаб чипта сота бошлади. Тожик ширкати берган маълумотга кўра, бу йўналиш бўйича илк йўловчилар парвози 20 февралда амалга оширилади. Чипта нархи бир томонга 1164 сомони (150 АҚШ доллари) миқдорида белгиланган. Бу сўнгги 24 йил орасида икки пойтахтни боғловчи биринчи парвоз бўлади.

“Сомон Эйр” ширкати матбуот маркази тарқатган хабарда айтилишича, Душанбе-Тошкент рейси қишки мавсумда ҳафтада бир марта, душанба кунлари, ёз фаслида эса ҳафтасига икки марта, душанба ҳамда пайшанба кунлари амалга оширилади.

Янги йўналишнинг очилиши тожикистонликларга Тошкент транзити орқали дунёнинг бошқа мамлакатларига учиш имконини ҳам беради.

Доимий йўлга қўйиладиган рейсларнинг биринчиси 20 февраль куни бўлиши кутилмоқда. Учоқ Душанбедан соат 10.00да учади. Парвоздаги вақт 45 минут. Тошкентдан эса соат 12.00да Душанбега қайтади. “Сомон Эйр” компанияси вакилларидан иборат делегация техник рейсни 10 февраль куни амалга ошириши кутилмоқда.

Бу рейс билан Тошкентга борган ширкат вакиллари “Ўзбекистон ҳаво йўллари” мулозимлари билан йўналишнинг қайта тикланишига оид барча масалаларни муҳокама қилишни назарда тутган.

“Сомон Эйр” ҳозирча бир томонлик чипта нархини 1164 сомони(150 АҚШ доллари) миқдорида белгилаган. Ширкатга кўра, бу нарх Тошкент шаҳри аэропортида ҳар бир йўловчи учун аэропорт йиғимининг 76 доллар эканлигини назарда тутган ҳолда белгиланган. Лекин, ширкат матбуот маркази хабарида айтилишича, аэропорт хизматини арзон қилиш учун Тошкент аэропорти масъуллари билан ўтказилган музокарада келишувга эришилса, чипта нархи арзонлашиши мумкин.

Озодлик радиоси тожик хизматининг хабарига кўра, Душанбеда электрон билетлар сотувга қўйилган.

Аммо, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси ахборот хизмати ҳозирча Тошкент-Душанбе йўналиши бўйича чипталар сотувда йўқлигини айтди:

“Биз ҳам Душанбеда “Сомон Эйр” чипта сотаётганини эшитдик. Лекин бизда ҳали чипта сотилаётгани йўқ. Бу ҳақдаги таклифлар ҳозир компания раҳбариятида тасдиқланишда турибди. Шунинг учун ҳозир аниқ бир нарса айта олмайман”, деди ахборот хизмати ходими.

Собиқ иттифоқ пайтида Душанбени Ўзбекистон пойтахти Тошкент ва вилоятлар маркази билан боғлайдиган авиақатновлар амалга оширилган.

Тошкент ва Душанбе ўртасидаги авиақатновлар 1992 йилда, Тожикистонда ватандошлар уруши бошланган пайтда, тўхтатилган эди.

XS
SM
MD
LG