Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:23

Украинадаги уруш акс-садоси. Марказий Осиёда нарх-наво ошмоқда


Олой бозори. Тошкент, 31 май, 2022.
Олой бозори. Тошкент, 31 май, 2022.

Россия Украинада бошлаган уруш бутун дунёда нарх-наво кўтарилишини тезлаштирди. Асосан энергия ресурслари ва озиқ-овқат қимматлашмоқда. Постсовет давлатларида маҳсулотлар танқислиги ва инфляция кузатиляпти.

Озодлик Марказий Осиё мамлакатлари бозорларидаги нарх-навони солиштирди.

Россия ва Марказий Осиё

Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ҳамда Туркманистон иқтисодиёти тарихий ва жўғрофик жиҳатдан Россия билан боғланган. Минтақа аксар маҳсулотларни Россиядан импорт қилади, миллионлаб меҳнат мигрантлари ҳам ишлаб пул топгани ўша ерга боришади. Айни алоқалар туфайли Москва ушбу мамлакатларга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. Бу Россия Украинага бостириб кирган 24 февраль санасида яна бир карра исботланди.

Ғарб санкциялар жорий этганидан сўнг рубл курси қулади, у билан бирга – қозоқ тангаси, қирғиз соми, ўзбек сўми, тожик сомонийси ва туркман манати ҳам. Рубл курси кўтарилганида эса ушбу мамлакатлар миллий валюталари ҳам “ўзига келди”. Ҳарбий ҳаракатлар туфайли Москвада нарх-наво ошган эди, Марказий Осиё мамлакатларида ҳам қимматчилик бошланиб кетди.

Бунга бир чеккаси Россия тарафидан учинчи мамлакатларга айрим товарлар чиқиши чеклангани ва экспорт божлари оширилгани ҳам сабаб бўлди. Бишкек билан Нур-Султон доимо Москва билан музокаралар олиб бораётган бўлса, расмий Тошкент, Душанбе ва Ашхобод Хитой, Эрон, Туркия ва бошқа мамлакатлардан импорт ҳажмини оширишга ҳаракат қилмоқда.

Ушбу давлатлар бари битта минтақада жойлашган бўлса-да, ҳарбирининг имкониятлари турлича. Айримларининг иқтисодиёти бақувватроқ, бошқаларида йирик давлатлар билан муқобил савдо-сотиқ қилиш имкони мавжуд. Тўғри, дунёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби, бу ерда ҳам нархлар кўтарилиши 2020 йилда – коронавирус пандемияси билан баравар бошланган эди. Бунга ишлаб чиқариш чекланиши ва чегаралар ёпилиши сабаб бўлди. Аммо транспорт қатновлари тиклангани сайин нарх-наво барқарорлаша бошлаганди.

Украинадаги уруш таъсирини тугалроқ англаб олиш учун биз йил бошларидаги ва ҳозирги нархларни таққослаймиз.

Марказий Осиёдаги қимматчиликни 9 хил маҳсулот – нон, ун, сут, ўсимлик ёғи, тухум, шакар, картошка, қўй гўшти ва мол гўшти мисолида таърифлашга ҳаракат қиламиз. Лекин аввало айрим нарсаларга аниқлик киритишимиз лозим.

Муайян мамлакатлардаги маҳсулотлар нархига доир маълумотлар статистика идоралари, турли агентлик ва бюролар, Озодликнинг ушбу давлатлардаги шуъбалари ҳамда маҳаллий аҳолидан олинган. Рақамлар энг юқори, ўртача ва энг паст кўрсаткичларни ифодалайди. Қиёслаш учун ўртача қийматни оламиз.

Маҳсулот қанчалик қиммат ёки арзонлиги ҳар бир фуқаронинг даромадига боғлиқ бўлади. Сўнгги маълумотларга кўра, ўртача иш ҳақи Қирғизистонда 282 доллар ёки 22 минг 472 сомни, Қозоғистонда – 654 доллар ёки 285 тангани, Ўзбекистонда 310 доллар ёки 3 млн 426 минг 827 сўмни, Тожикистонда – 146 доллар ёки 1 минг 612 сомонийни, Туркманистонда эса 1000-1200 манатни (бу расмий курс бўйича 342, бозор курсида эса 70 долларга тенг) ташкил қилади.

Қарши шаҳридаги нон сотувчиси. 8 июль, 2014
Қарши шаҳридаги нон сотувчиси. 8 июль, 2014

Нон

Россия четга ғалла сотишни чеклаши энг кўп Қирғизистонга таъсир қилди. ЕОИИдаги иқтисодиёти энг кичик мамлакатда ноннинг ўртача баҳоси 20 сомдан 27-30 сомга кўтарилди. Илгари 100 сомга тўртта булка сотиб олиш мумкин бўлган бўлса, ҳозир бу пулга учта булка келади.

Қозоғистон Статистика бюросига кўра, йил бошида нон кўпи билан 180 танга турган, ҳозирда унинг нархи 200 тангага етади. Тўғри, ўртача нарх пастроқ. Аммо катта ҳажмда буғдой етиштирувчи мамлакат тескари тенденциядан қочиб қутула олмади барибир.

Ўзбекистон ҳукуматининг фермерлардан ғаллани бозор баҳосида сотиб олиш амалиёти ун ва ун маҳсулотлари қимматлашишига олиб келди. Натижада Тошкент дўконларида нон баҳоси 1600 сўмдан 2800 сўмга ёки 80 фоизга кўтарилди. Сўнгги кунларда бозорларда нонга навбатлар кузатилди.

Тожикистонда бошқа маҳсулотлар сирасида нон нархи ҳам ошди. Аввал 2-3 сомоний турган нарса уруш бошланганидан сўнг 4 сомонийга чиқди. Қимматчилик камдаромад аҳоли учун жиддий муаммога айланди.

Энг мураккаб вазият Туркманистонда кузатилмоқда. Мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса нон етишмовчилиги кўпдан бери мавжуд эди. Давлат арзон нонни субсидиялайди, бунақа нон дўконларда битта оилага 2-3 донадан сотилади. Аммо харид қилиш учун одамлар кечалари навбатга туришга мажбур бўладилар. Ўтган йилдан бошлаб фуқаролар нонни фақат тегишли идоралар сертификати бўлган тақдирдагина сотиб олишлари мумкин. Навбатга қайта қўшилган ёки “норма”дан ортиқ нон сотиб олганлар 15 суткага қамалади.

Украинада уруш бошланганидан сўнг Туркманистонда вазият янада ёмонлашди. Ҳукумат нон нархини 1-2 манат қилиб белгилади, аммо нон нормаси эҳтиёжни қондирмаяпти. Натижада одамлар уни хусусий новвойлардан донасини 20 манатдан сотиб олишга мажбур бўлишмоқда. Ёз келиши билан нарх-наво бир оз тушди, бироқ тақчиллик муаммоси ҳеч қаёққа кетгани йўқ.

Ўзбекистонда ўсаётган ягона нарса: Нарх-наво
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:46 0:00

Ун

Нон баҳоси ғалла ва ун нархига уйғун тарзда кўтарилмоқда. Марказий Осиё давлатлари ғаллани хориждан, асосан Россиядан импорт қилишини юқорида айтиб ўтдик.

Қирғизистон Миллий статқўми маълумотига кўра, биринчи нав уннинг бир килоси йил бошидан буён 41 сомдан 49 сомга кўтарилган. Шу тариқа 50 килограммли бир қоп ун 2 минг сомдан 2,5 минг сомга қимматлашди.

Қозоғистоннинг ўзида йилига қарийб 15 млн тонна дон етиштирилади. Бироқ ун ишлаб чиқариш ёки уни экспорт қилиш учун мамлакат барибир Россиядан буғдой сотиб олишга мажбур. Москва қўшнисига ғалла сотишни тўхтатиб қўйгач Нур-Султон ун экспортини тўхтатди. Шунга қарамай Қозоғистонда нархлар ошди. Масалан, биринчи нав ун 265 тангага кўтарилди. Бу расмий ўртача нарх, амалда янада қимматроқ бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда шу навли ун килосига 4,5 минг сўмдан 5 сўмга чиқди. Бу ҳам расмий нарх. Дўконларда эса ун 8900 сўмгача баҳода сотилмоқда.

Россия учинчи мамлакатларга ғалла экспорт қилишда бож тўловларини ошириши ва Қозоғистондан буғдой экспорти тўхтатиб қўйилиши Тожикистонга қаттиқ таъсир этди. Мамлакатда бир қоп ун баҳоси 280 сомонийдан 380 сомонийга ошди.

Юқорида айтилганидек, Туркманистонда ун тақчиллиги анчадан бери мавжуд. Озодликдаги маълумотларга кўра, мамлакатда биринчи нав ун 10-12 манатга кўтарилган, лекин кейин 7-9 манатга тушган. Озодликнинг туркман хизмати айрим шаҳарларда на давлат дўконларида, на хусусий дўконларда ун топиб бўлмаслигини хабар қилмоқда. Маҳаллий манбалар омборларда захира тугаганини айтадилар.

Сут

Қирғизистон ўз эҳтиёжидан анча кўп сут ишлаб чиқаради. Шу боис Украинадаги уруш ушбу маҳсулот нархига таъсир этгани йўқ. Миллий статистика қўмитаси қайд этишича, сутнинг ўртача нархи йил бошидан бери 53 сомдан 51 сомга тушган. Май ойида фермерлар сутни маҳаллий заводларга сота олмай, тўкиб ташлашга мажбур бўлишганида катта шов-шув кўтарилган эди.

Қирғизистонга қиёсан Қозоғистонда сут қимматроқ. Расмий маълумотларга ишонилса, сут баҳоси 410 тангадан 450 тангага ошган.

Ўзбекистонда сутнинг максимал қиймати литрига 7200 дан 7400 сўмга ошди. Ўртача нарх 6900 сўмни ташкил қилади. Тожикистонда нарх 4-5 сомонийдан 6-7 сомонийга кўтарилди.

Туркманистонда сут баҳоси 30 манатга етади. Бироқ Озодликнинг туркман хизмати ўртача нарх 5-10 манат эканини маълум қилмоқда.

Ўсимлик ёғи

Март ойи охирида Россия кунгабоқар уруғи экспортини тақиқлаб, ўсимлик ёғини чет элга сотишни чеклади. Бу Марказий Осиё мамлакатларидаги нарх-навога таъсир қилди.

Қирғизистонда ўсимлик мойи қимматлашуви коронавирус пандемияси билан бир пайтда бошланганди. Йил бошидан бери нархлар литрига 200 сомга етди. Ҳозирда ўртача нарх 174 сом атрофида.

Қозоғистон.
Қозоғистон.

Қозоғистон ўзи ҳам ўсимлик ёғи ишлаб чиқаргани сабабли у ерда нарх-наво қўшни мамлакатларга қиёсан бирмунча арзон. Бироқ Статистика бюроси маҳсулот баҳоси барибир 23 фоизгача кўтарилганини қайд этди. Ўртача нарх 800 тангани ташкил қилади.

Ўзбекистон қимматчилик сабабли ўсимлик мойи экспортини ман этди. Мамлакатнинг ўзида кунгабоқар ва пахта ёғлари ишлаб чиқарилади. Йил бошидан бери ушбу маҳсулот нархи 19 мингдан 24 минг сўмгача ошди.

Тожикистонда ўсимлик мойи нархи 20 сомонийдан 30 сомонийга кўтарилди ва бу минтақа мамлакатлари орасида ҳозирча энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлиб турибди.

Туркманистонда эса нархлар янада баланд – литрига 40 манат. Туркман журналистлари ёзишича, мамлакатда ўсимлик ёғи жуда танқислашган. Қишлоқ дўконларида мой топиш қийин, шу боис кўпчилик туман марказларига ёки катта шаҳарларга боришга мажбур бўлмоқда.

Тухум

Марказий Осиё давлатларида товуқ тухуми баҳоси тахминан бир хил. Лекин паррандачилик яхши ривожланган Қозоғистон ва Ўзбекистонда ушбу маҳсулот бир оз арзон. Қирғизистон ва Тожикистонда нархлар қирғиз пулида 100-120 сомни ташкил қилади.

Туркманистонда вазият доимгидек жуда оғир. Пандемиядан кейин бу ерда 10 дона тухум нархи 30-40 манатни ташкил қилмоқда.

Шакар

Шакар қайта ишлов йўли билан олинадиган якуний маҳсулот бўлгани боис ҳар инқироз шароитида қимматлашади. Марказий Осиё мамлакатларида коронавирус пандемияси ва Украинадаги уруш манзарасида бу яққол сезилди. Чунки минтақага шакар етказиб берувчи Россиянинг ўзида бу маҳсулот танқислиги мавжуд.

1-2 йил олдин Қирғизистонда шакарнинг ўртача баҳоси 50-55 сом эди, пандемия манзарасида бу кўрсаткич 70 сомга чиқди. Февралда шакар кескин қимматлашди, ҳозирда нарх 90-100 сомни ташкил қилади. Ҳукумат етарлича захира тўпланганини таъкидламоқда, аммо танқислик ҳануз сақланиб турибди. Йирик савдо тармоқларида шакар сотувига чекловлар жорий этилган.

Қирғизистон.
Қирғизистон.

Қозоғистонда шакар нархи 320 тангадан 460 килограммга ошди. Тожикистонда бир шакар 13-14 сомонийни ташкил қилади. Иккала мамлакатда ҳам танқислик кузатилмоқда.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда шакар етишмовчилиги аҳоли орасида ваҳима туғдирмоқда. Телеграм-каналларда улашилаётган видеоларда дўконларда узун навбатлар юзага келганини кўриш мумкин. Натижада мутасаддилар назоратни кучайтириб, кўпроқ маҳсулотни сотувга чиқарди. Озодлик июнь ойида шакар майга қиёсан 50 фоизга кўп сотилганини хабар қилганди. Нарх-наво 9 минг сўмдан 20 минг сўмга кўтарилди.

Сўнгги танглик манзарасида Туркманистонда шакар баҳоси 25 манатга чиққан эди, аммо кейинроқ нарх 18 манатга тушди.

Картошка

Одатда Қирғизистонда ички эҳтиёждан икки баравар кўп картошка ҳосили олинади. Маҳаллий аҳоли 700 минг тоннага яқин картошка истеъмол қилади, йиллик ялпи ҳосил эса 1,5 млн тоннага боради. Бироқ логистика марказлари фаолияти яхши йўлга қўйилмагани сабабли маҳсулот нархи мунтазам равишда ўзгариб туради.

Мамлакатнинг айрим ҳудудларида эртапишар картошка ҳосилини йиғиб олиш бошлаб юборилган. Ҳозирда картошканинг килоси тахминан 53 сомдан сотилмоқда. Йил бошида нарх 40 сом атрофида эди.

Статистикага қаралса, илгари Қозоғистонда картошка ҳамиша арзон бўлган. Аммо йил бошидан бери нархлар 190 дан 260 тангага кўтарилиб кетди. Мамлакатнинг ўзида йилига 4 млн тонна ҳосил олинади.

Ўзбекистонда ҳам картошка қимматлашган. Маҳсулот нархи 4800 сўмдан 6000 сўмга кўтарилди. Аммо бу, масалан, тоғли Қирғизистонга нисбатан арзонроқ. Ўзбекистонда йилига қарийб 2,5 млн тонна картошка етиштирилади ва бу ички эҳтиёжнинг атиги ярмини ташкил этади.

Тожикистон картошка билан ўзини ўзи тўлиқ таъминлайди. Шунга қарамай, йил бошидан бери у ерда картошка 3 сомонийдан 5 сомонийга кўтарилган, айни кунларда эса нарх бир оз пасайгани айтилмоқда.

Туркманистонда картошканинг килоси 10-15 манатга кўтарилган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, янги ҳосил чиққанидан кейин нархлар 7-8 манатга тушган.

Мол гўшти

Минтақада ҳар инқирозда мол гўшти қимматлайди. Пандемия даврига тўғри келган 2020 йили Қирғизистонда бир кило мол гўшти 550 сомга кўтарилганди, кейинроқ, чорва экспорти тақиқлангач, нархлар бир оз тушди. Аммо Украинада уруш бошланганидан бери яна қимматлаб, ҳозирда 430-480 сомни ташкил этмоқда.

Қозоғистон билан Туркманистондаги нархлар ҳам, агар қирғиз сомига чақилса, қарийб бир хил. Лекин Ўзбекистонда гўшт бирмунча қиммат.

Қиш ва баҳорда Туркманистонда мол гўшти 100 манатга чиққан эди, ҳозирда бир оз пасайиб, 70 манатга тушган. Лекин ўртача 1000-1200 манат иш ҳақи оладиган аҳолига бу барибир қимматлик қилади.

Тошкентнинг Чорсу бозори.
Тошкентнинг Чорсу бозори.

Қўй гўшти

Қўй гўшти минтақанинг барча мамлакатларида мол гўштига қараганда қимматроқ. Қирғизистонда олти ой ичида ўртача нарх 466 сомдан 519 сомга кўтарилди. Қирғиз статқўмига кўра, айрим ҳудудларда бу кўрсаткич 550 сомга етган.

Қозоғистонда қўй гўшти баҳоси 2900 тангадан 3100 тангага чиққан.

Тожикистонда нарх 60 сомонийдан 70 сомонийга кўтарилди. Ўзбекистонда эса қўй гўшти 85 минг сўм баҳода сотилмоқда.

XS
SM
MD
LG