Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:51

“Жирканч Россия паспортини олмаслик керак”. Ҳуқуқ фаоли рус армиясига чақирувдан қандай қочиш ҳақида


Россия паспортини олган марказий осиёликлар Россиядан чиқарилмаяпти. Бир неча қирғизистонлик Озодлик радиосига мамлакатни тарк эта олмаганини билдирди. Чегарачиларга кўра, улар сафарбарлик рўйхатига қайд қилинган бўлиб, 12 февралга қадар чет элга чиқа олишмас экан.

Озодлик бу мавзуда таниқли ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик билан суҳбатлашди.

– Россия фуқаролигини олган мигрантларни топиш учун полиция рейдлари ўтказилаётгани ҳақида сизда маълумот борми? Рейдлар тез-тез бўлиб турадими ва бу қанчалик қонуний?

– Россия фуқаролигига ўтган собиқ мигрантлар ушланганига доир охирги хабарни Янги йил кечаси олдим. Адашмасам, 14 киши ушланган эди, барчаси асли тожикистонлик, битта шаҳардан – Конибодомдан. Уларни қўлга олиб, сафарбарлик бўйича урушга жўнатамиз, дейишган. Бири ўзини осиб, ўлган. Бу воқеа бўйича билганларим шугина холос, чунки бу фуқаролар менга алоқага чиқишгани йўқ, ўзини осиб қўйган йигитнинг қариндошлари чиқишди.

– Бу воқеа рейд вақтида бўлганми?

– Ҳа, рейд вақтида бўлган. Сентябрь-октябрдан бери сафарбарликка алоқадор хабарлар келмай қўйганди. Тожикистонликдан кейин 4 январь куни бир киши қўнғироқ қилиб, Россия фуқароси бўлмаса ҳам унга чақирув қоғози бериб кетишганини билдирди. Унга “зинҳор военкоматга борманг, яшаш манзилингизни ўзгартиринг”, деб тайинладим. Бор гап шу.

Бунақа рейдлар мутлақо ноқонуний. Сафарбарлик тўхтатилган экан, – аслида ҳарбий ҳолат бўлмай туриб, сафарбарлик ўтказишнинг ўзи мантиқсиз, – фуқароларга сафарбарлик фармойишлари ва чақирув қоғозлари тутқазишга ҳақлари йўқ, боз устига одамлар миллатига қараб, яъни миллий адоват важидан ушланаётган бўлса. Ҳуқуқий жиҳатдан бунақа хатти-ҳаракатлар хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда зўравонлик қилиш ва экстремизм, яъни оғир жиноят саналади, бунақа жиноят учун 20 йилгача қамоқ жазоси бор. Бироқ, афсуски, Россияда қонун давлат хизматчилари учун эмас, улар бошқа қоидалар бўйича ишлайди.

– Россия билан Тожикистон ўртасида қўшфуқаролик мавжуд. Шундай экан, ҳам Тожикистон, ҳам Россия фуқаролигига эга тожикистонликлар ушбу вазиятда нима қилишлари керак? Умуман, уларни урушга чақиришга ҳақлари борми?

– Таассуфки, чақиришга ҳақлари бор, шу боис мен уларга Россиядан кетишни маслаҳат бераман. Тожикистон ҳукумати ўз фуқароларига ачинмайди, бошқа мамлакатга кетиш керак. Ишлагани Қозоғистонга бориб, вақтинча яшашга рухсатнома олишни ёки Арманистонга келиб, яшаш ва ишлаш учун рухсатнома олишни маслаҳат берган бўлардим. Россияда ҳам, Тожикистонда ҳам яшамасинлар. Қирғизистон фуқароларига эса, агар улар қирғиз фуқаролигини йўқотган бўлсалар, қайтиб бориб, ватандошлик мақомини олишни ёки фуқароликни олиш учун ариза беришни тавсия қиламан. Умид қиламанки, Қирғизистон собиқ фуқароларини бағрига олиб, уларнинг фуқаролигини тиклаб беради. Ўзбекистонда шунақа бўляпти, лекин Россияда “повестка” олган ва илгари йўқотилган фуқаролигини тиклашга мажбур бўлган ўзбекистонлик бўйича биронта кейс бўлмаган менда. Бир йигит бор эди, Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум этилган экан, Россияда унга чақирув қоғози келгач, юртига қайтиб кетган. Аммо Ўзбекистон элчихонасидан қайтиш сертификати олганига қарамай, негадир, фуқароликни тиклашга уринмаган ва Қозоғистондаги қариндошлариникига кетиб, ўша ерда яшаш рухсатномаси олган.

– Мигрантлар Россия фуқаролигидан кечса-чи, у ҳолда нима бўлади?

– Ҳеч нима бўлмайди. Истаганча воз кечишингиз мумкин, лекин бу фуқароликдан маҳрум этилишингизга олиб келмайди. Фуқароликдан чиқиш осон эмас, то давлат ва фуқаролар олдидаги, бу мамлакат ташкилотлари олдидаги барча мажбуриятларингизни бажармагунингизча ҳеч ким сизни фуқароликдан ўчирмайди. Шундай экан, патентни деб ватанни сотмаслик керак, жирканч Россия паспортини олмаслик керак, шунда ҳаммаси яхши бўлади.

– Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин Марказий осиёлик Россия фуқароларини устувор тартибда урушга урушга жўнатишни таклиф қилмоқда. Бу ерда қанча одам ҳақида гап бораётган бўлиши мумкин?

– Билишимча, сўнгги беш йилда Марказий Осиё республикаларидан келган 500 мингдан ортиқ (520 минг эди, чамаси) киши Россия фуқаролигига кирган. Шундан тахминан 280 минг киши – тожикистонликлар. Қирғизистонликлар эса Россия фуқаролигига 2007-2011 йилларда ўтишган, ўтган йилнинг сентябрь-октябрь ойларида, очиқ сафарбарлик чоғида энг кўп мурожаат айнан шулардан бўлди. Негадир, энг кўп сафарбар қилинганлар собиқ Қирғизистон фуқаролари эди.

Форум

XS
SM
MD
LG