Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:20

Украинани қандай тиклаш мумкин, янги Маршалл режаси иш берадими?


Киев вилоятидаги Бородянкада кетаётган аёл.
Киев вилоятидаги Бородянкада кетаётган аёл.

Украинага босқин бошланганидан буён тўққиз ойдан кўпроқ вақт ўтди. Путин Украинага тажовузни тўхтатишга тайёр эканига ишора берганича йўқ. Уруш тугаганидан кейин Украинани қайта тиклаш, буни ким ва қандай молиялаштириши масаласи ҳам кўп муҳокама қилинмоқда. Зеленский Украинани қайта тиклашни “замонамизнинг Европадаги энг йирик иқтисодий лойиҳаси" бўлади деди. Бу лойиҳа бир неча юзлаб миллиард долларга тушиши аниқ.

Украинанинг бу борада жавоби аниқ: Россия адолат қарор топиши учун товон тўлаши керак. “Агар Россия етказган зарар ва азоб-уқубатлари учун товон тўлашни истамаса, биз маданий дунё билан биргаликда Россияни бунга мажбурлаш йўлини топишимиз керак”, дейди ҳуқуқшунос ва Украина ҳукуматининг компенсация бўйича ишчи гуруҳи аъзоси Маркиян Клиучковский Озодлик билан суҳбатда.

“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг репарация тўлаш тўғрисидаги резолюцияси жуда муҳим, чунки унда Россия жавобгарликка тортилиши кераклиги тўғридан-тўғри кўрсатилган ва бунинг учун механизм таклиф этилган”, дейди Клиучковский.

Россиянинг БМТдаги элчиси Василий Небензя резолюцияни қўллаб-қувватлаган давлатлар Бош Ассамблеяни суд органига айлантиришга ҳаракат қилмоқда, аммо у бу тўғри эмас, деди.

БМТ Хавфсизлик Кенгашида вето ҳуқуқига эга Россия Украинанинг товон борасидаги уринишларига тўсқинлик қилиши тайин. Бу Киевнинг урушдан кейинги тикланишни молиялаштириш учун хориждаги музлатилган миллиардлаб рус активларини мусодара қилиш ҳаракатларига ҳам халақит бериши мумкин.

Маршалл режаси

Ғарб Украина учун янги Маршалл режасини муҳокама қилмоқда. Бу Иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШ томонидан моделлаштирилган Ғарбий Европани қайта тиклаш дастуридир. Маршалл типидаги режа Украинанинг демократик ривожланиши ва Европа Иттифоқига қўшилиш амбицияларига туртки бериши таъкидланмоқда.

"Украинадаги инфратузилма, айниқса, қайта қурилаётган энергетика ва транспорт инфратузилмаси Европа Иттифоқи стандартларини ҳисобга олган ҳолда " қайта тикланади". Бу эса мамлакатни ЕИда ҳам рақобатбардош давлатга айлантиради", деди Маршалл фонди режасини таклиф қилаётганлардан бири Жейкоб Киркегард.

Халқаро Валюта Жамғармаси раҳбари 2023 йилда Украинага ойига камида 3 миллиард доллардан – 5 миллиард долларгача керак бўлишини прогноз қилди.

Етказилган зарар

Украинанинг Россия босқинидан кўрган зарари жуда катта ва бу янада ошиб бормоқда.

Украина Ички ишлар вазирлиги 27 октябр куни Россия армиясини 40 мингдан ортиқ уруш жиноятларини содир этганликда айблади. БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича комиссари Филиппо Гранди босқин оқибатида 14 миллионга яқин украиналик уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлганини билдирди.

Украинанинг ялпи ички маҳсулоти бу йил 32 фоизга камайди. Бу 1930 йил Буюк депрессия давридаги АҚШ иқтисодидаги пастлашдан ҳам кўпроқ.

Россия Украина бўйлаб инфратузилма объектларини нишонга олиб келмоқда. Кўплаб шаҳарлар, айниқса, Мариупол вайронага айланган. Украина бош вазири Денис Шмигал 5 сентябрь куни Украина Россия босқинидан 326 миллиард доллар зарар кўргани ва мамлакатни зудлик билан қайта тиклаш учун 105 миллиард доллар керак бўлишини айтган.

Зеленский 6 сентябр куни Украинани қайта қуриш учун “1 триллион доллардан ортиқ маблағ керак бўлишини” айтди.

Украина президенти Владимир Зеленский октябрь ойида Берлинда Украинани қайта тиклашга бағишланган халқаро конференцияда онлайн иштирок этмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский октябрь ойида Берлинда Украинани қайта тиклашга бағишланган халқаро конференцияда онлайн иштирок этмоқда.

Репарациялар тарихи

Биринчи ва Иккинчи Пуни урушларидан кейин Рим Карфагенга катта миқдордаги товон тўлаган.

Германия Биринчи жаҳон урушидан кейин катта товон тўлади.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Германия яна Иттифоқчи давлатлар томонидан оғир товон тўлашга мажбурланди.

Россияни товон тўлашга қандай мажбурлаш мумкин

Эмори Ҳуқуқ мактаби профессори Лори Бленк Россияни Украинадаги уруш учун товон тўлашга мажбурлашнинг бир нечта вариантларини айтди. Улардан бири Киев ва Москва ўртасидаги ҳар қандай тинчлик битими ёки келишувига товон тўлаш бандини қўшиш варианти.

Яна бир йўли 1991 йилда Форс кўрфази урушидан сўнг тузилган БМТнинг Компенсация комиссияси (UNCC) каби комиссия ёки механизм яратиш.

Аммо Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашида вето ҳуқуқига эга экан, бу ғоя маъқулланиши даргумон.

Донецк вилоятидаги вайрон бўлган Богородичне қишлоғи.
Донецк вилоятидаги вайрон бўлган Богородичне қишлоғи.

Февраль ойида Россия босқинидан кўп ўтмай, АҚШ "Россия элиталари, ишончли вакиллари ва олигархлари" бўйича халқаро ишчи гуруҳи тузди. Гуруҳ ҳозиргача русларга тегишли 30 миллиард долларлик активларни, шу жумладан, ўн миллионлаб долларлик ҳашаматли яхталарни мусодара қилди ёки музлатиб қўйди. Халқаро ишчи гуруҳда Австралия, Буюк Британия, Канада, Франция, Германия, Италия, Япония ва Европа Комиссияси вакиллари бор.

Санкцияга тушган россияликларга тегишли активлар билан бир қаторда АҚШ, ЕИ давлатлари ва бошқа Ғарб давлатлари Россия Марказий банкининг 300 миллиард доллардан ортиқ активларини музлатиб қўйган.

Эстония, Латвия, Литва ва Словакия каби баъзи давлатлар ушбу активлардан товоннинг бир қисми сифатида фойдаланишга чақирди.

Бироқ активларни музлатиш ва мусодара қилиш икки хил нарса бўлиб, Ғарб расмийлари таъкидлаганидек, турли муаммоларни келтириб чиқаради. “Биз Россия Украинада қилаётган вайронагарчилик учун тўлов ундиришнинг барча ҳуқуқий имкониятларни ўрганамиз”, деди Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррел.

АҚШ Молия вазири Жэнет Йеллен АҚШ қонунлари Вашингтонга Россия банклари активларини мусодара қилиш имконини бермаслигини билдирган. Бунинг сабаби, АҚШ федерал қонунлари, Халқаро фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисидаги қонун (IEEPA) фақат ўта аниқ ҳолатлардагина активларни мусодара қилишга рухсат беради, дея тушунтирди ҳуқуқшунос Эндрю Бойл.

“Қўшма Штатлар Россия Марказий банкининг музлатилган активларини Украинага етказиб бериши даргумон. Бунинг учун 1) Россия розилиги керак (масалан, музокаралар олиб борилганда тинчлик ўрнатишнинг бир шарти сифатида) ёки 2) Халқаро фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритилиши керак”, дейди Бойл.

Украина фавқулодда хизмат ходими Харьковдаги вайроналар орасида.
Украина фавқулодда хизмат ходими Харьковдаги вайроналар орасида.

Европа Иттифоқининг Адлия комиссари Диде Рейндерс Украинага ушбу маблағларнинг бир қисмини бериш учун Россия Марказий банкининг бутун дунё бўйлаб музлатилган валюта захираларидан гаров сифатида фойдаланишни таклиф қилди.

“Менинг фикримча, Россия Украинани қайта тиклашда ихтиёрий иштирок этмагунча, ҳеч бўлмаганда 300 миллиард еврони (316 миллиард доллар) гаров сифатида сақлаб қолиш мумкин”, деди Рейндерс октябр ойи охирида.

Россия товон тўлаши ҳали номаълум бўлса-да, Украинани қайта тиклашнинг қиймати жуда катта бўлиши аниқ.

“Жаҳон Банки реконструкция қилиш харажатларини умумий 349 миллиард долларга баҳолади, – деди ХВЖ вакили. – Бу чиндан ҳам жуда катта рақам. Россия босқинидан олдин, 2021 йилда Украинанинг йиллик ялпи ички маҳсулоти 200 миллиард доллардан юқори эди".

Германия канцлери Олаф Шолц Украинани тиклаш таклифини "янги Маршалл режаси" деб атади. Шолц Украинани қайта тиклаш "ҳозирги авлод вазифаси" бўлишини айтди.

Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляен Украинани тиклаш бўйича конференцияда.
Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляен Украинани тиклаш бўйича конференцияда.

Июнь ойида Швейцариянинг Лугано шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференцияда Украина ўзининг миллий тикланиш дастурини тақдим этди.

"Украина молиявий кўмагининг катта қисми грантлар кўринишида ёки ЕИда бўлгани каби қайтарилмайдиган узоқ муддатли кредитлар шаклида келади. Бундан ташқари, Украинанинг мавжуд қарзи ҳозирда кредиторлар томонидан ихтиёрий равишда узайтирилмоқда, – дейди таҳлилчи. – Украина урушдан кейин кўп йиллар давомида жуда тез иқтисодий ўсишга эришишини кутиш мумкин", деб тахмин қилди Киркегард.

Киркегард Россия охир-оқибат "музлатилган активларидан Украина учун де-факто уруш тўловлари сифатида айрилади" дейди. Унинг қўшимча қилишича, “Россия бу уруш туфайли узоқ вақт қашшоқроқ давлатга айланади”.

“Биз халқаро ҳуқуқнинг ишлашини кўрсатишимиз керак. Агар Россия каби давлат халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузса‑ю, жазосиз қолса, халқаро ҳуқуқ ҳақида нима дейиш мумкин? Биз адолат ғалаба қозонишига ишонамиз", дея таъкидлади украиналик ҳуқуқшунос Клиучковский.

Форум

XS
SM
MD
LG