Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:10

Порахўрликда айбланган Россия собиқ иқтисод вазири 8 йилга қамалди (ВИДЕО)


А.Улюкаев суд залида ҳибсга олинди
А.Улюкаев суд залида ҳибсга олинди

Москванинг Замоскворецкий туман суди Россиянинг собиқ Иқтисодий тараққиёт вазири Алексей Улюкаевни 8 йиллик қаттиқ тартибдаги қамоқ жазосига ҳукм этди. Путиннинг яқин сафдоши саналган “Роснефть” раҳбари Игорь Сечиндан 2 миллион доллар миқдорида пора олганликда айбдор деб топилган Улюкаев яна 130 миллион рубль (2,2 миллион АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилди. Айбини тан олмаган собиқ вазир "провокация" қурбони бўлганини билдирди.

2017 йилнинг 15 декабр куни 61 ёшли собиқ юқори лавозимли амалдор пора олганликда айбдор деб топилди ва суд залида ҳибсга олинди.

Айблов хулосасига кўра, Россия Иқтисодий тараққиёт вазири бўлган Алексей Улюкаев “Роснефть” бошлиғи Игорь Сечиндан “Башнефть” компаниясини хусусийлаштиришга рухсат олиш учун 2 миллион доллар талаб қилган.

Прокурорлар Улюкаевга 10 йиллик жазо сўраган эди.

Собиқ вазир ўз айбини тан олмади ва маҳкама давомида жиноий иш унга нисбатан ФСБ ва Игорь Сечин томонидан сохталаштирилганини иддао қилиб келди.

Владимир Путиннинг ишонган одами ҳисобланган Игорь Сечин, суд уни уч марта маҳкамага гувоҳ сифатида чақирган эса-да, судда бирор маротаба ҳам пайдо бўлмади.

Суд давомида Сечиннинг кўрсатмалари овоза қилинмади, бироқ оммавий ахборот воситаларига сиздирилган маълумотлардан, собиқ вазирнинг Игорь Сечиндан пора талаб қилганини “Роснефть” раҳбаридан бошқа ҳеч ким эшитмагани ва суд фақат унинг кўрсатмаларига таяниб 8 йиллик қамоқ тайинлагани маълум бўлди.

- Улюкаев А.В. икки бармоғини кўрсатиб, сўралаётган пул 2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мукофот эканини оғзаки тасдиқлади. “Роснефть” Миллий компанияси хавфсизлик хизмати ходимлари Улюкаев А.В. билан бўлганушбу учрашувнигина тасдиқлаши мумкин, аммо у ерда бўлган суҳбат мазмунини эмас, дейилади Би-Би-Си журналистлари қўлига тушган ҳужжатларда.

Нефт компанияси матбуот хизмати бошлиғи Михаил Леонтьев бу маълумотларни “бўҳтон ва фабрикация” деб атади.

Алексей Улюкаев маҳкама давомида Сечиндан олган сумкада вино эканига ишонгани ва унга нисбатан очилган иш “даҳшатли ва шафқатсиз провокация” ва “цирк” деб атади.

А.Улюкаев ва И.Сечин Озарбайжондаги саммитда
А.Улюкаев ва И.Сечин Озарбайжондаги саммитда

Суддаги охирги нутқида Алексей Улюкаев одамлардан бу тизимнинг бир қисми бўлиб келганидан кечирим сўради.

- Мен кўп ҳолларда осон йўлларни танладим. Бу бюрократия гирдобида айландим, совғалар олдим, совға бердим. Иккиюзламачилик қилдим. Бошқа томонга тушибгина одамлар қанчалик қийин яшаётганини англадим. Чунки сенинг ишларинг беш бўлиб турганда сен ноҳақликка тескари қараб турасан. Одамлар, кечиринг мени, - деди собиқ ҳукумат вазири Алексей Улюкаев.

У Путин ҳукуматининг бу ҳукми унга ўлим жазосини бериш билан баробар эканини билдирди.

Бир ярим соатга кечикиб ўқилган ҳукмнинг тўғридан тўғри трансляциясига суд рухсат бермади.

Бу ҳукмга изоҳ берган собиқ маҳбус, рус ҳукумати, жумладан Сечин бошчилигидаги команда томонидан хусусийлаштириб олинган ЮКОС компанияси собиқ раҳбари Михаил Ходорковский Улюкаевгача “бу даражадаги федерал амалдорлар бундай ҳақоратомуз тарзда судланмагани”ни айтди.

Маҳкама давом этган бир йил давомида Алексей Улюкаев 14 килога озиб кетгани айтилди.

Россия Иқтисодий тараққиёт вазири Алексей Улюкаев 15 ноябрга ўтар кечаси ҳибсга олинганди.

Россия Тергов қўмитасига кўра, Улюкаевнинг қўлга олинишига 14 ноябрь куни вазирлик томонидан "НК "Роснефть" ОАЖ томонидан "Башнефть" АНК" ОАЖнинг 50 фоиз акциясини харид қилиш пакетини маъқуллаши учун 2 млн доллар пора олгани сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG