Линклар

Жиззах вилояти туманларидаги электр тармоқлари идораларининг ишчиларига 800 килограммдан металлолом солиғи солинди. Бу ҳақда Озодликка арз қилган бири биридан мустақил уч ишчининг айтишича, металлолом топширолмаганларнинг маошларидан ушлаб қолинмоқда. Энергетиклар, шунингдек, ҳар йили мажбурий обуна ва пахта терими учун ҳам маошларининг бир қисмини сарфлашга мажбур бўлаётганини айтяпти. Жиззах вилояти электр тармоқлари идораси бош муҳандиси эса бу иддаоларни инкор қилмоқда.

Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани электр тармоқлари идорасининг уч нафар ишчисининг Озодликка ёзган шикоятида айтилишича, энергетиклар уларнинг маошларидан чегириб қолинадиган қўшимча “тўлов”лардан зада бўлган:

“Биз ишлаётган ташкилотда ишчи-ходимларнинг ҳар бирига 800 килограммдан металлоллом мажбурий топширтиряпти. Металлоломнинг ўзи ҳеч қаерда йўқ, у ёқ бу ёқдан ҳар килосини 600-700 сўмдан сотиб олишга мажбур бўляпмиз. Бўлмаса маошларингдан ушлаб қоламиз, дейишяпти. Ахир, мажбурий обуна учун 120 минг сўмдан ушлаб қолишса, ҳар йили 25 минг сўмдан бериб, пахтага ўрнимизга одам чиқарсак, бизнинг оиламизни ким боқади? Раҳбарларда инсоф қолмади”, деб ёзади ишчилар.

Қайси туманда ишлашини сир қолишини сўраган энергетиклардан бири, металлолом учун ҳар ойда унинг маошидан пул ушлаб қолинаётганини айтади:

- Мен ўзим ҳар ойликда металлоломнинг ўзига 35 минг сўмдан бераман. Бераман эмас, маошдан мажбуран ушлаб қолишади. Бизга ҳам топиб келинглар, дейди. Лекин йўқ бўлса, қаердан топамиз. Обуна масаласи хронический касаллик бўлиб қолган. Биз обуна пулини газета олиш учун эмас, балки ўша газетада ишлайдиганлар ойликсиз қолиб кетмаслиги учун берсак керак, чунки шунча йил обуна бўлиб, бир дона газета олганим йўқ, деди ишчилардан бири.

Мирзачўл туманидаги электр тармоқлари идорасининг исми сир қолишини сўраган бошқа бир ишчисининг айтишича, амалдорларнинг уйларидаги таъмир ишларини ҳам улар ўз чўнтагидан қилади:

“Аҳолининг қарздорлигини ҳам бизнинг иш ҳақимиздан ушлаб қолишяпти. Ҳар ой нарх-наво кўтарилиб боряпти, маошимизни зўрға рўзғорга етказяпмиз. Буниси ҳам камдай, қайсидир бир амалдорнинг уйида свети ўчиб қолса, уни тузатишга керак бўлган материалларни ҳам ўз чўнтагимиздан сотиб оламиз ва қўйиб берамиз. Бу зўравонликларнинг охири борми?, дейди электр тармоқлари идораси ишчиларидан бири.

Жиззах вилояти электр тармоқлари идораси бош муҳандиси Бердиёр Бердимуродов Озодлик билан суҳбатда ишчиларга металлолом солиғи солинаётгани фактини кескин инкор этди:

- Йўқ, бизда унақа топшириқ бўлмаган ва бўлмайди ҳам, деди бош муҳандис Бердиёр Бердимуродов.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг металлолом жамғариш ҳақидаги қарорини бажариш масъулияти, асосан, фермерлар, корхоналар ишчилари, мактаб-коллежлар ўқитувчию ўқувчилари, тиббиёт муассасаларининг шифокору ҳамширалари зиммасига юкланган.

Кейинги пайтларда ҳатто боғчаларга қатнайдиган болаларнинг ота-оналарига ҳам металлолом солиғи солинмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG