Линклар

Шошилинч хабар
24 январ 2020, Тошкент вақти: 04:53

Оҳангаронда 2 йилдан буён эмланмаган чорва оқсимга чалинди


Тошкент вилояти Оҳангарон туманининг Янги ҳаёт қишлоғида чорва моллари орасида оқсим касаллиги тарқаганини маҳаллий чорвадорлардан бири иддао қилди. Унинг айтишича, айни пайтда минглаб чорванинг оғиз бўшлиғи яллиғланиб, туёғи ҳам касалланган. Туман ветеринария хизмати расмийси буни оқсим эмас, балки стоматит деди. Лекин Озодлик суҳбатлашган мустақил ветеринар бунда оқсим аломатларини кўрмоқда.

Оҳангарон туманининг Янги ҳаёт қишлоғида яшайдиган, исми сир қолишини сўраган чорвадорлардан бирининг иддао қилишича, қишлоқ молларининг қарийб ярми оқсим билан касалланган:

“Оқсим касаллиги жуда тезлик билан тарқаляпти. Қишлоғимизнинг ярим моли ҳозир касал. Бечора моллар оғзидан сўлак, кўпик оқиб ҳеч нарса еёлмаяпти, туёғининг ораси касалланиб, юролмай қоляпти. Менинг ҳам боқувда турган учта буқам ҳеч нарса емай озиб кетди. Туман ветеринария хизматига неча марта телефон қилиб айтдик. Бир келишдию, ҳеч нарса қилмай қайтиб кетишди”, деди чорвадор.

Бошқа бир янгиҳаётликнинг айтишича, оқсимга қарши қишлоқ молларининг эмланмаганига икки йил бўлган:

“Охирги марта 2015 йилда молларга оқсимга қарши вакцина қилишган эди. Мана, икки йилдан буён вакцина йўқ деб, қилишмайди. Бу касаллик ҳаводан ҳам ўтади экан. Чунки, ҳозир қиш, ҳеч кимнинг моли далада эмас, уйда туради. Лекин моллар бир четдан касалланяпти. Ўтган куни ҳамқишлоғимизнинг бир ҳўкизи шу касалликдан ўлиб ҳам қолди”, деб иддао қилди янгиҳаётлик.

Оҳангарон тумани ветеринария хизмати бошлиғи Муҳаммадмурод Юнусов Озодлик билан суҳбатда Янгиҳаёт қишлоғи чорваси орасида тарқалган касаллик оқсим эканлигини инкор қилди:

“Оқсим касали ҳозир нафақат туман ёки вилоят, балки Ўзбекистонда йўқ. Стоматит бор. Оқсим билан стоматитнинг клиник аломатлари бир хил. Одамлар ана шу икки нарсани бир-бирига аралаштиряпти. У қишлоқдаги вазиятдан хабаримиз бор. Қишлоқ моллари стоматит бўлган. Оқсим аломатлари йўқ”, деди мулозим.

Муҳаммадмурод Юнусов вакцина йўқлиги боис аҳоли чорвасининг икки йилдан буён оқсим касаллигига қарши эмланмаганини тан олди.

Лекин, Озодлик суҳбатлашган ветеринария шифокорларидан бири оқсим билан стоматит касаллигининг клиник аломатлари бир хил эмас, балки ҳар-хил эканлигини айтди:

“Оқсим бўлганда молнинг оғзи оғриши стоматитни эслатади. Лекин стоматитда молнинг фақат оғзи оғрийди. Туёқларининг орасида яралар пайдо бўлиши, молнинг юролмай қолиши оқсим аломатларидир”, деди ветеринария шифокори.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтида берилган маълумотга кўра, оқсим касаллиги одамга ҳам юқиши мумкин. Оқсим оғиз бўшлиғида, бурунда, бармоқлар ораси ва тирноқлар остида ўзига хос тошмалар тошиши, уларнинг пуфакчалар ҳамда эрозияли ярачаларга айланиши ва тана ҳароратининг кўтарилиши билан кечадиган зооантропоноз ўта хавфли юқумли касалликдир.

Ўзбекистонда чорванинг оқсил, куйдирги каби касалликлар билан оғриши кузатилиб турилади.

Оқсил касаллиги 2004 йилда Сирдарёда, 2005 йилда Қашқадарё вилоятида кузатилган эди.

Озодлик қорамолдан юққан куйдирги касаллиги билан касалхонага тушган ўзбекистонликлар ҳақида кўп хабар берган.

2014 йилнинг июль ойида Сирдарёнинг Ховос туманида 31 кишига куйдирги юқиб, касалхонага ётқизилган эди.

Шарҳларни кўринг (1)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG