Линклар

Шошилинч хабар
19 октябр 2018, Тошкент вақти: 06:24

Мирзиёев ўзбекистонлик "ватансиз"ларга фуқаролик бера бошлади


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Фармонда Ўзбекистонда яшаётган 179 кишига фуқаролик берилгани қайд этилган. Озодлик радиоси улардан бири билан суҳбатлашди.

“Ўзбекистонда туғилган бўлсам ҳам, фуқароликни 20 йил кутдим!”

Президент эълон қилган фармонда Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида туғилган 43 яшар Музаффар Аймановнинг ҳам фамилияси бор. 1996 йилда Музаффарга "Фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномаси" берилган:

- Мен 8-синфни битириб 1988 йилда Россияга ўқишга кетган эдим. Соғлиғим сабаб, 1991 йилда қайтиб келганман. Ўшанда мени учётга қўймай, армияга жўнатиб юборишган. Украинада хизмат қилиб 1992 йилда қайтиб келдим. Келганимдан кейин мени военкоматда рўйхатга олишмаган. Бир йилдан кейин доимий рўйхатга олишди. Кейин 1996 йилда "фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномаси" беришди. Ёзмаган, арз қилмаган жойим қолмади. Барибир фуқаролик беришмади,- дейди Музаффар.

Айманов Ўзбекистон ватандошлигини 20 йил кутганини айтади:

- Йигирма йилдан буён илтимоснома ёзаман. Лекин натижа бўлмас эди. Гўёки ўз ватанимда ўзимни бегонадай сезардим. Сайловларда қатнашолмасдим, бир иш сўраб борсам фуқаролигингиз йўқ экан, бўлмайди, дейишарди. Ўзбекистондан ташқарига чиқолмасдим. Мажбур ёлланма қурувчи бўлиб ишлаб юрдим. Худога шукр, президентимизга раҳмат. Бизга ўхшаган ўз ватанида ватансиз бўлиб юрганларнинг дардига қулоқ солди. Қувончимнинг чеки йўқ, деди Музаффар Айманов.

Музаффар Айманов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:25 0:00
Бевосита линк

Музаффар Айманов сингари ўз ватанида "фуқаролиги йўқ шахс" бўлиб юрганлар, норасмий маълумотларга кўра, бир неча ўн минг кишини ташкил этади.

“Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида”ги фармонда ана шундай одамлар каби Қонун кучга кирган вақтда турли объектив ва бошқа ҳаётий вазиятларга кўра чет элда бўлганларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида асосли қарорлар қабул қилиш масаласи муҳим аҳамият касб этаётгани айтилган.

Фармонда бу кишилар Ўзбекистон конституциясининг 93-моддаси 22-банди ҳамда “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 17- ва 30-моддалари асосида ватандошликка қабул қилинганлиги таъкидланган.

Ватандошлик бериш масаласини махусус комиссия кўриб чиқади

Тошкент шаҳар Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими, бу фармонни шарҳлар экан, фуқаролик бериш масаласи президент девонидаги махсус комиссия томонидан кўриб чиқилишини айтди:

“Бу 179 кишининг ҳужжатлари ҳаммаси президент девонида эди. Фуқаролик бериш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқадиган комиссия шу одамларни лойиқ деб топган. Биз фақат аризалар ва ҳужжатларни тақдим этамиз, агар комиссия лозим топса беради, топмаса йўқ. Бу бизга боғлиқ эмас”, деди мулозим.

Ватандошлик оладиган одам қонуний тирикчилик манбасини кўрсатиши шарт

Ўзбекистон вилоятларидан биридаги Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи ватандошлик олиш учун анча ҳужжат тўплаш кераклигини айтди:

“Аслида, амал қилаётган қонунлар бўйича, беш йилда фуқаролик масаласи ҳал қилиниши, яъни берилиши ё рад қилиниши лозим. Лекин ўтган 24 йил давомида Ўзбекистонда туғилган, лекин иш ёки тақдир тақозоси билан қўшни давлатларга бориб қолган ватандошлар ўз ватанларида фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномаси билан яшашга мажбур бўлдилар. Бугун салгина умид пайдо бўлди”, дейди мулозим.

Унинг фикрича, бу умид саробга ҳам айланиши мумкин:

“Айни пайтда Ўзбекистонда яшаётган ўн минглаб фуқаролиги йўқ шахсларга Фуқаролик тўғрисидаги Қонуннинг 17- моддаси яна қийинчилик туғдиради. Бу моддага кўра, фуқаролик олмоқчи бўлган одам “қонуний тирикчилик манба”сини кўрсатиши, яъни ишлаётгани, қанча маош олаётгани ҳақида справкаларни тақдим қилиши керак. Ана шу ерда муаммо пайдо бўлади. Чунки, фуқаролиги йўқ шахсларнинг аксарияти қонуний тирикчилик манбаига эга эмас. Чунки уларни кўп жойларда ишга олишмайди. Улар мардикорлик, устачилик ёки деҳқончилик қилиб кун кўрадилар. Энди уларнинг тақдири қандай бўлади, буниси номаълум”, дейди мулозим.

Мулозимнинг айтишича, фуқароликка ариза берган одамлар керакли бўлган барча ҳужжатларни тўплаб, туман ХЧКваФР бўлимига топширади. Туман уни кўриб чиқиб вилоятга узатади, вилоят кўриб чиқиб республикага ва ундан сўнг президент девонига етиб боради. Мулозимнинг сўзларига кўра, бу жараён ойлаб давом этиши мумкин.

Президент Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида қўшни мамлакатда яшаган миллатдошлар у ёқда турсин, Ўзбекистонда туғилиб ўсган, бироқ тақдир тақозоси билан қўшни республикаларга турмушга чиққан ёки кўчиб кетган, Мустақилликдан сўнг яна ватанга қайтган кўп одам 20-25 йиллаб "ўгай"ланиб, уларга Ўзбекистон ватандошлиги берилмагани ҳақида Озодлик аввал кўп ёзган.

"Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасида бу ҳақда шундай дейилган:

17-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўз илтимосномаларига кўра ушбу Қонунга биноан келиб чиқишидан, ирқи ва миллатидан, жинси, маълумоти, тилидан, динга муносабатидан, сиёсий ва бошқа эътиқодларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш шартлари қуйидагилардан иборат:

1) чет эл фуқаролигидан воз кечиш;

2) сўнгги беш йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаганлик.

Ушбу қоида Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахсларга, башарти улар шу ерда туғилган ва ҳеч бўлмаса ота-онасидан бири, буваси ёки бувиси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туғилганлигини ва бошқа давлатларнинг фуқароси эмаслигини исботласа, тааллуқли бўлмайди;

3) қонуний тирикчилик манбаларининг мавжудлиги;

4) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини тан олиш ва бажариш.

Мирзиёевнинг кечаги фармони бу жабҳада “муз кўчгани”нинг ишорасими ёки истисно тариқасида олинган қарорми – буни шу каби фармонларнинг бундан буён мунтазам равишда чиқиб туриши ёхуд чиқмаслиги белгилаб беради.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG