Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:20

Хоразмда бир қишлоқда 500га яқин қорамол касалга чалинди


Ўзбекистонда чорва молларининг юқумли касалликлар билан касалланиши кузатилиб туради.
Ўзбекистонда чорва молларининг юқумли касалликлар билан касалланиши кузатилиб туради.

Хоразмлик чорвадор ва ветеринар врачларнинг Озодликка билдиришича¸ вилоятнинг биргина Янгиариқ тумани Гулобод қишлоғида беш юзга яқин қорамолда "нодуляр дерматит" касаллиги аниқланган.

Ўлаётган моллар колбаса цехларига арзон сотилаётгани ҳақида хабарлар бор.

Лекин, Янгиариқ тумани Ветеренария бўлими расмийлари касалликка чалиниб, нобуд бўлган моллар ёқиб юборилаётганини айтишди.

Янгиариқ тумани Гулобод қишлоғида яшовчи фермер Арслон Жуманиёзовнинг Озодликка айтишича, номаълум касаллик унинг молларига ҳам юққан:

- Ҳамма жойига яралар тошиб, бўйинлари, оёқлари шишиб кетмоқда. Тили қорайиб овқат емай қуйди. Ҳамма қўрқиб ташвишга тушиб қолди, - дейди янгиариқлик фермер.

Айрим хўжаликларда эса бу касалликдан чорва нобуд бўлиши ҳоллари кузатилган.

- Колбаса цехларидан одамлар келиб касалланган молларни арзон нархда сотиб олиб кетишмоқда. Бу касаллик қўтир касалига ўхшайди, - дейди Янгиариқ туманида яшовчи Гулмира исмли аёл.

Янгиариқлик ветеринар врач Тўлқин Машарипов чорва орасида тарқаëтган бу касаллик "нодуляр дерматит" эканини билдирди.

- Бизни туманда 400-500 қорамолда шу касаллик аниқланди. Ҳашоратлар бу касалликнинг ташувчиси бўляпти. Бир ойгача яширин даври бўлади касалликни. Кассаллик белгилари, мол танасида ёнғоқдай бўртмалар пайдо бўлади. Ҳозир бу касалликка қарши лозим чораларни кўряпмиз, - деди янгиариқлик ветринер врач.

Аҳоли ваҳимада

Туманда касалликдан ўлиб қолган ёки ўлаётган моллар колбаса цехларига арзон сотиб юборилаётгани ҳақидаги хабарлардан истеъмолчилар ташвишга тушган.

Янгиариқлик Гулмира "колбаса ва гўшт маҳсулотлари ейишга қўрқиб қолдик", дейди.

- Ҳозир колбасани хеч ким емай қўйди, чунки касалликдан ўлаётган ёки ўлган молларни булар колбаса цехларига сотиб юборишяпти экан. Ҳозир ҳамма қўрқиб қолган, - дейди Гулмира.

Янгиариқ тумани ветеринария бўлими мулозими қорамоллар орасида бундай касаллик илк бор тарқалганини тасдиқлар экан, ўлаëтган моллар колбаса цехларига бериб юборилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

- Бу касалликдан ўлган молларни ўзимиз устида туриб ёқиб юборяпмиз. Ўлган моллар эса сони кўп эмас. Вазиятни назоратга олганмиз, - деди туман ветеринария мулозими

Ветеринарнинг алоҳида таъкидлашича, бу касаллик чорвадан одамга юқмайди, ҳашаротлар ва кана орқали фақат чорвадан чорвага ўтиши мумкин.

Ўзбекистонда чорва молларининг юқумли касалликлар билан касалланиши кузатилиб туради.

Шу йилнинг ёзида Қорақалпоғистонда қорамоллар орасида шундай касаллик тарқалгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Ўтган йилнинг февраль ойида Тошкент вилояти Оҳангарон туманининг Янги ҳаёт қишлоғида чорва моллари орасида оқсим касаллиги тарқаганини маҳаллий чорвадорлардан бири иддао қилган эди.

Бу хабар ортидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида чорвага оқсим юққанига оид хабар ортидан текширув ўтказган ва чорвада учрайдиган оқсим касаллиги клиник аломатлари аниқланмагани, аммо лаборатория текшируви натижаси кутилаётганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG