Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:19

Мирзиёевнинг куëвлари қизил китобга кирган ноëб қушни овлаган валиаҳд шаҳзодага зиëфат берди


Аҳмед Жабер Ал-Ҳарбининг расмий очиқ Instagram саҳифасидан олинди. Сурат президент куёвлари ва БАА мулозимлари иштирокидаги зиёфатдан олинган.
Аҳмед Жабер Ал-Ҳарбининг расмий очиқ Instagram саҳифасидан олинди. Сурат президент куёвлари ва БАА мулозимлари иштирокидаги зиёфатдан олинган.

1 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёевнинг куёвлари - Ойбек Турсунов ва Отабек Умаров Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдам бин Муҳаммад ал-Мактумга зиëфат берди. Олдинроқ 36 ёшли валиаҳд шаҳзода ўз лочинлари билан Навоий вилоятида йўрға тувалоқларни овлаган эди.

Валиаҳд шаҳзода Ўзбекистонга сафари акс этган видеолавҳани Твиттер саҳифасига жойлаштирди.

Овдан кейинги зиëфат расмларини эса Буни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви, Президент хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров Instagram’даги ўз саҳифасида эълон қилди.

Instagram суратларида дубайлик олиймақом меҳмон, сафар давомида унга ҳамроҳлик қилганлар, президентнинг икки куёвини кўриш мумкин.

ВИП салондаги хос лочинлар

Халқаро қизил китобга киритилган йўрға тувалоқларни ов қилган шайхнинг ўнлаб лочинлари Ўзбекистон ҳаво йўллари учоғининг бизнес салонида Тошкентдан қайтиб кетаëтгани видеоси 1 ноябрь куни тармоқларда баҳсларни уйғотди.

Табиатни муҳофаза қилиш халқаро уюшмаси Қизил китобига киритилган ноёб қушни Ўзбекистонда ов мавсумида донасига 6000 АҚШ доллари тўлаган ҳолда овлашга изн бор.

Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг матбуот билан гаплашиш вазифа доирасига кирмагани учун исми очиқланишини истамаган мулозимига кўра, "араб шайхлари махсус рухсатнома билан ов қилганлар"

Айни пайтда шайхларнинг тувалоқларни овлаш учун пул тўлагани ҳақида қўмита мулозимида аниқ маълумот йўқ.

"Бер пулни ўлдир қулни"

Чехиялик таржимон ва хайвонсевар Петр Кубалекнинг (Petr Kubalek) Озодлик мухбирига айтишича¸ тувалоқ Чехия ва Словакияда ҳам бор:

- Аммо бу тувалоқлар давлатнинг қаттиқ ҳимоясига олинган. Бирор араб шайхи миллион доллар тўласа ҳам, Чехия ва Словакияда битта тувалоқни отишга изн берилмайди. Кимдир отса қамоққа олинади. Аммо Ўзбекистон ва Қозоғистон каби давлатларда пул эвазига ноëб ҳайвонларни овлашга изн берилганини биламан. Бу салбий холат бундан олдин Африка қитъасида бор эди. Шу боис кўпгина ноëб ҳайвонлар қирилиб кетган¸ деди Петр Кубалек.

Петр Кубалек Озодлик мухбири кўзи ўнгида тувалоқлар эркин табиатда мавжуд бўлган Навоий ва Қорақалпоғистондаги Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқармаларига қўнғироқ қилди.

Бу бошқармадагилар Кубалек билан суҳбатда "пулини тўлаб, рухсат олиб, тувалоқларни отиш мумкин"лигини тасдиқлашди.

Агар чех овчилари Тошкентда бир тувалоққа изн олишса, кўпроқ тувалоқ овлаш масаласини “на месте” ҳал қиламиз,” дея ваъда берди ўзбек мулозимларидан бири.

Қўмита ходимларига кўра¸ ов мавсуми 25 сентябрда бошланган ва йил охирига қадар давом этади.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Қорақалпоғистондаги мулозими чех ҳайвонсевари Петр Кубалек билан суҳбатда “Мўйноқ ҳамда Қўнғирот туманларида тувалоқ овини ташкил қилиб беришга ваъда бераман”, деди.

Аммо, мулозимнинг таъкидлашича¸ бунинг учун аввал “Тошкентдаги қўмитадан рухсат олиб, тўлов қилиш керак”.

Валиаҳд шикорхонаси

Навоий вилояти ҳокимлиги инвестициялар, инновациялар, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари котибияти ходимининг Озодликка айтишича, Шайх Ҳамдам ибн Муҳаммад Ал-Мактум 13 октябрдан бошлаб ўз лочинлари билан вилоятда ов қилган.

"Шайхнинг ови вилоят экотуризми учун яхши реклама" бўлишини айтган мулозимга кўра¸ Навоий шаҳридан қарийб 50 километр узоқликдаги чўлда 300 гектар ер майдонини эгаллаган “Амирликларнинг йўрға тувалоқни асраш маркази” (АЙТАМ) жойлашган.

Мулозимнинг таъкидлашича¸ бу марказ йўрға тувалоқларнинг табиатдаги сонини қайта тиклашни мақсад қилган.

Чехиялик ҳайвонсевар Петр Кубалек "ҳайвонларни асраш ширмаси" ортида ҳайвонларни қириш амалиëти юз бераëтганидан ташвиш билдирди.

Қўшниларда ҳам шу аҳвол

Октябрь ойида Қозоғистон ҳукумати уч нафар Бирлашган Араб Амирликлари ва бир нафар қатарлик шайхлар учун 131 тувалоқни овлашга рухсат берганди.

Озодликнинг Остонадаги мухбирига кўра, араб шайхлари ўз лочинлари ёрдамида 131 тувалоқни овлаш эвазида 82 миллион тенге яъни 225 минг доллар тўлаганлар.

Қозоғистоннинг араб шайхларига бундай рухсат бергани мамлакат ОАВида танқидларга сабаб бўлди.

Ов олқишланди

Шайхларнинг Ўзбекистонда ов қилишини маҳаллий матбуот ва блогерлар ижобий қаршилади.

Ўзбекистон овчилар уюшмаси аъзоси 48 яшар Баҳром Сувонқулов шайхларнинг Ўзбекистонда ов қилишини олқишлади:

-Ўнта қушни отгани учун тўлаган пулига мингта қушни қутқариш учун шароит яратилади.

Айни пайтда Баҳром Сувонқулов ëввойи тувалоқларнинг эмин-эркин яшаб ривожланиши учун айнан қандай шароит яратилгани ҳақида бирор фикр айта олмади.

Ноёб қуш

Йўрға тувалоқлар ноёб қуш тури сифатида Ўзбекистон Қизил китобига 2009 йилда киритилган.

Улар Қизилқум чўлларида яшайди.

Уларнинг сони ва яшаш майдони 1960-йиллардан бошлаб қисқара бошлаган.

Тувалоқ қуши Вазирлар Маҳкамасининг "Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, ноёб ва йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги турлар сафига киргизилган.

XS
SM
MD
LG