Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2020, Тошкент вақти: 01:01

Жиззахда Peugeot заводи ишга тушиш-тушмаслигини "Ўзавтосаноат" ҳам билмайди


"Ўзавтосаноат" Жиззахда қурилаётган Uzbekistan Peugeot Citroёn Automotive автомобиль заводи лойиҳасининг қачон амалга ошиши мавҳум қолаëтганини эътироф этди.

5 февраль куни маҳаллий журналистлар билан учрашган ширкат бошқаруви раиси ўринбосари Азизбек Шукуров, завод биноси деярли тайёрлиги¸ бироқ унинг ишга тушиши учун белгиловчи бўлган технологиялар ҳали йўқлигини билдирди.

Шукуровга кўра¸ Франциянинг PSA Groupe ​корпорацияси билан сўзлашувлар давом этмоқда.

"Ўзавтосаноат" ширкати бошқаруви раиси ўринбосари Азизбек Шукуров 5 февраль кунги брифингда Жиззахдаги завод тақдири ҳақида маҳаллий журналистлар саволларига жавоб берди.

Озодлик 14 декабрь куни ўтган йилнинг 10 декабрида ишга тушиши ваъда қилинган заводнинг очилмагани, аксинча, завод қурилиши ҳам тўхтаб қолганини хабар қилган эди.

Ўшанда қўшма корхонадаги француз томони - PSA Groupe матбуот хизмати Озодликка лойиҳа устидаги ишлар давом этаëтганини билдирган, аммо заводнинг нима учун белгиланган муддатда ишга тушмаганини изоҳсиз қолдирган эди.

Озодлик хабаридан бир неча кун ўтиб "Ўзавтосаноат" ширкати завод қурилиши тўхтаганини тасдиқлаган, бунга эса PSA Groupe билан ҳамкорликда лойиҳа концепциясига оид бошланғич маълумотлардаги баъзи кўзда тутилмаган ўзгаришлар қайта кўриб чиқилаётгани сабаб бўлганини билдирган эди.

5 февраль куни бу борада матбуот саволларига жавоб берган "Ўзавтосаноат" бошқаруви раиси ўринбосари Азизбек Шукуров, ҳозирда завод биносининг деярли тайёр бўлгани¸ аммо ишлаб чиқаришни бошлаш учун француз томони киритиши лозим бўлган технология ҳануз келмаганини билдирди.

Бунинг сабабларини битим шартларининг конфиденциаллигини важ қилиб очиқламаган мулозим, айни пайтда, ўтган йилнинг декабрида ширкат ва завод қурилишига масъул раҳбариятдаги манбалар томонидан берилган маълумот - PSA Groupe француз корпорациясининг завод лойиҳасини "даромад келтирмайдиган", деб топгани ҳақидаги маълумотни "ўринсиз ва нопрофессионал", деб баҳолаган.

"Биз "Ўзавтосаноат" ва Ўзбекистон манфаатларидан келиб чиқиб PSA Groupe билан музокараларни давом эттирамиз. Peugeot Citroёn киритилган пулни 30 йил ичида қайтара олмаслигимиз мумкинлигига ишонганига келсак, бу унчалик ҳам профессионаллик эмас. Чунки ўтган йили компания 56 млрд евро ишлаб топди. Бу айрим мамлакатлар ЯИМидан кўпроқ. Эслаб ўтиш лозимки, Peugeot Citroёn бу ерга кириш ва қўшма корхона очишдан олдин Ўзбекистон бозори бўйича барча ҳисоб-китоб ва таҳлилларни ўтказди, талабни, ТИА, рентабелликни ўрганди", дея Азизбек Шукуровдан иқтибос келтиради Gazeta.uz нашри.

2018 йилнинг 10 декабрида - президент Шавкат Мирзиёев тайинлаган муддатда завод ишга тушмагани сабарларини Озодлик билан суҳбатда изоҳлаган "Ўзавтосаноат"га яқин мулозимлар PSA Groupe корпорациясининг бу лойиҳадан воз кечиш эҳтимоли борлигини айтган эди.

“Француз томони киритадиган инвестициясини 30 йилда ҳам ололмаймиз¸ ўзини оқламайди¸ деб иккиланиб қолган. Шунга уларнинг Ўзбекистонга келиш-келмаслиги мавҳумроқ бўлиб турипти", деган эди бу лойиҳа тақдиридан билвосита хабардор мулозимлардан бири Озодликка жумладан.

2017 йилнинг 16 май куни «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти Франциянинг «Peugeot Citroen Automobiles S.А» компанияси билан масъулияти чекланган жамият шаклида, устав жамғармаси, эквиваленти 29,3 млн евро миқдоридаги «Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive» қўшма корхонасини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланганини хабар қилган эди.

Битим имзолангани айтилганидан бир ой ўтиб-ўтмай 2017 йилнинг 13 июнь куни Шавкат Мирзиëев “Хорижий инвестициялар иштирокидаги “ Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive” корхонасини ташкил этиш тўғрисида” махсус қарор чиқарган.

Қарорда «Жиззах» эркин индустриал зона ҳудудида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш объектларини қуриш учун Ўзавтосаноат»га 45 га ер майдонига эга ер участкасини ажратиш¸ бу заводни қуришга тендерсиз танланган «Avtosanoat-Injiniring» МЧЖ¸ «Ўзоғирсаноатлойиҳа» АЖ¸ «12-трест» МЧЖга “Ўзавтосаноат” билан бир қаторда “қурилиш даврида ишлар ҳажми ва хизматлар бўйича қўшимча қиймат солиғидан озод этиш” каби қатор махсус имтиëзлар берилган эди.

Умумий нархи 133,3 млн еврога тенг деб эълон қилинган бу инвестицион лойиҳа¸ маҳаллий оммавий ахборот воситалари томонидан¸ Марказий Осиëдаги ноëб проект сифатида кўз-кўз қилинганди.

Шарҳларни кўринг (5)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG