Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 06:31

Тергов остидаги “Гитлер-ҳоким” касалхонадан уйига қўйиб юборилди


Тошкент вилояти собиқ ҳокими Аҳмад Усмонов
Тошкент вилояти собиқ ҳокими Аҳмад Усмонов

Тошкендаги 17-шаҳар касалхонасида юрагига иккита жарроҳлик амалиëти ўтказилган Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими 59 яшар Аҳмад Усмонов шаҳарни тарк этмаслик шарти билан уйига қўйиб юборилган. Усмонов хизмат ваколатини суиистеъмол қилганлик, кадрлар танлашда таниш-билишчиликка йўл қўйганлик ва порахўрлик каби жиноятларда гумонланиб, тергов қилинмоқда.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси ва собиқ ҳукумат мулозимининг айтишича¸ шу кунларда бироз ўзига келган собиқ ҳоким Усмонов уйида ўтириб сўроқ бермоқда:

- Усмонов ўзини авф қилинган каби тутяпти. Кайфияти зўр. Эрталабки ошларга ҳам чиқди. Лекин ҳар куни терговчига сўроқ беряпти. Юраги операция бўлганидан кейин қайта операция қилиниб, юрагига стент ҳам қўйдирди. Докторлар турма шароити беморга тўғри келмайди, деб қоғоз ëзиб беришган. Тергов органлари гуманизм принципидан келиб чиқиб Усмоновга уйда туришига изн беришди. Усмонов шу кунда Юнусободдаги ҳовлисида истироҳатда. Лекин подписка о невыезде (шаҳарни тарк этмаслик тўғрисида тилхат-таҳр.) қилиб қўйишган. Барибир вазият юмшаган. Усмонов тергов билан ҳамкорлик қиляпти. Нурилло Алимовга қарши (Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Нурилло Алимов 18 йилга озодликдан маҳрум этилди.) асосий кўрсатмани ҳам Усмонов берди. Бундан ташқари Усмоновга супподрядчик бўлган 10 киши қамалди¸- дейди Озодлик манбаси.

Манбага кўра¸ Усмоновга қарши кўрсатмалар ҳам асосан Андижондан келмоқда. Усмонов барча камомадни тўлашни бўйнига олиб ëзиб берган¸ дейди суҳбатдош.

Собиқ ҳоким устидан бораётган терговдан хабардор манбанинг Озодликка айтишича, Аҳмад Усмонов устидан жиноят иши февраль ўртасида очилган.

Бундан олдин ҳибсга олиниб тергов қилинаëтган пайтида юрак хуружига учраган Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими 59 яшар Аҳмад Усмонов мавжуд процессуал қоидаларга зид тарзда касалхонада сўроқ қилинаëтган эди.

Бир-биридан мустақил манбалардан келаётган хабарларга кўра, МХХ ертўласидаги сўроқ ва юзлаштирув чоғида Аҳмад Усмонов юрак хуружига учрагани ортидан у Тошкентдаги биринчи ҳукумат стационарига ëтқизилган.

"Гитлер" ўзини касалга солдими?

Озодликнинг яна бир манбаси эса “Усмонов ўзини касалликка солиб вақтдан ютмоқчи” бўлганлиги ҳақида айтади:

"Қаранг бу киши 3 февраль куни Мирзиëев билан суҳбатдан кейин касал бўлиб докторга ëтяпти. 4 февраль куни Каримов бориб уни ишдан олиб ташлади. Ўзи милиция тизимида ишлагани учун Усмонов симулянт бўлиб (ўзини касалликка солиб-таҳр.) вақтдан ютиш мумкинлигини билади. Каримовнинг ғазаби сўниб, ишлар бости-бости бўлишини кутяпти. Билишимча, унга миокард инфаркт ташхисини қўйган доктор ҳам бу “спектакль” иштирокчиси. Пул эвазига ташхис ëзиб берилганига ишонаман. Фақат терговчилар бу версияга ишонмасдан палатада сўроқни давом эттиришмоқда"¸ дея иддао қилди суҳбатдош.

Озодлик ўз вақтида собиқ ҳокимнинг сўроқ пайтида “касал” бўлгани ҳақида ўз манбаларига таяниб, хабар берган эди.

“Гвардейский кўчасидаги подвалда сўроқ берганида юраги бежо урган. Докторлар микроинсульт дейишган. Воқеа ўтган ҳафта бошида бўлди. "Очний ставка пайтида ҳушдан кетди", дейишди. Андижон шаҳар собиқ ҳокими Нурилло Алимов унга қарши очний ставкада показание берганида юрак хуружи бошланди. Терговда қийноқ бўлмаган чунки сўроқни МХХнинг иқтисодий жиноятлар бўйича терговчилари олиб боряпти”, деган эди Озодлик манбаси.

Каримов нега “Гитлер” дан ғазабланди

Халқ орасида "Гитлер" деб ном чиқарган собиқ ҳоким 4 февраль куни Тошкент вилоят кенгаши депутатларининг навбатдан ташқари сессиясида ишдан олинган ва бир вақтнинг ўзида сенаторликдан ҳам четлатилган эди.

Бунинг ортидан Ўзбекистон расмий матбуотида собиқ ҳокимни “қоралаш маъракаси” давом этди.

Расмий газеталар президент Ислом Каримов Аҳмад Усмоновни "одамларнинг ишончини оқламагани" ва янги иш ўринлари яратмагани учун танқид қилганини иқтибослар билан эслатишди:

"Ҳамкасбларнинг ишончини йўқотгандан кейин қайта қўлга киритиш жуда қийин. Бунга уриниш бефойда. Агар бир марта одамларнинг ишончини йўқотсанг, минг марта кечирим сўрасанг ҳам бу уларнинг юрагида қолишини эсингдан чиқармаслигинг керак", деди президент.

Озодлик мухбири билан гаплаашган собиқ ҳукумат расмийсининг иддао қилишича¸ Усмонов "давлат мулозимини ургани учун" Каримов ғазабига учраган.

- Президент девонида ишлайдиган кичикроқ мулозим ўзининг Қибрайдаги уй бузилишига норозилик билдирганида Усмоновдан калтак еган. Бу нарсани Зелимхон ака (Ўзбекистон Президенти маъмурияти бошлиғи Зелимхон Ҳайдаров – таҳр.) каттага пайтини топиб туриб етказган. Катта (Ислом Каримов-таҳр.) бу ҳолатни давлат тимсолига қарши чиқиш деб ғазаб билан қабул қилган¸ дейди суҳбатдош.

4 февраль куни Тошкент вилоят кенгаши депутатларининг навбатдан ташқари сессиясида Ислом Каримов “зўравон ҳокимларнинг танобини тортиш” ҳақида узоқ гапирган эди.

Озодлик манбаси эса Усмоновнинг “давлат мулозимини ургани” унга қарши бўлган тарози палласига қўйилган навбатдаги тош бўлган:

- Ички ишлар вазирлигининг жамоатчилик билан ишлаш бошқармасининг собиқ бошлиғи, қаллобликда айбланган полковник Алишер Шарипов ҳам Ўзбекистондан қочиб бошқа давлатларда яшириниб юрганидан хабарингиз бор. Яна ҳам аниқ айтсак, Шарипов АҚШда юрибди. Ўша одам Усмоновнинг куëви бўлади. Яъни ўз вақтида Алматов пайтида коррупция билан шуғулланиб¸ дўппи тор келганда қочиб қолган полковник Шарипов Усмоновнинг қизига уйланган. Усмонов бу ҳолатни ҳаспўшлаб¸ бости-бости қилганди. Лекин шу нуқтадан бошлаб Усмонов салтанатида дарз кетиш бошланди. Бу нарсага Шавкат Миромонович (Бош вазир-таҳр.) ҳам ҳисса қўшди. Усмонов билан Бош вазир илгари Жиззахда бирга ишлаганида оралари яхши эмас эди,- дейди суҳбатдош.

XS
SM
MD
LG