Линклар

Валюта “қора бозор”ининг энг катта саррофларидан бири ҳибсга олинди


Тошкентдаги валюта “қора бозор”ининг энг катта саррофи деб таъриф бериладиган шахс ва унинг яқин одамлари Олмазор тумани Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан 15 март куни ҳибсга олинди. Прокуратура мулозимига кўра, бу шахслар босқинчилик, валютани қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш айбларини содир этганликда гумонланмоқда.

Тошкентнинг Чорсу бозорида савдо қиладиган, исми сир қолишини сўраган тадбиркор 15-март куни бир гуруҳ милиция ходимлари Зарқайнар маҳалласидаги уйлардан бирида ғайриқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғулланадиган шахс ва унинг одамларини ушлаб кетганлигини айтди:

"Чорсунинг Зарқайнар маҳалласида валюта "қора бозори" бор. У ерда А. ака деган мамлакатнинг энг катта саррофи ва унинг одамлари иш қилади. 15 март кечга яқин бир гуруҳ милиция ходимлари ўша ердаги саррофларни автобусга босиб олиб кетишган. Саррофларнинг бошлиғи А.акани ҳам олиб кетишган. Одамлар бу воқеани долларнинг курси ошиб кетгани учун қилишяпти, деб айтишяпти", деди тадбиркор.

Валюта ноқонуний савдосида айбланаётган шахслар ана шу уйда фаолият юритгани айтилди.
Валюта ноқонуний савдосида айбланаётган шахслар ана шу уйда фаолият юритгани айтилди.

Чорсудаги саррофлардан бири 15 март куни Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти(СВОЖЖДЛҚКД) Олмазор тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган амалиёт тўғрисидаги маълумот схемасини Озодликка тақдим этди.

Бу маълумотда айтилишича, фуқаро Р.Ҳ. аризасига асосан ўтказилган текширишда Олмазор тумани, Сағбон 2-берк кўчасидаги уйлардан бирида уюшган гуруҳга бирлашиб, ноқонуний равишда чет эл валютаси савдоси билан шуғулланиб келаётган А.Ҳ., Ж.Т., Ш.Ш., лар қўлга олинган. (Озодликка бу шахсларнинг тўлиқ исм-шарифлари маълум, лекин маълум сабаблар билан улар очиқланмайди – таҳририят)

Бу ва бошқа номаълум шахслар Департамент ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, уларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, тадбирда фойдаланилган 50 миллион сўм ва ноқонуний сотган 6369 АҚШ долларини босқинчилик йўли билан эгаллаб олишган ва бирга воқеа жойидан яширингани ҳам бу маълумотда айтилган.

Маълумотда ёзилишича, бу одамлар турли жисмлар билан СВОЖЖДЛҚКД Олмазор туман бўлим бошлиғи ўринбосари Руслан Маннонов, инспектор Атҳам Тўраев, холис гувоҳлар Умид Набиев ва Жасур Муҳаммаджоновларга турли хил тан жароҳатлари етказган.

Олмазор туманида валюта саррофларига қарши ўтказилган амалиёт
Олмазор туманида валюта саррофларига қарши ўтказилган амалиёт

Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚКД Олмазор тумани бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими Чорсунинг Зарқайнар маҳалласида амалиёт ўтказилганини тасдиқлади:

“Бу шахсларга нисбатан Олмазор тумани прокурори томонидан жиноят иши қўзғатилди. Бу уч шахс босқинчилик, валютани қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш айбларини содир этганликда гумонланмоқда. Терговни Тошкент шаҳар прокуратураси олиб боряпти”, деди прокуратура мулозими.

Тошкентнинг Қўйлиқ мавзеидаги валюта “қора бозор”ининг исми сир қолишини сўраган саррофларидан бири, 15 март куни Тошкентнинг бошқа нуқталарида ҳам департамент ходимлари амалиётлар ўтказганини айтди:

"Кеча собиқ Горький метроси яқинидаги йўлда турадиган, Аския бозоридаги саррофлар ҳам ушланган. Бугун ёки эртага Қўйлиққа келишади, деб бизни огоҳлантиришди. Шунга эҳтиёт бўлиб ишлаяпмиз", деди саррофлардан бири.

Озодлик сарроф айтган бу амалиётлар қачон ўтказилгани ва унда неча киши қўлга олинганини ҳозирча тасдиқлай олгани йўқ.

Тошкентдаги валюта “қора бозор”ларини 16 март куни айланиб чиққан Озодлик манбасининг айтишича, гарчи бир кун аввал бир қанча саррофлар ушланган бўлсада, лекин кўп жойларда “қора бозор” эркин фаолият юритмоқда:

“Мен шаҳарни айланиб чиқдим, Юнусободдаги “Мегапланет” савдо маркази олдида валютчиклар бемалол ишлашяпти. Кўчада бемалол туришибди, беркингани йўқ. Чорсунинг бошқа жойларида ҳам туришибди. Қўйлиқда ҳам эркин ишлаётганини кўрдим”, деди манба.

Сўнгги уч кунда Ўзбекистон валюта “қора бозор”ларида АҚШ доллари қийматининг сўмга нисбатан бирданига деярли 600-700 сўмга қимматлаб кетгани, тадбиркорларни ва валютага зарурати бор одамларни ташвишга солиб қўйган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG