Линклар

Шошилинч хабар
11 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:05

Хусусий агентлик туристик виза билан Болгарияга ишга юборганлар Истанбулда кўчада қолди


Work in World агентлигининг Telegram каналидаги сўнгги рекламасида ҳам Болгарияга сувоқчиликка юбориш¸ бунинг учун 680 евро ойлик¸ авиачипта¸ текин турар-жой ва суғурта ваъда қилинган.
Work in World агентлигининг Telegram каналидаги сўнгги рекламасида ҳам Болгарияга сувоқчиликка юбориш¸ бунинг учун 680 евро ойлик¸ авиачипта¸ текин турар-жой ва суғурта ваъда қилинган.

Тошкентдаги воситачи ширкатга 1000 доллар хизмат ҳақи тўлаб Болгарияга ишга келган беш ўзбекистонлик кўчада қолди.

Work in World хусусий бандлик агентлиги 800 евролик ойлик¸ камида бир йиллик меҳнат шартномаси¸ текин турар-жой ва озиқ-овқат ваъдаси билан уларни Болгарияга юборган.

Ўз вазияти ҳақида Озодликка ҳикоя қилган бу йигитлар Болгариянинг Бургас шаҳрига келгандан кейингина туристик виза билан юборилгани, бундай виза билан ишлаш мумкин эмаслигидан хабар топган.

Алданганларнинг айтишича¸ агентлик бу воқеа учун масъулиятни зиммасига олиш ва ўзларини Ўзбекистонга қайтариш харажатини тўлаш талабини рад этган.

Work in World хусусий агентлиги раҳбари воқеа юзасидан Озодлик саволига жавоб беришни истамади.

Бу агентликка лицензия берган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги эса¸ алданганларга прокуратурага ариза билан мурожаат қилишни тавсия этди.

Жозибали иш таклифи

Қўқонлик 27 яшар оддий уста Миржалол Худойберганов Болгарияга том ëпувчиликка иш таклифини биринчи марта Work in World агентлигининг Telegramдаги каналида жорий йил июнь ойида кўриб қолган.

800 евро ойлик¸ текин турар-жой¸ авиачипта¸ суғурта ваъда қилган агентлик¸ ўзининг Бандлик вазирлигидан расмий лицензияси борлиги¸ фаолияти тўлиғича қонуний эканини айтганидан сўнг¸ Миржалол улар орқали Болгарияга кетеишга қарор қилган.

- Бунинг учун июлда улар берган шартномага қўл қўйдим¸ айтилган банк рақамига 8 миллион сўм ўтказдим. Бу пулнинг ичида улар бир томонга билет олишди¸ Болгариянинг Бургас деган жойида бизни кутиб олувчи “иш берувчи”нинг WhatsApp номерини беришди. Болгария визаси учун алоҳида 60 евро бердим. Элчихонага умуман борганим йўқ – қаердалигини ҳатто билмайман ҳам¸ дейди 30 август куни Озодликка Истанбулдан боғланган Миржалол.

Унинг айтишича¸ иш берувчигача бўлган йўлни қоплаши айтилган агентлик¸ уларга фақат Истанбулгача авиабилет олиб берган¸ Истанбулдан Бургасгача автобусда ëнларидан пул тўлаб етиб олишни айтган.

- 5 август куни мен ва яна тўрт йигитга Болгария визаси қўйилган паспортимизни беришди. Work in World агентлиги вакили¸ иш берувчи шоширгани учун¸ уч ойлик туристик виза олингани ва бу виза кейин иш визасига узайтирилишини айтди. “Уч ой ишлаб қайтиб келасизлар¸ унгача бир йиллик иш визаси тайëр бўлади¸ яна кетасизлар”¸ дейишди.

Кўчада қолган усталар

Work in World агентлиги ваъдасига ишониб¸ Болгарияга йўлга чиққан беш ўзбекнинг саргузаштлари Истанбулдаëқ бошланган.

- Иш берувчи дейилган одам билан умуман боғлана олмадик. Бир неча кун қидириб ярим кеча топганимиздан кейин¸ бизга фалон жойга етиб келинглар¸ деди. Борсак¸ чекка бир жой экан. Паспортимизни кўриб¸ туристик виза билан ишлаш мумкин эмас¸ сизларгаям¸ менгаям штрафи катта¸ деди. Кейин бизга тош кесиш учун каръерга бориб ишласанглар¸ 400 евро беришимиз мумкин¸ ëтоқхона берамиз¸ лекин¸ овқат¸ коммунал тўловлар ўзларингдан¸ деди. Агентликка телефон қилсак¸ Истанбулга қайтиб¸ вакилимиз билан учрашинглар¸ дейишди.

Миржалолга кўра¸ тайин иш ва ойликка кетаяпмиз¸ деб ўйлаганидан¸ ëнида деярли пул олиб келмаган ўзи ва шериклари бир кеча кўчада қолиб¸ сўнгра маҳаллий одамлар тўплаган пул ëрдамида Истанбулга қайтиб келган.

- Истанбулда агентлик иш бошқарувчиси билан учрашдик¸ нима бўлганини тушунтирдик¸ ҳатто Болгарияда кўчада ухлаганимизгача айтиб бердик. Агентлик вакили бизга Хорватияда иш бор¸ жўнатамиз¸ деди. Лекин мен рози бўлмадим¸ одам савдогарлари қўлига тушиб қолмаслик учун¸ харажатларимни қоплаб бериш ва Ўзбекистонга қайтиш билети олиб беришини сўрадим. Шундан бери улар мендан қочиб юрипти¸ мен эса¸ кўчада қолиб¸ аэропортда ухлашгача мажбур бўлаяпман¸ дейди Миржалол.

Шарт ва мажбуриятлар

Озодлик гаплашган муҳожирлар Work in World хусусий бандлик агентлиги раҳбари Д. Абзалова билан тузилган 7 саҳифалик шартнома нусхаси¸ шунингдек¸ 5 авгсут куни Болгария элчихонаси томонидан берилган виза нусхасини тақдим қилди.

Шартноманинг “Ижрочи (агентлик-таҳр.)нинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари” деб номланган 5-бобида Work in World агентлиги¸ чет эл давлати “иш берувчи”сининг фуқаро билан имзолаш учун юборган меҳнат шартномаси лойиҳасини фуқарога тақдим этиш ва унинг шартлари билан фуқарони батафсил таништириш¸ фуқарони чет эл давлатига ташкиллаштирилган тартибда юбориш¸ чет элдаги меҳнат шароитига тайëрлаш ва кўниктириш¸ шунингдек¸ унинг меҳнат ҳақлари бузилган тақдирда¸ ҳуқуқий ëрдам кўрсатиш масъулиятини зиммасига олган.

Озодлик гаплашган агентлик мижозлари¸ шартномадаги бу мажбуриятларнинг бажарилмагани – иш берувчи томонидан юборилиши айтилган меҳнат шартномасини умуман кўрмаганлари¸ ҳеч қандай тайëргарлик курслари бўлмагани¸ энг муҳими¸ иш визасини олиб бериш (фуқарони чет эл давлатига ташкиллаштирилган тартибда юбориш) шартининг қўпол равишда бузилиб¸ ўзларининг ишлашга рухсат берилмайдиган туристик виза билан юборилганини айтади.

Агентлик ва уларга лизенция берган Бандлик вазирлиги нима дейди?

30 август куни Озодлик айни кунларда Болгарияга ишга кетиш учун пул тўлаб¸ Истанбулда муаллақ қолаëтган ўзбекистонликлар билан шартнома тузган Work in World хусусий бандлик агентлиги директори билан боғланди.

Мурожаат тафсилотларини эшитган Абзалова¸ бу масалада изоҳ бермаслиги ва ўз юристига мурожаат қилишни айтиб¸ суҳбатни қисқа қилди.

Агентлик раҳбари ва унинг юристи билан боғланиш уринишлари кун давомида самарасиз қолди.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг хусусий ширкатларга лизенция беришга масъул бошқармаси расмийси Истанбулдаги ўзбек муҳожирлари вазияти ҳақида Озодлик берган тафсилотни обдон эшитди.

Work in World агентлиги биздан лизенция олган. Лекин улар хусусий тадбиркорлик субъекти бўлгани учун вазирлик улар фаолиятини текшириш ваколатига эга эмас. Алданган фуқароларимиз прокуратурага ариза ëзишлари керак. Буни уларнинг Ўзбекистонда қолган яқинлари ҳам қилиши мумкин. Бу воқеа одам савдоси деб таснифланиши ҳам мумкин. Иш судга оширилса ва уларнинг алдамчилиги судда тасдиқланса¸ ўшандагина улар лизенцияси бекор қилиниши мумкин¸ деди Озодликка изоҳ берган Бандлик вазирлиги мутасаддиси.

Озодлик¸ ЕИ виза режимидан бхабар ўзбекистонликларнинг туристик виза билан ишга юборилаëтганига муносабат сўраб Болгариянинг Тошкентдаги элчихонаси билан боғланди.

Туристик виза билан ишлаш ЕИ ҳудудида қатъиян ман этилишини таъкидлаган консуллик расмийси¸ воқеага оид тафсилотлар йўқлигини айтиб¸ жиддий ўрганиб чиққандан сўнггина¸ унга муносабат билдириш мумкинлигини билдирди.

20 кундан бери пулсиз¸ жойсиз¸ ишсиз ҳолда хорижда қолаëтган Миржалол ва унинг шериклари Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консуллигига ҳам мурожаат қилган.

Элчилик¸ бундай вазиятга тушган ўзбекистонликларга молиявий ëрдам бериш имкони йўқлигини айтиб¸ уларга агентликни судга беришни тавсия қилган.

Озодлик билан суҳбатда Миржалол¸ Ўзбекистонга қайтиши билан ўз ҳақларининг бузилгани юзасидан прокуратурага ариза беришини айтади.

XS
SM
MD
LG