Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:31

WSJ: АҚШ Ўзбекистон ва Тожикистонда ўз ҳарбийларини жойлаштириш имконини кўриб чиқмоқда


Бишкек яқинидаги Манас транзит марказида АҚШ ҳаво кучлари учоғига ҳарбий юклар ортилмоқда. 6 март, 2010
Бишкек яқинидаги Манас транзит марказида АҚШ ҳаво кучлари учоғига ҳарбий юклар ортилмоқда. 6 март, 2010

Жорий йилнинг 11 сентябрига қадар АҚШ ва Вашингтон иттифоқчилари қўшинлари Афғонистонни тарк этади. Шу сабабдан АҚШ ҳарбий режалаштирувчилари қўшинлар ва ҳарбий техникани Марказий Осиё ва Яқин Шарқда жойлаштириш имкониятларини ўрганиб чиқмоқда.

АҚШ ҳарбий қўмондонлари Афғонистон ҳукуматини дастаклаш, Толибонни назорат қилиб туриш ва бошқа экстремистларни кузатиб бориш учун қўшинлар, дронлар, бомбардимончи самолётлар ва артиллерия учун база изламоқда. The Wall Street Journal нашрининг Оқ уй ва Пентагондаги манбаларга таяниб ёзишича, кўриб чиқилаётган вариантлар орасида қўшни мамлакатлардан тортиб узоқроқда, Форс кўрфазидаги амирликлари бор.

Айрим армия ҳамда Байден маъмурияти расмийларига кўра, Вашингтон учун Афғонистонга энг тез имкон берувчи давлатлар қўшни Ўзбекистон ва Тожикистон ҳисобланади. Аммо расмийларнинг айтишича, Россиянинг минтақадаги роли, Хитойнинг тобора кучайиб бораётган армияси ва ушбу икки мамлакат ва Вашингтон ўртасидаги зиддиятлар Марказий Осиёда база очиш режаларини мураккаблаштирмоқда.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ўтган ҳафта Ўзбекистон ва Тожикистонга хизмат сафари билан борди. Сафар давомида Халилзод Афғонистонда жанг қилаётган тарафлар ўртасида тинчлик ўрнатишни муҳокама қилган. АҚШ расмийлари сўзларига кўра, Афғонистондаги зўравонлик Ўзбекистон ва Тожикистонни ташвишга солади, чунки бу икки мамлакат тўқнашувлар ўз ҳудудига тарқалишини истамайди.

АҚШ расмийлари сўзларига кўра, Пентагон ҳали Марказий Осиёда база очиш тўғрисида тегишли мамлакатларга расмий мурожаат йўлламаган. Янги база очиш қарорини қабул қилишда Давлат департаменти ва Оқ уй ҳам иштирок этади.

Ўтган ой президент Жо Байден сентябрь ойига қадар АҚШ ва Вашингтон етакчилигидаги коалиция қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилишини айтганди.

Кейинги ойларда Афғонистондаги гуруҳлари ўртасидаги зиддиятлар кучайди. АҚШ, Афғонистон ҳукумати расмийлари ҳамда бошқалар хорижий қўшинлар олиб чиқиб кетилганидан кейин мамлакатда тўлақонли уруш бошланиб кетишидан хавотирда.

Ўтган ой охирида АҚШнинг Афғонистондаги юқори даражадаги қўмондони, генерал Скотт Миллер ва АҚШ Марказий қўмондонлиги бошчиси генерал Фрэнк МакКензи мудофаа вазири Ллойд Остинга Афғонистондан ҳарбийлар ва техникани олиб чиқиш кетиш бўйича дастлабки режани тақдим этган.

Ушбу режа 25 – 30 минг ҳарбий, шу жумладан, НАТО ва Америка қўшинлари ва пудратчиларни Афғонистондан олиб чиқиб кетишни кўзлайди. Давлат департаменти АҚШнинг Кобулдаги йирик элчихонасида нечта ҳарбий олиб қолмоқчи экани ҳануз номаълум. Шундай бўлса-да, АҚШ расмийлари элчихонада 1 000 га яқин ҳарбий қолиши мумкинлигини айтишди.

Шунингдек, расмийларнинг айтишича, дастлабки режаларда олиб чиқиб кетилган АҚШ қўшнилари қаерга юборилиши белгиланмаган.

Байден маъмурияти қўшинлар, дронлар ва бошқа тезкор ёрдам воситалари учун Афғонистонда яқин жойда база очишни истайди, чунки Кобулдаги АҚШ элчихонасига ҳужум уюштирилган тақдирда яқин орада жойлашган ҳарбий база қўл келади. Ўтган ойда Байден маъмурияти қўшинлар олиб чиқиб кетилишни эълон қилар экан, агар ал-Қоида Афғонистонда яна пайдо бўлса ёки «Исломий давлат» сингари бошқа гуруҳлар АҚШ ёки унинг манфаатларига таҳдид солса, ҳаво ҳужумлари амалга оширилиши ёки кузатув миссиялари йўлга қўйилишини билдирди.

Агар яқин атрофдаги мамлакатларда база очиш имкони топилмаса, АҚШ расмийлари ҳозирда бир нечта АҚШ базасига мезбонлик қилаётган араб давлатларини кўриб чиқади.

Бундан олдин Қирғизистон ва Ўзбекистон АҚШ ҳарбий базаларига мезбонлик қилган. Ўзбекистондаги база 2005 йилда, Қирғизистондаги база эса орадан ўн йил ўтиб ёпилди.

Россия ўз таъсир доирасида бўлиб келаётган собиқ совет мамлакатларига АҚШ ҳарбийлари сафарбар қилинганига бошиданоқ эътироз билдириб келади. Айниқса, Украина, Грузия ва Қирғизистонда Кремлга содиқ етакчилар ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин.

Бу орада АҚШнинг Россия ва Хитой билан муносабатлари янада совиди. Шундай бўлса-да, ушбу уч мамлакат минтақада тинчлик сақланиши тарафдоридир. Қолаверса, АҚШ расмийларининг сўзларига кўра, Марказий Осиё давлатлари Россия ва Хитой таъсирига қарши куч бўлишини хоҳлайди.

Қолаверса, Мозори Шариф орқали Покистонга темир йўл ётқизаётган Ўзбекистон Афғонистон тинч бўлишини хоҳлайди.

Ўзбекистон расмийлари сўнгги ҳафталарда АҚШ матбуотида бот-бот пайдо бўлаётган хабарларга расмий муносабат билдирганича йўқ. Ўзбекистон ҳарбий доктринаси мамлакат ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базаларини жойлаштиришни тақиқлайди. Россиянинг РИА Новости агентлигига гапирган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги вакили ҳарбий доктринадан иқтибос келтириш билан кифояланган.

XS
SM
MD
LG