Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2021, Тошкент вақти: 09:22

Таҳлил: Хитой Толибон қўлига ўтган Афғонистонда қандай манфаатларни кўзламоқда?


Толибон асосчиларидан Мулла Абдул Ғани Бародар ва Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И. Тяньцзинь , Хитой - 28 июль, 2021

АҚШ қўшинлари Афғонистондан бутунлай олиб чиқиб кетилишидан олдин Толибон мамлакатни тўсатдан эгаллаши ортидан Хитой Кобулдаги янги ҳукумат билан қандай иш тутиш ҳақида бош қотирмоқда. Экстремистик гуруҳ ҳокимиятни қўлга олгани Хитой учун ҳам имконият, ҳам хатар туғдиради.

Толибон Афғонистон пойтахтини қўлга олганидан кейин бир неча соат ўтгач, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Пекин Афғонистон билан «дўстона ҳамкорликка» тайёр экани ва мамлакатни қайта тиклашда «конструктив роль» ўйнашни ният қилаётганини билдирди.

«Афғонистон суверенитети ва мамлакатдаги барча гуруҳларнинг хоҳиш-иродасини тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда, Хитой афғон толиблари билан алоқа ва мулоқотни давом эттириб, афғон муаммосини сиёсий йўл билан ҳал қилишда конструктив роль ўйнаб келади», деди вазирлик вакили Хуа Чуньин 16 август куни.

Ғарб кучлари Кобулдан саросимага тушган фуқароларини тўс-тўполон шароитида эвакуация қилаётгани хитойлик тарғиботчилар учун қўл келди. Давлат оммавий ахборот воситалари бу тасвирлардан фойдаланиб, маҳаллий ва халқаро аудиторияга Америка заифлашиб бораётгани ва Вашингтон ишончсиз ҳамкор экани тўғрисида бонг урди.

Аммо Пекин АҚШнинг хаотик чекиниши ва эвакуациясини мазах қилаётган бўлса-да, Хитой аслида минтақада йирик ноаниқликка дучор бўлиб турибди. Пекин ҳозир Толибон ҳарбий ғалабаси ортидан янги геосиёсий харитага ҳамда Жанубий ва Марказий Осиёда таҳдидларнинг янги даврига ҳозирлик кўрмоқда.

Пекин учун устувор вазифа

Хитой Афғонистон билан 76 километрга чўзилган қисқа чегарага эга бўлиб, Пекин қўшнисига унча катта эътибор қаратмай келаётганди. АҚШ қўшинларининг олиб чиқиб кетилгани ва Афғонистонда сайланган ҳукумат қулагани бу ҳолатни ўзгартиради

Пекин Афғонистонда иқтисодий манфаатларни кўзлайди. Айниқса, Пекин учун мамлакатнинг йирик минерал бойликлари қизиқ. Бунга қарамасдан, Хитой учун устувор масала Афғонистондаги можаро мамлакат ташқарисига тарқалиши олдини олишдир.

Хусусан, минтақада беқарорликни чеклаш ҳамда Афғонистон террорчи гуруҳлар, айниқса, уйғур жангарилар учун бошпанага айланишига йўл қўймаслик Хитойни ташвишлантираётган асосий масаладир. Толибон «Шарқий Туркистон исломий ҳаракати» Афғонистон ҳудудида фаолият юритишини тақиқлаши ёки йўқлиги Толибоннинг Хитой билан муносабатлари учун дастлабки синов бўлади. Пекин уйғурларнинг «Шарқий Туркистон исломий ҳаракати»ни Шинжондаги тартибсизликлар учун айблаб келади.

Кўплаб таҳлилчилар уйғур гуруҳлар Хитойга жиддий таҳдид солишига шубҳа билан қараса-да, Пекин ҳаракатни йирик таҳдид ўлароқ кўради. Хитой Шинжондаги репрессиялар терроризмга қарши кураш эканини айтиб, ўзини оқлаб келади. Хитой Коммунистик партияси Шинжонда бир миллиондан ортиқ уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмон озчиликларни концентрация лагерлари ва қамоқларда сақламоқда.

Толибон уйғур гуруҳларидан масофа сақлаб келади. Ҳиндистон, Россия ва АҚШ каби бошқа мамлакатлар энди Толибон террор гуруҳлари Афғонистон ҳудудидан база ўлароқ фойдаланишига изн бериш-бермаслигини кузатиб боради.

Юқорида тилга олинган мақсадлардан ташқари, Пекин Афғонистонга аралашишга кўп ошиқмаяпти. Хитойлик сиёсатчилар Афғонистонни ўта хавфли жой деб билади ва хавф-хатар эҳтимолини чеклашга кўпроқ эътибор қаратишади.

Хитой – Толибон муносабатлари

Пекин аллақачон Толибон билан алоқа ўрнатишга замин яратган. Ташқи ишлар вазири Ван И июль охирида Толибон раҳбариятини қабул қилганди.

Хитой – Толибон муносабатлари мураккаб бўлиб, бир неча йиллик тарихга эга. Иккала томон ҳам бир-бирига ишонмаса-да, Пекин 2014 йилда жангарилар билан алоқаларини кучайтирди. Бунга Толибоннинг асосий ҳамкори Покистон Хитой иттифоқчисига айлангани қисман сабаб бўлди.

Хитой Афғонистондаги ҳеч бир сиёсий гуруҳни устун кўрмайди. Кобулдаги ҳукумат қулашидан олдин Пекин у билан мустаҳкам муносабатлар ўрнатган эди. Афғонистон ҳукумат кучлари эса Хитойнинг талабига биноан уйғур жангари гуруҳларини кузатиб, нишонга олишга ҳаракат қилиб келаётган эди.

Толибон Хитойнинг Афғонистондаги манфаатларини ҳимоя қила олар экан, Пекин билан прагматик ҳамкорликдан фойда кўриши мумкин бўлади.

Агар Толибон Хитойнинг хавфсизлик бўйича хавотирларини бартараф этишда Ғарб дастаклаган Афғонистон ҳукуматига қараганда ишончлироқ ҳамкор эканини кўрсата олса, Пекин гуруҳга сиёсий ва иқтисодий ёрдам кўрсатиб, унга Афғонистоннинг янги ҳукумати сифатида халқаро миқёсда легитимлик қозонишига ёрдам бериши мумкин.

Афғонистондаги бойликлар-чи?

Афғонистон электроникадан тортиб электромобиллар, сунъий йўлдошлар ва самолётлар ишлаб чиқаришда ишлатиладиган триллионлаб доллар қийматга эга нодир металларга бой экани айтилади.

2008 йилда Хитойнинг “Metallurgical Group Corporation” давлат корпорацияси Кобул жанубидаги улкан «Мис Ойнак» конини ишлатиш учун 30 йилга 3 миллиард долларлик концессияни қўлга киритган. Шунингдек, Хитой миллий нефть корпорацияси Афғонистон шимолидаги нефть конларидан фойдаланиш бўйича тендерга эга.

Аммо бу лойиҳалар мамлакатдаги хавфсизлик вазияти туфайли тўхтаб қолган. Бу хавотирлар бундан нари янада кучайишини кутиш мумкин.

Хитой Афғонистоннинг даромадли табиий бойликларидан фойдаланишни, шунингдек, ўзининг «Бир макон, ва бир йўл» ташаббуси орқали иқтисодий таъсирини кучайтиришни хоҳласа-да, мамлакатдаги мураккаб хавфсизлик муҳити туфайли Пекиннинг ушбу режалари яқин орада амалга ошмайди.

Толибон билан бизнес: Халқ қўрқуви ва ҳукумат манфаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:20 0:00

Толибон ҳокимиятни қўлга олгани Пекин учун қўл келадими?

Бу саволга оддий жавоб йўқ.

Толибон Хитой билан ҳамкорлик қилиб, унинг хавотирларини озайтиришга тайёр эканлигини билдирган бўлса-да, уларнинг ғалабаси ортидан Афғонистонда ва бутун минтақада беқарорлик кучайишини кутиш мумкин. Хусусан, мамлакатда жанглар давом этиши, қўшни мамлакатларга қочқинлар оқими кучайиши, Марказий ва Жанубий Осиёда террорчилар фаолияти авж олиши мумкин.

Пекин «Бир макон, ва бир йўл» ташаббусини Афғонистонга кенгайтиришга ошиқмаяпти, лекин Хитойнинг улкан инфратузилма лойиҳаси аллақачон Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон ва Тожикистонда чуқур илдиз отган. Хитой ушбу мамлакатларга ётқизган сармоялари ва бошлаган инфратузилма лойиҳалари орқали таъсирини кучайтиришни кўзламоқда. Пекин Афғонистондаги вазиятга аралашиш ўзининг бошқа, муҳим мақсадларига путур етказиши мумкинлигидан хавотирда.

Яқинда «Бир макон, ва бир йўл» лойиҳасидаги муҳим тугунлардан бирига айланган Покистонда Хитой манфаатлари ва ишчилари ҳужумга учради.

14 июль куни Покистонда хитойлик ишчиларни олиб кетаётган автобус портлатилди, натижада 13 киши ҳалок бўлди. Уларнинг тўққиз нафари хитойлик эди. Ҳужумни Афғонистон ичидаги гуруҳлар амалга оширгани айтилди.

28 июль куни эса Карачида хитойлик ишчиларга навбатдаги ҳужум уюштирилди.

Ҳозирча Хитой Афғонистонда қандай ҳукумат юзага келиши ва Толибон бутун мамлакат бўйлаб ўз ҳокимиятини қандай мустаҳкамлашини кузатиб боради.

Бугунга қадар Пекин ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун замин яратишга муваффақ бўлиб келмоқда, аммо Афғонистондаги вазият беқарор бўлиб қолар экан, Хитой вақтинча кутиш режимида бўлади.

XS
SM
MD
LG