Линклар

Шошилинч хабар
19 январ 2021, Тошкент вақти: 11:21

Ден Сяопин ислоҳотларининг 40 йиллиги кунида Си Хитойни очиқроқ бўлишга чақирди


Хитой раиси Си Цзинпин 2018 йил 18 декабрда Хитойда ислоҳот бошланганининг 40 йиллигига бағишланган тадбирда нутқ сўзламоқда. Пекин шаҳридаги Буюк халқ саройи.

Хитой халқ республикаси раиси Си Цзинпин сешанба куни мамлакат аҳолисини расмий Пекин талаб қилаётган ислоҳотларни оғишмай амалга оширишга даъват қилди. Аммо у ислоҳот бошланганига 40 йил тўлганига бағишланган нутқида ҳеч бир янги чорани таклиф этмади.

Си қарийб бир ярим соат давом этган маърузасида давлат иқтисодиётини ва хусусий сектор ривожланишини қўллаб-қувватлашга чақирди. Яна у Хитойни дунёга янада очиқ қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини кучайтиришни ва улкан ислоҳотлар ижросини таъминлашини айтди.

Хитой тобора ўсиб бораётган давлат секторини қўллаб-қувватлаётгани Қўшма Штатлар билан баҳсларига сабаб бўлмоқда.

Си Хитойнинг марҳум раҳбари Дэн Сяопин “ислоҳот ва очилиш” кампанияси бошлаганининг 40 йиллигини нишонлаётган куни маъруза қилди. Маълумки, ўша кампания натижасида Хитой саноати кескин ривожланиб, иқтисодиёти дунёда иккинчи ўринга чиқиб олди.

Си жамият ҳаётининг барча соҳаларида коммунистик партия етакчилик қилиши кераклигини яна бир карра таъкидлади. Унинг фикрича, ислоҳотлар Хитойга хос социалистик тизимни такомиллаштиришдай умумий мақсадга хизмат қилиши керак.

− Очилиш тараққиётга, ёпиқлик эса қолоқликка элтади, − деди Си.

Сининг маърузаси инвесторларни илҳомлантира олмади. Хитой қимматбаҳо қоғозлари индекси 1 фоиздан ошиқ тушиб кетди. Бунинг ортидан Осиёнинг бошқа қимматли қоғозлар бозорида ҳам пасайиш кузатилди.

Савдо уруши айрим хитойлик тадбиркорлар, ҳукумат маслаҳатчилари ва таҳлил марказларини ислоҳотларни жадаллаштириш, давлат назорати остида сиқилиб қолган ва жон-жаҳди билан кредит олишга интилаётган хусусий секторга эркинлик бериш даъвати билан чиқишга ундади.

Си, Хитойнинг ўзи қарорлар қабул қилиши керак, деб айтди.

Си билан АҚШ президенти Дональд Трамп жорий ой бошида савдо баҳсини 90 кун тўхтатиб туришга келишиб олган эди. Акс ҳолда иккала томон музокара қилаётган пайтда жазо тарифлари қўлланиб, вазият кескинлашиши мумкин эди.

Си маърузасида Хитой режали иқтисодиётдан воз кечгандан сўнг эришган муваффақиятларни бир-бир санаб ўтди. Режали иқтисодиёт даврида асосий товарлар нормаланган ва кўпинча тақчиллик мавжуд эди.

Alibaba, Tencent Holdings и Baidu онлайн компаниялари, шунингдек, автмобиллар ишлаб чиқарувчи Geely Automobile Holdings компанияси раҳбарлари мамлакат иқтисодиётига улкан ҳисса қўшган арбоблар сифатида тилга олинди. Бу хусусий сектор ривожланаётганидан дарак беради.

Экспертларга кўра, Си давлатнинг иқтисодиётдаги улушини камайтиришни истамайди. Шу сабабли юзага келган савдо урушининг мамлакат иқтисодиётига келтирган зарари сезиларли бўлди.

XS
SM
MD
LG