Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:44

Хитой расмийлари туркий халқлар мутафаккири Маҳмуд Кошғарий ҳайкалини олиб ташлади


Маҳмуд Кошғарий ҳайкали Қашқар яқинидаги Ўпал шаҳрида четида жойлашган қабристон ёнида ўрнатилган эди
Маҳмуд Кошғарий ҳайкали Қашқар яқинидаги Ўпал шаҳрида четида жойлашган қабристон ёнида ўрнатилган эди

Озод Осиё радиосининг хабар беришича, уйғурлар Шарқий Туркистон деб атайдиган Шинжон-Уйғур мухтор тумани расмийлари туркий дунёнинг энг муҳим олимларидан бири Маҳмуд Кошғарий ҳайкалини олиб ташлаган.

Озод Осиё радиосининг Уйғур хизмати сунъий йўлдош тасвирларига таянган ҳолда Кошғарий ҳайкали 2019 йилнинг 28 ноябридан кейин олиб ташланганини аниқлади.

XI асрда «Девону луғотит турк» («Туркий сўзлар девони») шоҳ асарини ёзган олимнинг етти метрли ҳайкали 1990 йиллар ўртасида Қашғар яқинидаги Ўпал шаҳрида четида жойлашган мозор ёнида ўрнатилган эди.

1980 йиллардан бошлаб хитой олимлари Кошғарий ҳаёти ва ижодини ўрганиб, илмий мақолаларни чоп этди, Урумчи ва Пекинда олимнинг ишига бағишланган кўплаб миллий ва халқаро анжуманлар ўтказилди.

Кошғарийнинг қабри 1980-йилларнинг бошларида Шинжон Халқ ҳукумати томонидан янгиланди. Бунинг ортидан мақбара муҳофаза қилинадиган муҳим маданий маскан этиб белгиланди ва у минтақага маҳаллий ва халқаро сайёҳларни жалб қила бошлади.

Аммо 2019 йилда Шинжон университети журналида хитой профессор Гао Бонинг хитой тилидаги «Туркий тиллар девони муаллифи ва унинг мақбараси ҳақида шубҳа ва мулоҳазалар» деб номланган мақоласи чоп этилди. Мақолада Бо Кошғарий ҳақидаги кўплаб тарихий даъволарни шубҳа остига олди.

Хусусан, Бо Кошғарий ҳаёти ҳақидаги қарашларга қарши чиқиб, унинг уйғур бўлгани ёки Ўпалда яшаганини кўрсатувчи ишончли далиллар йўқлигини иддао қилди. Афтидан, ушбу мақола нашр этилганидан бир неча ой ўтгач, Кошғарий ҳайкали ғойиб бўлган.

Нафақат уйғурларнинг, балки барча туркий халқларнинг маданий тарихида муҳим ўрин тутувчи Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асари бугунги кунда ҳам дунё олимлари томонидан ҳавола қилинмоқда ва ўрганилмоқда. Унинг мозори уйғурлар учун муҳим маданий ва муқаддас масканга айланган. 2010 йилда Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғли қабрни зиёрат қилган эди.

Туркиянинг Измир шаҳридаги Эгей университети қошидаги Турк дунёсини ўрганиш маркази профессори Олимжон Иноят ҳайкал олиб ташланганини уйғурлар ва барча туркий халқларга берилган «қаттиқ зарба» деб атади.

«Улар Маҳмуд Кошғарий туркология ва [туркий] фольклорнинг бобоси эканлигини биладилар. Шу маънода, Маҳмуд Кошғарий турк дунёсининг шон-шарафидир», - деди олим Озод Осиё радиосига берган интервьюсида.

«Маҳмуд Кошғарий ҳайкалининг Хитой ҳукумати томонидан бузиб ташлангани, бу – турк дунёсига, барча туркий халқларга уруш эълон қилишга тенг», - дея қўшимча қилди олим. Иноят туркий диаспорани Пекинга кескин жавоб қайтаришга чорлади.

Олим 1949 йилда Шинжон-Уйғур мухтор тумани ташкил қилинганидан бери Хитой ҳукумати «уйғур маданиятига мунтазам равишда ҳужум қилиб, уйғур халқи ва уларнинг аждодлари ўртасидаги алоқаларни узишга ҳаракат қилиб келаётганини» қўшимча қилди.

Озод Осиё радиоси қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳасининг тадқиқотлар бўйича директори Хенрик Шадзевски билан ҳам суҳбатлашди. Шадзевски Пекиннинг уйғурларга қарши кампаниясини XX асрдаги фашист тузумларининг этник гуруҳларга қарши репрессияларига қиёслади.

«Ўтмишда қирғин жараёнларига қўл урган ҳар қандай ҳукумат – совет ёки фашист ҳукумати бўладими, бирор халқ ва унинг маданиятини барбод қилиш ёки бутунлай йўқ қилиш билан шуғулланган ҳар қандай бошқа тузум бўладими – интеллектуал ҳаётга ҳужумдан иш бошлаган», - деди у.

Ўтган йили Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳаси биринчилардан бўлиб Шинжонда Хитой ҳукумати бошчилигида масжидлар ва қабристонлар бузиб ташланаётгани ҳақида ҳисобот эълон қилган эди. Жорий йил бошида Австралия стратегик сиёсат институти ушбу мавзуда яна бир йирик ҳисоботни эълон қилди. Институт ҳисобларига кўра, 2016 йилдан бери минтақадаги масжидларнинг 35 фоизи вайрон қилинган.

Юқорида тилга олинган икки ҳисобот муаллифлари ҳисобларига кўра, Шинжонда бузиб ташланган масжид, қабристон ва бошқа муҳим маданий-диний обидалар сони 15 мингдан юқоридир.

XS
SM
MD
LG