Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2022, Тошкент вақти: 23:02

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши "шу йил кузида бошланади"


Иллюстратив сурат.

Қирғизистон Министрлар кабинети раиси Ақилбек Жапаров расман Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши шу йил кузида бошланишини эълон қилди.

Қирғизистон ҳукумати раҳбарининг билдиришича, уч давлат ўртасида темир йўл қурилиши бўйича шартнома лойиҳаси бўйича иш якунланган. Шартнома Шанхай хамкорлик ташкилотининг сентябрда ўтувчи саммитида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой лидерлари томонидан имзоланиши кутилмоқда.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш бўйича ваъдалар 20 йилдан бери бериб келинган. Сўнгги марта бу лойиҳа 2018 йилда бошланиши билдирилган эди. Аммо шу кунгача амалий иш бошланмаган.

Қирғизистон ҳукумати қурилиш кузда бошланишига ишонади

Ўтган ҳафтадаги ҳукумат йиғинида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши шу йил кузидан бошланишини расман эълон қилган Қирғизистон Министрлар кабинети раиси Ақилбек Жапаров Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган суҳбатида уч мамлакат ўртасидаги йирик лойиҳа қурилишини бошлашга тайёргарлик кетаётганини яна бир бор тасдиқлади.

“Барча шартномалар, шу жумладан, манфаатдор бўлган барча давлатлар билан келишувлар устида ишлаш тўла якунланди. Сентябрь ойида бўладиган ШҲТ саммити чоғида уч давлат раҳбарлари темир йўл қурилишини бошлаш бўйича ҳужжатни имзолайди, деб режалаштирмоқдамиз. Сентябрдан қурилишни бошлаш тўғрисидаги ҳужжатни имзолашга қирғиз, ўзбек ва хитой ҳукуматлари тайёргарлик кўряпмиз”.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити шу йилнинг сентябрида Тошкентда ўтказилади. Министрлар кабинетининг раиси ҳозирда темир йўл лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари устида иш кетаётганини билдирди.

Ақилбек Жапаров Қирғизистон ҳозир мамлакат учун қулай ва фойдали бўлган темир йўл маршрутини тасдиқлашга ҳаракат қилаётганини таъкидлади.

Ўтган йили уч мамлакат топографик, геологик ишларни олиб бориб, Қирғизистон ҳудудидаги маршрут бўйича бир неча вариант тайёрлангани маълум қилинган.

Уларнинг бирига мувофиқ, темир йўл Хитойдан Қирғизистоннинг Тўруғарт давонига олиб кирилади ва Жалолободга йўналтирилади. Жалолобод орқали темир йўл Ўзбекистонга олиб ўтилади. Бу йўл узунлиги 280 километрни ташкил этади. Иккинчи вариант тўғрисида эса маълумот берилмаган.

Расмий: “Ҳозирча айрим маълумотлар махфий”

“Қирғиз Темир йўли” ширкати бош директори Азамат Сакиев Озодликнинг қирғиз хизматига берган суҳбатида, темир йўл бўйича икки маршрут кўриб чиқилаётганини билдирди:

“Музокаралар олиб боряпмиз. Ҳозир бу маълумотлар махфий ҳисобланади. Қирғизистондан темир йўлни икки йўналиш бўйича олиб ўтиш мумкин. Мана шу иккала йўналишни ҳам муҳокама қиляпмиз. Хитой ва ўзбек томони билан темир йўл йўналишлари бўйича келишиб олганмиз”

Темир йўл қурилишини молиялаштириш қандай бўлади деган саволга ҳозирча аниқ жавоб йўқ. Бунга қадар лойиҳанинг тахминий қиймати 5 миллиард доллар атрофида деб баҳоланган.

Хитой элчиси: “Лойиҳани Хитой ёлғиз ўзи молиялаштирмайди”

Хитойнинг Тошкентдаги элчиси Цзян Янь ўтган ҳафта Ўзбекистондаги YouTube каналларидан бирига берган суҳбатида, темир йўлни қуриш бўйича музокаралар фаол олиб борилаётганини ва лойиҳани Хитой ёлғиз молиялаштирмаслигини билдирган:

"Ҳозирда мутахассислар темир йўлнинг техник-иқтисодий асосларининг турли вариантларини қизғин муҳокама қиляпти. Яқин орада бу масала юзасидан муросага келамиз деган умиддамиз. Охир-оқибатда қурилиш ишларини бошлаш керак. Мазкур темир йўл уч давлатга тегишли. Бу бизнинг умумий ишимиз. Умумий ишни биргаликдаги ҳаракат билан амалга ошириш керак. Шу сабабли, Хитой темир йўл қурилишини ёлғиз молиялаштиради дейишдан йироқман”.

Хитойни Марказий Осиё билан туташтирувчи темир йўлни қуриш бўйича музокаралар 20 йилдан ортиқ вақтдан бери давом этмоқда. У ҳудудий ва дунёвий аҳамиятга эга бўлиб, Форс кўрфазига чиқувчи янги савдо маршрутини очади.

Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг лойиҳа бўйича зиддияти

2017 йилда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳ тузилган, шунингдек, лойиҳани амалга оширишнинг уч хил варианти кўриб чиқилаётгани ҳақида маълум қилинган.

Қирғизистон темир йўлни Отбоши туманидаги Тўруғарт довонидан ўтказишни истайди. Бу ҳолда Қирғизистон жануби шимолий вилоятлар билан боғланади.

Хитой ва Ўзбекистон эса йўлни Ўш вилоятидаги Эргаштом довони орқали қуриш таклифини киритган. Бу ҳолатда йўлнинг узунлиги қисқаради ва лойиҳавий қиймати камаяди.

Ўзбекистон бу лойиҳадан "манфаатдор"

Ўзбекистон мазкур темир йўл қурилишини 2016 йилдан бошлаб фаол қўллай бошлади. Жумладан, президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг мартида Тошкентда ўтган Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми очилишида бу масалага алоҳида тўхталиб ўтганди:

“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Ўзбекистон—Қирғизистон—Хитой темир йўли орқали Осиё—Тинч океани минтақасига етказиш учун имкониятлар яратиш бўйича ҳам амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда”,деган президент.

Жорий йилнинг 31 март куни эса Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Хитойнинг Тошкентдаги элчиси Цзян Янь билан учрашгани тўғрисида хабар қилинди.

Расман билдирилишича, учрашувда “темир йўл қурилиши лойиҳасини амалга ошириш, шунингдек, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали ушбу йўналиш бўйлаб мултимодал транспорт коридорини ривожлантиришни давом эттириш муҳимлиги” таъкидланган.

Лойиҳа тарихи

Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон бош вазирлари 1997 йилнинг 21 июлида Қирғизистон-Хитой чегарасидаги “Эргаштом” чегара пунктини очиш маросимида қатнашган эди.

Ўшанда бу уч давлат расмийлари яқин орада Андижон-Ўш-Қошғар автомобиль йўли очилишини эълон қилган, аммо бу йўл 2018 йилга келибгина очилди. Ўшанда бери расмийлар темир йўл “яқинда” очилишини ваъда қилиб келмоқда.

2001 йилнинг июнида Қирғизистон транспорт ва коммуникация вазири Қубаничбек Жумалиев Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўлини қуриш бўйича келишувга эришилганини эълон қилди. 2008 йилнинг январига келиб Хитойнинг Синьхуа агентлиги темир йўлни қуриш бошланганини ва лойиҳа 2010 йилда якунланишини хабар қилганди.

Ўшандан бери ўзбек ва қирғиз расмийлари Хитой расмийлари билан ўтказилган учрашувлар давомида темир йўл масаласини кўп ва хўп муҳокама қилишди, аммо уни якунлаш йўлида сезиларли силжиш бўлмади.

2018 йили Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Алмазбек Атамбаев темир йўл қурилиши “яқинда бошланиши”ни эълон қилган. Аммо бу баёнот амалиётда аксини топмаган.

2019 йилнинг ноябрида эса Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Сўўрўнбай Жээнбеков Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳасига Россия ҳам қизиқиш билдирганини, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини тайёрлаш учун Москва Қирғизистонга 200 миллион рубль ажратажагини айтди. Бироқ бу баёнот ҳам қуруқ сўзлигича қолиб кетди.

Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли Хитойни Марказий Осиёга боғловчи тугалланмаган икки лойиҳанинг бири. Иккинчиси Туркманистон-Хитой табиий газ қувури лойиҳасининг D линиясидир.

XS
SM
MD
LG