Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2022, Тошкент вақти: 08:35

Халқаро хабарлар

ЕИ миграция инқирози манзарасида Беларусга қарши янги сакциялар жорий этмоқчи

Беларусь-Польша чегарасидаги мигрантларнинг болалари

ЕИ ташқи ишлар вазирлари 15 ноябрь куни Беларусга қарши навбатдаги – бешинчи санкциялар туркумини маъқуллаши кутилмоқда. Reuters қайдича, янги чеклов чоралари Беларуснинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан чегарасидаги миграция инқирози важидан жорий этилади. ЕИ расмийлари бу инқирозни Беларусь ҳукумати сунъий равишда вужудга келтирган, деб ҳисоблайди.

Санкциялар Беларусь мулозимларидан ташқари, мигрантларни ташишда қўлланилаётган Минск халқаро аэропорти, авиаширкатлар ва сайёҳлик агентликларини қамраб олиши мумкин. Аввалроқ ОАВ рўйхатга Россиянинг “Аэрофлот” ширкати ҳам киритилиши эҳтимоли мавжудлиги ҳақида ёзишган.

ЕИ ташқи ишлар идораси раҳбари Жозеп Боррель 14 ноябрь куни вазиятни Беларусь ташқи ишлар вазири Владимир Макей билан телефон орқали муҳокама қилган. Расмий хабарномада Макей “суҳбатошига Осиё, Африка ва Яқин Шарқдан мигрантлар оқимини камайтириш бўйича Беларусь томонидан кўрилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берган”.

Боррель Twitter’да мигрантлар ёнига инсонпарварлик ташкилотларини қўйишни талаб қилганини ёзган, шунингдек одамлардан қурол ўрнида фойдаланмасликка чақирган.

Польша эса, ўз навбатида, Литва ҳамда Латвия билан бирга Шимолий Атлантика шартномасининг 4-бандига биноан НАТОдаги иттифоқчилари билан шошилинч маслаҳатлашувни талаб қилиши мумкинлигини эълон қилган. Шунингдек Варшава Беларусь билан чегарани бутунлай ёпиш имкониятлари маҳкама қилинаётганини билдирган.

Кун янгиликлари

Запорожье АЭСи ходимлари жаҳон ҳамжамиятига мурожаат билан чиқишди

Запорожье атом электр станцияси

Жорий йилнинг март ойидан буён Россия ҳарбийлари назорати остида қолаётган Запорожье атом электр станцияси ходимлари жаҳон ҳамжамиятига мурожаат билан чиқишиб, ундан “тузатиб бўлмас хатога йўл қўймас”ликни илтимос қилишди.

Мурожаатномада АЭС россияликлар томонидан эгаллаб олинганидан буён ўтган беш ой мобайнида “тинч атом билан муомала қилиш соҳасида хавфсизликни таъминлаш бўйича кўплаб ҳуқуқий меъёр, тамойиллар ва регламентлар бузилган”и айтилган.

“Биз ядровий реакцияни профессионал даражада бошқара оламиз. Бироқ инсоний масъулиятсизлик ва ақлсизлик олдида ожизми”, дейилган мурожаатномада.

Сўнгги икки ҳафтадан буён АЭС ҳудуди мунтазам равишда ўққа тутилмоқда. Украина расмийлари иддаосича, бу ҳужумларни россияликларнинг ўзлари амалга оширишяпти.

Аввалроқ ОАВда Россия армияси Запорожье АЭСи ҳудудида ракета тизимлари ҳамда бошқа ҳарбий техника воситаларини жойлаштиргани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 18 август куни Львовда Украина ва Туркия президентлари билан ўтказилган музокаралардан кейин Запорожье АЭСи ҳудудини “демилитаризация қилиш”га чақирган. Гутерришга кўра, ҳарбийлар ва қурол-аслаҳалар АЭС ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши лозим, станциянинг ўзи эса бирор-бир ҳарбий операциянинг бир қисмига айланиб қолмаслиги керак.

Литва ташқи ишлар вазири ЕИга аъзо мамлакатларни россияликларга берилган шенген визаларини бекор қилишга чақирди

Габриэлюс Ландсбергис

Литва ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис Европа Иттифоқи мамлакатларини Россия фуқароларига бериб бўлинган шенген визаларини бекор қилишга чақирди. Ландсбергиснинг баёноти Politico нашрида чоп қилинган.

ТИВ раҳбарига кўра, россияликларга шу пайтгача жуда кўп миқдорда уч йиллик кўп марталик визалар берилган. Бу эса, Россиядаги айрим элчихоналар фаолияти тўхтатилгани ҳамда санкцияларга қарамай, Россия фуқаролигига эга бўлган кўплаб туристлар ҳалигача Европага саёҳат қилиш имкониятига эга бўлиб қолаётганини англатади.

“Ҳаммамиз бир бўлиб виза беришга тақиқни максимал даражада эффектив қилиш бўйича самарали қарорга келишимиз лозим. Ва бу қарор россиялик ва беларуслик туристларга қатъий “йўқ” жавобини ўзида акс эттириши керак”, деган вазир ҳеч бўлмаганда уруш тугагунича россияликларга берилган узоқ муддатли визалар чақириб олишини зарурлигини урғулаган.

Ландсбергис, Литванинг россияликларга виза беришга тақиқ жорий қилиш чақириқларига қарамасдан, Европадаги айрим давлатлар ҳалигача бу чорага қарши чиқаётганларини қўшимча қилган.

Киевга урушда энг кўп кўмак кўрсатаётган мамлакатлар номи очиқланди

Германиянинг Кил университети Жаҳон иқтисодиёти институти Россияга қарши урушда Украинага энг катта дастак бераётган мамлакатлар номини очиқлади.

1 июль ҳолатига кўра, Киевнинг Москвага қарши урушидаги энг асосий ҳарбий донори АҚШ бўлиб қолмоқда. Бу мамлакат шу кунгача Украинага 25,45 миллиард долларлик ёрдам кўрсатган. Киевга кўрсатилаётган кўмак ҳажми бўйича иккинчи ўринда Буюк Британия ($4,11 млрд), учинчида Польша ($1,83 млрд), ундан кейин эса Германия ($1,22 млрд) турибди.

Бу орада Украинанинг асосий ёрдамчиси бўлган Қўшма Штатлар Киевга яна 800 миллион долларлик ҳарбий кўмак кўрсатишни ваъда қилган. Бу ҳақда Reuters агентлиги уч манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди. Янги ёрдам пакети ҳақида яқин кунларда эълон қилиниши кутилмоқда.

Мотам куни эълон қилинган Харьковда шаҳар мавзелари яна ўққа тутилмоқда

Аҳолисининг асосий қисми рус тилида сўзлашувчи Харьков шаҳри 19 август куни эрталаб Россия қўшинлари томонидан яна ўққа тутилди.

Харьков мэри Игорь Тереховнинг ўз телеграм-канали орқали маълум қилишича, жума тонгида шаҳарнинг Киев, Основянск ва Немишля туманлари зарбаларга дучор бўлган.

Россия армияси чоршанба оқшоми ва пайшанба тонгида Харьковга қарата ракета зарбалари берган, натижада икки ётоқхона ва хусусий тураржойлардан бир нечтаси вайрон бўлган. Харьков вилоят маъмурияти раҳбари Олег Синегубовга кўра, ракета зарбалари туфайли 17 киши қурбон бўлган, 42 киши жароҳатланган. Шу муносабат билан маҳаллий расмийлар 19 августни Харьковда мотам куни деб эълон қилишган эди.

Харьков ўққа тутилганини тасдиқлаган Россия Мудофаа вазирлиги зарба нишони “чет эллик ёлланма жангчилар вақтинча турган манзил” бўлганини иддао қилган.

Эрдўғон Зеленский ва Гутерриш билан учрашиш учун Украинага учиб кетди

Ражаб Тоййиб Эрдўғон

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Украина президенти Владимир Зеленский ва БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашиш учун Львовга йўл олди. Унга Туркия ТИВ раҳбари Мевлут Чавушўғли ва мудофаа вазири Хулуси Ақар ҳамроҳлик қилмоқда.

Зеленский ва Гутерриш билан музокараларда Эрдўғон Украинада ўт очишни вақтинча тўхтатиш ташаббуси билан чиқиши ҳамда асир алмашишда Анқара воситачилигини таклиф қилиши кутилмоқда, дея хабар қилган Туркиянинг NTV телеканали ҳукуматдаги ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда.

Шунингдек, Эрдўғон Россия президенти Владимир Путин ва Украина президенти Владимир Зеленскийга музокара учун Туркияда юзма-юз учрашув ўтказишни таклиф қилмоқчи.

Шу билан бирга, 18 август куни Зеленский, Эрдўғон ва Гутерриш Львовда Украина портларидан чиқаётган кемаларнинг Қора денгиз бўйлаб ҳаракатланиши, озиқ-овқат ва ғалла экспорти масалалари, шунингдек, Запорожье АЭСи атрофидаги вазиятни муҳокама қилишлари режаланган.

Кобулдаги масжидда уюштирилган портлашда 21 киши нобуд бўлди

Кобул масжидидаги портлашда вафот этганлардан бирининг жанозаси, 2022 йил 18 августи

Афғонистон пойтахти Кобул шаҳридаги масжидда 17 август куни намоз пайтида кучли портлаш содир бўлди. Афғонистон полицияси маълумотига кўра, ҳодиса чоғида масжид имомий дохил 21 киши нобуд бўлган, яна 33 киши жароҳатланган.

Ҳужум ортида ким тургани ҳозирча аниқ эмас. Бироқ бир ҳафтача аввал “Ислом давлати” террор ташкилоти жангарилари “Толибон” ҳаракатини дастаклаётган руҳонийни портлатишган эди.

Бугунги кунда “Ислом давлат” гуруҳи бир йил муқаддам Афғонистон устидан назоратни қўлга киритган толибларнинг асосий душмани бўлиб ҳисобланади.

Кобулда портлатилган масжид атрофи айни пайтда хавфсизлик кучлари томонидан ўраб олинган. Гувоҳлар портлаш кучидан яқин-атрофдаги уйларнинг деразалари синиб тушганини айтишган.

Туркия Исроил билан тўлақонли дипломатик алоқаларни тикламоқчи

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли

Туркия Исроил билан тўлақонли дипломатик алоқаларни тиклайди, дея билдирди ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли.

Туркия бош дипломати чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Анқара тез орада Исроилга элчи номзодини тақдим этиши, кейинроқ бош консул ҳам тайинланишини маълум қилган. Ўз навбатида, Исроил ҳам Туркиядаги ўз дипломатик ваколатхонаси фаолиятини тиклайди.

Исроил бош вазири Яир Лапид Туркия билан дипломатик алоқаларнинг тикланиши минтақавий барқарорлик учун муҳим ва исроилликлар учун иқтисодий жиҳатдан ўта аҳамиятли қадам бўлиб ҳисобланишини урғулаган.

Икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар 2010 йили Исроил ҳарбийлари Фаластинга кетаётган “Мовий Мармара” кемасини эгаллаб олгани ортидан ёмонлашиб кетган эди.

НАТО бош котиби Запорожье АЭСига халқаро инспекторларни киритишни талаб қилди

Йенс Столтенберг

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россия қўшинлари томонидан эгаллаб олинган Запорожье АЭСи ҳудудига Атом энергияси бўйича халқаро агентлик инспекторларини имкон қадар тезроқ киритиш зарурлигини билдирди.

НАТО бош котибига кўра, АЭСнинг ишғол қилиниши хавфсизлик учун жиддий таҳдид бўлиб, кутилмаган оқибатли ядровий инцидентга олиб бориши мумкин. Столтенберг Россия кучларини Запорожье АЭСи ҳудудидан чиқариш лозимлигини урғулаган.

Россия ва Украина бир-бирларини атом электр станцияси жойлашган ҳудудни ўққа тутаётганликда айблаб келишмоқда. Аввалроқ Москва Запорожье АЭСини Россия энергетика тизимига уламоқчи эканига оид маълумотлар пайдо бўлган. Украина станциянинг ўз назорати остига қайтарилишини талаб қилиб келяпти.

Туркияда Туркманистон консуллиги ходимлари фаоллар ва адвокатни калтаклашди

Туркманистоннинг Истанбулдаги консулхонасида калтакланиш чоғида жароҳат олган фаол Атамурад Сапаров, 2022 йил 16 августи

Туркманистонлик фаоллар 16 август куни туркиялик икки ҳуқуқбон ва адвокатлар дастаги билан Туркманистоннинг Истанбулдаги консулхонасига келиб, президент Сердар Бердимуҳамедовга очиқ хат топширмоқчи бўлишган, пировардида улар консуллик вакиллари томонидан калтакланишган. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркманистон Хельсинки жамғармаси (ТХЖ) маълум қилди.

“Адвокат Гулден Сўнмез ва фаоллар хатни топшириш учун қўриқчидан бирор-бир ходимни чақириб беришни сўрашганида уларни консулхона ҳовлисига ўтказиб юборишган. Ҳужжатни консулхона вакилларига топшириш ҳаракати чоғида у ердан 6 нафар ходим чиқиб, фаолларни сўкиб, ҳақорат қилиб, калтаклай бошлашган”, деб ёзган ТХЖ.

Жамғарма қайдича, консуллик вакиллари икки аёл ва уч эркакни дўппослашган. “Улардан бирини ерга ётқизиб олиб уришган, ҳатто адвокатга ҳам ташланишган”, дея иқтибос келтиради воқеа гувоҳлари сўзларидан ТХЖ. Ҳодиса чоғида бошига оғир матоҳ билан урилган фаол Атамурад Сапаров жиддий жароҳат олгани, врачлар унга илк ёрдамни кўрсатишгани айтилган.

Июнь ойида туркманистонлик муҳожирларга ҳуқуқий ёрдам бериб юрган туркиялик адвокат Гулден Сўнмез Истанбулдаги судлардан бирига Туркманистон расмийларига қарши жиноят иши очиш тўғрисида ариза топширган эди. Туркия нашрлари хабарига кўра, даъво аризасида туркманистонлик саккиз нафар собиқ ва амалдаги мансабдорлар фамилиялари келтирилган бўлиб, улар орасида собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедов, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, ички ишлар вазири Муҳаммед Хидиров ва бошқаларнинг исмлари бор эди.

Адвокат Сўнмезнинг мижозлари бўлган ва Туркияда юрган туркманистонликлар узоқ йиллар мобайнида паспортлари муддатини узайтириш ва бу мамлакатда қонуний асосда юриш учун ҳужжат расмийлаштириш имкониятидан маҳрум эканларидан шикоят қилиб келмоқдалар. Улар ўз ҳуқуқлари асосий ҳужжатларни беришдан (шу жумладан никоҳни қайд эттириш ва янги туғилган чақалоқларга гувоҳнома беришдан) бош тортаётган Туркманистоннинг Туркиядаги консуллиги томонидан бузилаётганини айтишяпти.

Туркия расмийлари тарқатган маълумотга кўра, Туркияда шу кунда бир неча юз минг нафар туркманистонлик истиқомат қилади. Мустақил манбалар маълумотига кўра эса уларнинг сони бундан бир неча баробар кўп. Уларнинг кўпчилиги ҳужжатлари муддати ўтиб кетгани сабабидан нолегал мақомга эга бўлиб қолишган. Туркман расмийлари одатда миграцияга оид маълумотларни эълон қилишмайди.

Қозоқ тилли мактабларда ўқиш фақат давлат тилида юритиладиган бўлди

Қозоғистон ҳукумати 16 август куни маориф вазирлигининг ўқиш давлат тилида юритиладиган мактабларнинг биринчи синфларида фақат қозоқ тилини қолдириш бўйича таклифини дастаклаб чиқди, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.

Вазирлик таклифига мувофиқ, таълим давлат тилида олиб бориладиган мактаблардаги биринчи синф ўқувчилари бундан буён фақат қозоқ тилини, таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларда эса қозоқ ва рус тилларини ўрганишади. Мазкур амалиёт шу йил сентябридан бошланади.

Қозоқ мактабларида рус тилини ўрганиш иккинчи синфдан, инглиз тилини ўрганиш эса барча мактабларда учинчи синфдан бошланади.

Қозоқ мактабларининг биринчи синфида фақат қозоқ тилини қолдириш режаси борлигини Маориф вазирлиги шу йил июнида очиқлаган эди. Бу ташаббус мактабга янги келган ўқувчига бирданига бир неча тилни ўзлаштириш қийинлиги билан изоҳланган эди.

Россиялик хакерлар Украинанинг “Энергоатом”и сайтига йирик киберҳужум уюштиришди

Украинада “Энергоатом” давлат корхонаси уруш бошидан бери уюштирилган энг йирик киберҳужумга дуч келган. Бу ҳақда компания матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, мазкур ҳужум россияликлар томонидан 7,25 миллион бот-юзерларни ишга солган ҳолда амалга оширилган – улар уч соат мобайнида ширкат сайти асосий саҳифасини юзлаб миллион марта кўрилишини таъминлаган.

Украиналик мутахассисларга кўра, ўз кўламига қарамай, ҳужум сайт ишига кескин салбий таъсир кўрсатган эмас.

Ҳужум ўзларини “Халқ киберармияси” деб атаган хакерлар гуруҳи томонидан Россия ҳудудидан туриб амалга оширилгани иддао қилинмоқда.

Украинада рус тили мактаб дастуридан олиб ташланди

Иллюстратив сурат

Украинада рус тили ва адабиёти мактаб дастуридан олиб ташланган – фақат Украинада туғилган Николай Гоголь, Владимир Короленко ва Михаил Булгаков асарларигина истисно тариқасида олиб қолинган.

Шунингдек, синфдан ташқари ўқиш дарсларида ўқитувчи ўқувчилар билан бирга Ильф ва Петров қаламига мансуб бўлган “12 стул” ёки Анатолий Кузнецовнинг “Бабий Яр” асарини ўқиши мумкин.

Бундан ташқари, вазирлик Украинанинг ХХ аср ҳамда ХХI аср бошларидаги тарихи бўйича ўрта ўқув юртлари дастури мундарижасини қайта кўриб чиққан.

Янгиланган дастурларда СССР Украина ССРнинг “суверенитетини ўзлаштириб олган империя шаклидаги ҳукумат” ҳамда “руслаштириш сиёсатини ўтказган” давлат сифатида тақдим этилади.

ХХ аср тарихини ўрганишда украиналикларнинг “истибдод”га қарши курашига урғу берилмоқда, дастурга эса “рус дунёси”, “рашизм”, “коллаборационизм” каби тушунчалар киритиляпти.

Вазирлик “геноцид белгилари”га урғу берган ҳолда Россиянинг ҳарбий ҳаракатларига алоҳида ўқув блокини бағишлашни кўзламоқда.

Уфа суди ДДТ гуруҳи раҳбари Шевчукни “армияни обрўсизлантиргани учун” жаримага тортди

Юрий Шевчук

Россия таркибига кирувчи Бошқирдистон пойтахти бўлмиш Уфа шаҳрида суд ДДТ гуруҳи лидери Юрий Шевчукка Россия армиясини “обрўсизлантирганлик”ка оид маъмурий модда бўйича 50 минг рубль миқдорида жарима солиш ҳақида қарор чиқарди. Бунга мусиқачининг май ойида Уфада берган концертида Ватан ва уруш ҳақида айтган сўзлари сабаб бўлган.

Шевчукнинг ўзи судда қатнашган эмас. Мусиқачининг адвокати бу ўринда мижози томонидан қонун бузилганига оид далил йўқлиги, полиция эса баённомани нотўғри тузганини айтган. Айблов томони эса Шевчук Россия президенти Владимир Путиннинг “махсус амалиёт” тўғрисидаги сўзларини шубҳа остига олиб, уларни “Наполеон режалари” деб атаган ва бу иш билан Россия армиясини обрўсизлантирган.

Шевчук ўзининг судга йўллаган мурожаатида исталган мамлакат ва исталган замондаги урушларнинг барчасига ҳар доим қарши бўлганини билдирган. У 1980 йилдаёқ бу ҳақда “Отма” қўшиғини ёзганини эслатган. Мурожаат матнини “Агора” ҳуқуқбонлик гуруҳи раҳбари Павел Чиков ўз Telegram-канали орқали эълон қилган.

Май ойи ўрталарида Шевчук Уфадаги концерт чоғида саҳнадан туриб “галдаги Қайсаримизнинг қанақадир наполеонча режалари учун Украинада қариялар, аёллар ва болалар нобуд бўлмоқда” деган ҳамда “Ватан доим ўпиб туриладиган президентнинг кети эмас”лигини таъкидлаган эди.

Бу сўзлар ортидан унга қарши Россия Қуролли кучларии обрўсизлантирганлик тўғрисида маъмурий баённома тузилган. Кейинроқ суд баённомадаги ноаниқликлар туфайли баённомани тузувчисига қайтарган – полициячилар мусиқачи айнан қайси амали билан армияни обрўсизлантирганини тушунтириб беролмаганлар.

Россияликларнинг "карта туризми" боис МДҲ мамлакатларида банк карталарига талаб ошди

Қирғизистонда берилган халқаро тўлов тизимлари карталари сони ўтган бир йил давомида 39,7 фоизга (1,2 миллион карта) ошган. Бу рақам мамлакат Марказий банки томонидан қайд этилган. Ўтган йили берилган карталар миқдори аксинча 5,6 фоизга камайгани кузатилган эди.

Ўзбекистонда берилган карталар сони ўтган йилга нисбатан 26,2 фоизга, Арманистонда 16,2 фоизга, Беларусда 11,52 фоизга, Тожикистонда эса 28 фоизга ошган. Мижозларга берилган банк карталари сони бўйича энг кам ошиш Қозоғистонда (7,86 фоиз) қайд этилган.

Таҳлилчилар МДҲ мамлакатларида банк карталари берилиши кўпайганининг асосий сабабини Россиядан Mastercard ва Visa халқаро тўлов тизимларининг кетганида кўрмоқдалар, Россиянинг "МИР" ва Хитойнинг UnionPay тизимларига эса талаб катта эмас.

Россияликлар томонидан карта туризмининг авж олиши апрель ва май тўғри келган. Аммо кейинги ойларда банклар Ғарб санкцияларига нишон бўлмаслик учун норезидентлар учун ҳисобрақам очиш шартларини кучайтира бошлашган.

БМТ: Февраль охиридан буён Украинада 5,5 минг нафар тинч аҳоли вакили нобуд бўлган

БМТ маълумотига кўра, Украинада уруш бошланган 24 февралдан бери бу мамлакатда тинч аҳоли вакилларидан камида 5,5 минг нафари қурбон бўлган.

БМТ таҳлилчилари бу фақат ҳужжат билан тасдиқланган ўлимлар эканини урғулашмоқда – ҳалок бўлганларга оид ҳақиқий рақамлар бундан анча кўп бўлиши мумкин, чунки жанговар ҳаракатлар кетаётган жойлардан маълумот жуда кеч етиб келмоқда ва уларни қайта текшириш зарурати бор.

Халқаро ташкилот томонидан тасдиқланган қурбонлар орасида 2125 нафарини эркаклар, 1451 нафарини аёллар, 147 нафарини қизлар, 170 нафарини эса ўғил болалар ташкил этган, яна 39 нафар бола ҳамда 1582 нафар катта ёшдаги кишиларнинг жинсини аниқлашга муваффақ бўлинмаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG