Линклар

Шошилинч хабар
11 май 2024, Тошкент вақти: 03:06

Халқаро хабарлар

Еврокомиссия иқлим ўзгаришига қарши кураш режасини тақдим этди

Еврокомиссия 14 июль куни иссиқхона газлари чиқиндисини камайтириш бўйича батафсил режани тақдим этди. Бу ҳақда Reuters хабар қилди.

Ҳужжатга кўра, газ чиқиндилари кўрсаткичи 2030 йилда 1990 йилги даражадан 55 фоизга камайиши керак. 2050 йилга бориб эса бу кўрсаткични нулга тушириш кўзда тутилган.

Мазкур режани амалга оширишда қатор аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, 2030 йилгача ЕИ бензин ва дизель юритгичли автомобиллардан бутунлай воз кечади, бутун Европа бўйлаб электрда ишловчи автомашиналарни қувватлаш шохобчалари тармоғи барпо этилади, саноат ширкатларидан карбонад ангидрид чиқиндиси учун олинадиган тўлов миқдори оширилади, авиация ёқилғиси учун умумевропа солиғи жорий қилинади ҳамда ЕИга аъзо ҳар бир мамлакат янги ўрмон ҳудудларини яратади.

Эндиликда режа аъзо мамлакатлар ҳамда Европа парламенти томонидан маъқулланиши керак. Бу жараён икки йилга чўзилиши мумкин.

ЕИнинг иқлим сиёсати бўйича раҳбари Франс Тиммермансга кўра, мазкур лойиҳани амалга ошириш жуда қийин бўлади, бироқ Европа олдида бошқа йўл йўқ. Акс ҳолда, инсоният “сув ва овқат учун уруш қилиш”га маҳкум бўлади, деган мулозим.

Дунё бўйича атмосферага чиқариладиган иссиқхона газларининг атиги 8 фоизи ЕИ ҳиссасига тўғри келади. Евроиттифоқ 1990 йилга қиёсан бу кўрсаткични чорак ҳиссага камайтиришга муваффақ бўлган.

Еврокомиссия тақдим этган ҳужжат “Катта еттилик”нинг июнь ойида бўлиб ўтган саммитида дастакланган иқлим ўзгаришларига қарши кураш ташаббусининг давоми ўлароқ кўрилмоқда. Ўшанда жаҳоннинг энг бой давлатлари икки босқичда — 2035 ва 2050 йилларгача углерод нейтраллигига эришишга келишиб олганди. Бу дастурни бажаришга биргина АҚШ 15 йил давомида 2 триллион доллар ажратишни режаламоқда. Дастурдан мақсад — дунё бўйича ўртача ҳароратнинг 1.5 даражадан ортиқ кўтарилишига йўл қўймасликдир.

Кун янгиликлари

Давлат думаси Мишустинни бош вазир лавозимига қайта тасдиқлади

Россия бош вазири лавозимига қайта тайинланган Михаил Мишустин (архив сурати)
Россия бош вазири лавозимига қайта тайинланган Михаил Мишустин (архив сурати)

Россия Давлат думаси депутатлари 10 май кунги ялпи мажлисда Михаил Мишустин номзодини ҳукумат раиси лавозимига тасдиқлашган. Унинг номзоди президент Владимир Путин томонидан киритилган эди.

Мишустинни парламентдаги бешта фракциядан тўрттаси дастаклаган, натижада у 375 та овоз олган. Россия Федерацияси Коммунистик партиясидан (КПРФ) бўлган 57 нафар депутат эса овоз беришдан тийилган.

Россияда ҳукумат Путин бешинчи марта президент ўлароқ лавозимга киришгани ортидан истеъфога кетган эди. Маҳаллий нашрларнинг Россиядаги ички сиёсатни яқиндан билган манбалари Мишустин бош вазирликка қайта тайинланишига шубҳа қилишмаётган эди.

Хабарларга кўра, янги ҳукумат таркибига эски вазирлардан айримлари кирмаслиги мумкин. Хусусан, РБК нашри манбалари иддаосича, энергетика вазири Николай Шульгинов лавозимини тарк этади. Нашр унинг ўрнига Кемерово вилояти губернатори Сергей Цивилёв келиши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда. Цивилёв Путиннинг жиянларидан бири - Аннанинг эридир.

“Ведомости” нашри манбалари қишлоқ хўжалиги вазири Дмитрий Патрушев бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланиши кутилаётганини билдиришган. У Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг ўғлидир.

Куч ишлатар блок ва Ташқи ишлар вазирлигига президент томонидан кўрсатилган номзодлар тайинланади. Ҳукумат янги таркиби шакллантирилгунидан аввалроқ мудофаа вазири Сергей Шойгунинг ўринбосари Тимур Иванов ҳибсга олинган эди, у миллиард рубль миқдорида пора олганликда айбланмоқда.

Россиялик экспертлардан бир гуруҳи бу ҳодиса ва Россия армиясининг ҳарбий муваффақиятсизликлари 1991 йилдан буён турли вазирликларга раҳбарлик қилган Сергей Шойгунинг ҳам истеъфосига сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Бош вазир номзоди бўйича овоз бериш жараёни якунлангач, Михаил Мишустин вазирлар ва бош вазир ўринбосарлари номзодларини кўриб чиқиш яқин кунларда бўлиб ўтишини билдирди, дея қайд этган “Коммерсантъ” нашри

Петербургда йўловчи автобуси дарёга қулади, қурбонлар бор

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри марказида йўловчи ташийдиган автобус кўприкдан Мойка дарёсига қулаб тушган.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, автоҳалокат чоғида автобусда 20 киши бўлган. ТАСС агентлиги хабарига кўра, ҳодиса оқибатида уч йўловчи ҳалок бўлган, яна олти нафари касалхонага етказилган.

РИА "Новости" эса ФВВдан олинган маълумотга таянган ҳолда жабрланувчиларнинг тўрт нафари клиник ўлим ҳолатидалиги, яна икки кишининг аҳволи оғирлиги ҳақида хабар қилди.

Шаҳар видеокузатув камераларидан олингани айтилган ва тармоқда пайдо бўлган видеода автобусни дарёга қулаши олдидан бошқариб бўлмай қолганини кўриш мумкин. У енгил автомобиллар билан тўқнашиб кетган.

Жабрланганларга илк ёрдамни йўлдан ўтиб кетаётган одамлар ва автоҳалокат гувоҳлари кўрсатганлар, деб ёзган “Фонтанка” нашри. Улар йўловчиларни автобус томидаги люк орқали чиқаришган ва уларга қутқарув ҳалқаларини ташлашган.

Петербургдаги автоҳалокат юзасидан “эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ одам ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши” моддаси бўйича жиноят иши очилган.

Бразилияда тошқин оқибатида 100 дан зиёд киши қурбон бўлди

Бразилия жанубидаги Порту-Алегри шаҳри, 2024 йил 5 майи
Бразилия жанубидаги Порту-Алегри шаҳри, 2024 йил 5 майи

Бразилия жанубида кузатилган кучли тошқин камида 107 кишининг умрига зомин бўлди, яна 136 нафар киши бедарак йўқолди.

Ҳудудда қутқарув ишлари давом этмоқда. 9 май куни қутқарувчилар сув босган уй томида икки суткага яқин қолиб кетган отнинг ёнига етиб боришган.

Тошқиндан жабр кўрган Риу-Гранди-ду-Сул штатида яшовчи 165 мингдан зиёд одам қайиқ ва вертолётлар ёрдамида сув босган уйларини тарк этишга мажбур бўлишган. Тошқин штат маъмурий маркази бўлмиш Порту-Алегри шаҳрига элтадиган йўлни тўсиб, инфратузилма объектлари ва кўприкларни ишдан чиқарган. Reuters агентлигининг хабар қилишича, Порту-Алегрида дўконларнинг пештахталари бўшаб қолган, тунлари эса ўғриликлар содир бўлмоқда.

Штат расмийлари фермер хўжаликларига ҳам зарар етказган тошқиндан кейинги тикланиш ишлари учун, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, камида 3,7 миллиард доллар миқдорида маблағ лозимлигини билдиришган. Федерал ҳукумат табиий офат оқибатлари кўламини сув чекиниши билан баҳолаш ниятида эканини қайд этган.

Яқин кунлар ичида Риу-Гранди-ду-Сул штатида шиддатли ёғин-сочин кучайиши тахмин қилинмоқда, бу эса сув сатҳининг янада кўтарилишига олиб келиши мумкин.

Путин бош вазирликка яна Мишустин номзодини таклиф қилди

Михаил Мишустин
Михаил Мишустин

Россия президенти Владимир Путин Давлат думасига Михаил Мишустинни қайтадан бош вазир этиб тайинлашни таклиф қилди, дея маълум қилди Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володин.

Володинга кўра, ҳукумат раҳбарини тайинлаш масаласи бўйича мажлис 10 май куни кечроқ ўтказилади – унда Мишустин маъруза қилади, кейин эса овоз бериш жараёни ўтказилади.

Номзодни муҳокама қилиш чоғида президент Путин томонидан демографик сиёсат, одамлар фаровонлигини ошириш, болали оилаларни дастаклаш, ёшлар сиёсатини амалга ошириш, технологик суверенитетни мустаҳкамлаш, иқтисодиётни ва минтақаларни ривожлантириш, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ошириш бўйича қўйилган вазифалар қандай ҳал қилинишига оид саволларга жавоб олиш муҳим”, дея билдирган Володин.

Михаил Мишустин 2020 йил январидан буён бош вазир лавозимида ишлаб келади.

Россия Федерация кенгаши Путинга Ҳисоб палатаси раҳбари лавозимига уч нафар номзоддан иборат рўйхатни ҳам йўллаган. Рўйхатга сенатор ва Калуга вилояти собиқ губернатори Анатолий Артамонов, Ҳисоб палатаси раҳбари вазифасини бажарувчи Галина Изотова ва Президент назорат бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Борис Ковальчуклар киритилган.

Жорий йилнинг 7 май куни Владимир Путин бешинчи марта Россия президенти лавозимига киришган. Россия қонунчилигига мувофиқ, инаугурациядан кейиноқ ҳукумат истеъфога кетган. Мавжуд тартибга кўра, бош вазир лавозимга тайинланганидан кейин бир ҳафтадан кўп бўлмаган муддат ичида президентга ҳукумат таркибини таклиф қилиши лозим.

Шимолий Македония тарихида илк бор аёл киши президент этиб сайланди

Гордана Силяновска-Давкова (ўртада)
Гордана Силяновска-Давкова (ўртада)

Шимолий Македониядаги президент сайловининг иккинчи босқичида Гордана Сильяновска-Давкова ғалаба қозонди. У мамлакат тарихида президентлик курсисини эгаллайдиган илк аёлга айланди.

Сайлов бюллетенларининг бари санаб чиқилгани ортидан Сильяновска-Давкова 65,1 фоиз овоз, унинг рақиби ва амалдаги президент Стево Пендаровски эса 29,3 фоиз овоз жамғаргани маълум бўлган.

“Аёл кишининг президент этиб сайланишидан ҳам кўра каттароқ ўзгариш борми? Мен аёллар билан биргаликда олға босилган бу катта қадамни – ислоҳот қадамини қўяман”, деган Сильяновска-Давкова ўз тарафдорлари олдида қилган чиқишида.

68 ёшли ҳуқуқ профессори Сильяновска-Давкованинг номзоди мухолифатдаги “Ички Македония инқилобий ташкилоти – Македония миллий бирлиги демократик партияси” томонидан илгари сурилган эди.

Йигирма икки партиядан иборат “Сенинг Македониянг” коалицияси ядросини ташкил қилган мазкур партия президент сайлови билан бир вақтда бўлиб ўтган парламент сайловида ҳам 43,2 фоиз овоз билан ғолиб келган. Етти йилдан буён ҳукмрон партия мақомида бўлган Македония Социал-демократик иттифоқи эса 15,4 фоиз овоз билан парламент сайловида иккинчи ўринни эгаллаган.

Сўнгги йилларда македонияликлар ўз мамлакатининг Европа Иттифоқига кириш учун имиллаб ҳаракатланаётгани, ланж иқтисодиёт ва коррупцияга қарши муваффақиятсиз курашдан шикоят қилиб келаётган эдилар.

Байден: Рафаҳда амалиёт ўтказилса, АҚШ Исроилга ёрдамни озайтиради

АҚШ президенти Жо Байден
АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден CNN телеканалига берган интервьюсида, агар Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазо секторидаги Рафаҳ шаҳрига йирик ҳужумга буйруқ берса, Вашингтон Исроилга айрим қурол-аслаҳаларни йўллашни тўхтатишини билдирди.

Ғазо жанубида жойлашган Рафаҳ АҚШ ва ЕИ томонидан террор ташкилоти деб топилган ҲАМАС гуруҳининг сўнгги йирик таянч нуқтаси бўлиб қолмоқда.

CNN телеканалининг 8 май куни ёйинланган интервьюсида Байден Исроил йўлланган АҚШ бомбалари етти ойдан буён ЦАХАЛнинг Ғазо секторидаги ҳужуми чоғида фуқаровий шахслар ўлимига сабаб бўлганини тан олган. Мазкур ҳужум ҲАМАСнинг ўтган йил 7 октябрида Исроилга қарши уюштирилган қонли ҳужумига жавобан бошлатилган эди.

Жо Байденга кўра, Қўшма Штатлар аввалгидек Исроил мудофаасига содиқ ва унга “Темир гумбаз” тизими учун ракеталар ва бошқа мудофаа аслаҳалари етказиб беришни давом эттиради. Бироқ Рафаҳда амалиёт ўтказилган тақдирда, АҚШ Исроилни амалиётни ўтказиш учун қурол-аслаҳа ва артиллерия снарядлари билан таъминламайди, деган Байден.

Reuters агентлиги Оқ Уй раҳбарининг бу сўзларини шу пайтгача айтилган энг кескин мулоҳазалар, деб атаган. Байденнинг баёноти Исроил Ғазо сектори шимолидаги жанговар ҳаракатлардан қочиб борган юз минглаб фаластинлик жон сақлаётган Рафаҳдаги кенг кўламли амалиётдан тийилиши учун Исроилга босимни кучайтиради, дея қўшимча қилган агентлик.

Рафаҳдаги вазият ҳақида чоршанба куни сўзлар экан, Жо Байден Исроилнинг у ердаги ҳаракатлари ҳозирча “қизил чизиқ”дан ўтмаганини қайд этган. Айни пайтда АҚШ президенти Исроил Ғазо секторидаги тинч аҳоли ҳимояси учун бундан кўпроқ иш қилиши лозимлигини такрорлаган.

Москвадаги парадда Путин яна Ғарбни танқид қилди

Москвадаги параддан лавҳа, 2024 йил 9 майи
Москвадаги параддан лавҳа, 2024 йил 9 майи

Москвадаги Қизил майдонда 9 май куни Иккинчи жаҳон урушида СССРнинг Германия устидан ғалабасининг 79 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад бўлиб ўтмоқда.

Бу Россия қўшинлари 2022 йил февралида Украина ҳудудига кенг кўламда босқин бошлаганидан буён ўтказилаётган учинчи параддир.

Маълумотларга кўра, парадда минг нафар уруш қатнашчиси дохил 9 мингга яқин ҳарбий иштирок этяпти. Москвада йилнинг бу мавсуми учун одатий бўлмаган совуқ ҳарорат кузатилмоқда. Парад трансляцияси кадрларида қор ёғаётганини кўриш мумкин.

Парадни мудофаа вазири Сергей Шойгу қабул қиляпти. Ҳукумат истеъфога кетгани ва янги таркиб ҳали таклиф этилмагани учун у ҳам бошқа вазирлар каби айни пайтда вазир вазифасини бажарувчи мақомидадир. Икки ҳафта муқаддам Шойгунинг ўринбосари Тимур Иванов ҳибсга олинган.

Қизил майдондаги минбарда Россия президенти Владимир Путиндан ташқари Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь, Туркманистон президентлари ҳамда маросимга махсус таклиф этилган Лаос, Гвинея-Бисау ва Куба лидерлари турибди. 8 май куни Москвада бўлиб ўтган Евросиё иқтисодий ҳамжамияти саммитида иштирок этган Арманистон бош вазири Никол Пашинян бу сафар парадга қолган эмас.

Путин параддаги чиқишида Ғалаба кунини Россиянинг “асосий байрами” деб атади. У ўз нутқи аввалиданоқ Ғарб мамлакатларини танқид қилиб, уларни нацизмни реабилитация қилиш ва тарихни сохталаштиришга айблай бошлади.

Россия глобал зиддиятга йўл қўймаслик учун қўлидан келган барча ишни қилади, бироқ бизнинг стратегик кучларимиз доим жанговар ҳозирлик ҳолатидадир”, деди Путин.

Иккинчи жаҳон уруши ҳақида гапирар экан, у бутун Европа Гитлер Германияси учун ишлаганини, Совет Иттифоқи эса унга узоқ вақт мобайнида қарийб бир қарши турганини иддао қилди. Айни пайтда у Хитой “милитаристик Япония”га қарши курашганини зикр этиб ўтди.

Ўз сўзида Путин “махсус ҳарбий амалиёт” мавзусига ҳам тўхталиб, Украинадаги уруш иштирокчиларини “қаҳрамонлар” деб атади. У ўз нутқида “Украина” сўзини тилга олмади. Путин ўз чиқишини “Россия учун, ғалаба учун, ура” деган жумла билан якунлади.

Нацизм устидан Ғалаба куни дунёдаги аксар мамлакатларда 8 май куни нишонланади, чунки 1945 йили айнан шу куни Германия капитуляцияси ҳақида эълон қилинган. СССРда ғалаба ҳақида 9 май куни эълон қилинган. 1965 йилдан эса 9 май Совет Иттифоқида дам олиш кунига айланган. Совет даврида 9 май куни парадлар кўп ўтказилган эмас, ҳарбий парадни ҳар йили ўтказиш Путиннинг салафи Борис Ельцин томонида жорий қилинган анъанадир.

Путин ҳукмронлиги даврида Ғалаба кунида давлат пропагандасининг мафкуравий мазмуни йилдан-йилга ўзгариб турган. Сўнгги йилларда Россия расмийлари бу байрамдан Ғарбга қарши туришни, кейин эса Украинадаги урушни оқлаш учун фойдалана бошлаганлар.

Арманистон КҲШТдаги молиявий иштирокини тўхтатди

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Россия президенти Владимир Путин билан (архив сурати)
Арманистон бош вазири Никол Пашинян Россия президенти Владимир Путин билан (архив сурати)

Арманистон расмийлари 8 май куни мамлакат Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги молиявий иштирокини тўхтатганини эълон қилишди. Аввалроқ Арманистон Россия етовида бўлган бу ҳарбий ташкилотдаги аъзолигини феълан тўхтатган эди.

“Арманистон 2024 йил бюджети тўғрисида КҲШТ томонидан 2023 йил ноябрида қабул қилинган қарорни имзолашдан ва шу тариқа, Шартномага аъзо мамлакатларнинг қўшма тадбирларини молиялаштиришда иштирок этишдан тийилади”, дея билдирган Арманистон ТИВ вакили Ани Бадалян. Мулозиманинг бу баёноти Арманистон жамоатчилик телевидениеси дохил бир неча ОАВда ёйинланган.

Бадалян Ереван ташкилотга аъзо бошқа давлатларни шартномага оид ўз мажбуриятларини бажаришдан тўсиш нияти йўқлигини ҳам қайд этган. Бу ерда гап Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳақида бормоқда.

Арманистон бир йилдан кўпроқ муддат ичида КҲШТнинг юқори лавозимли мулозимлари учрашувлари, ҳарбий машқлари ва бошқа жамоавий тадбирларини бойкот қилиб келмоқда. Арманистон бош вазири Никол Пашинян шу йил февралида ўз мамлакатининг КҲШТдаги иштироки феълан тўхтатилганини билдирган эди.

Бош вазир, агар ташкилотга аъзо бўлган олтита постсовет давлати Ереван полициясига эътибор қаратмайдиган бўлса, Арманистон КҲШТдан чиқиши эътимоли борлиги ҳақида аввал ҳам бир неча бор баёнот берган.

Ўтган ҳафтада Россия ТИВ Арманистон расман КҲШТнинг тўлақонли аъзоси бўлиб қолаётгани ва ўз мажбуриятларини бажариши лозимлигини урғулаган эди.

Ереван 2022 йил сентябрида Арманистон-Озарбайжон чегараси бўйлаб ҳарбий амалиёт чоғида Россия ва КҲШТдаги бошқа ҳамкор ташкилотлардан расмий равишда ёрдам сўраган. Арманистон КҲШТнинг бошқа аъзоларини ўз илтимосини эътиборсиз қолдирганликда бир неча бор айблаган. Бироқ Москва бу айбловлар ҳақида оғиз очмай келади.

Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров март ойида Пашинян маъмуриятини “Россия-Арманистон алоқаларини барбод қилишга олиб кетаётган”ликда айблаган, ўз навбатида, бунинг ғарб манфаатларига хизмат қилишини урғулаган эди.

Пашинян ва ереванлик бошқа лидерлар Россия хавфсизлик соҳасида Арманистон олдидаги ўз мажбуриятларини бажаришга қодир эмаслиги туфайли ўз ташқи сиёсатини “диверсификация” қилишини билдирмоқдалар.

ЕИ Россияга Европадаги партиялар ва ОАВни молиялаштиришни тақиқлайди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Европа Иттифоқи Россияга Европадаги сиёсий партиялар, ноҳукумат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини молиялаштиришни тақиқлашни режаламоқда.

EUobserver нашри хабарига кўра, бу каби чекловлар санкцияларнинг 14-пакетида кўзда тутилган. Мазкур пакет 2024 йилнинг июль ойигача қабул қилиниши кутилмоқда.

Россия молиясига тақиқ қўйилиши Европа Иттифоқининг ички ишларини “бадният аралашувлар”дан ҳимоя қилиш имконини беради, дейилган нашр тасарруфидаги ҳужжатда. Айни пайтда мамлакатлар бу борада истисноларга йўл қўйишлари мумкин, бироқ бу ҳақда Еврокомиссияни огоҳлантиришлари лозим.

EUobserver томонидан келтирилган АҚШ разведкаси маълумотларига мувофиқ, 2014 йилдан 2022 йилгача 24 та мамлакатда сиёсий партияларни молиялаштириш учун 280 миллион еврога яқин маблағ сарфлаган.

ЕИнинг янги санкция пакети Европа Иттифоқи портларига Россия суюлтирилган гази юкланган ва учинчи мамлакатларга кетаётган кемаларни қабул қилишни тақиқлайди ҳамда Украинадан ўғирланган санъат асарлари савдосига ҳам тўсиқ қўяди. Бундан ташқари, пакет Россия авиацияси ҳамда фойдали қазилмалар импортига қарши мавжуд чекловларни кучайтириб, санкция остидаги товарлар савдоси билан гумонланган ширкатлар рўйхатини кенгайтиради.

Европа Иттифоқи Россия билан товар айирбошлаш ва Россия сиёсий элитаси фаолиятини чекловчи санкциялар пакетини Москва томонидан Украинага қарши 2022 йил февралида бошланган кенг кўламли босқинга жавобан қабул қилиб келмоқда.

Қирғиз-тожик чегарасидаги можарода тожикистонлик фуқаро яраланди

Қирғизистонлик чегарачи (архив сурати)
Қирғизистонлик чегарачи (архив сурати)

Тожикистоннинг Жаббор Расулов тумани ва Қирғизистоннинг Лайлак туманлари кесишган чегарада 7 май куни содир бўлган нохуш ҳодисада тожикистонлик фуқаро тан жароҳати олган.

Қирғизистон МХДҚ Чегара хизмати маълумотига кўра, ҳодиса Тожикистон ҳудудида бўлган чўпонлар Қирғизистон ҳудудига ўтиб, қирғиз чегарачилари талабларини эътиборсиз қолдиргани ортидан содир бўлган. Бироқ Жаббор Расулов туманидаги қишлоқ раиси ҳодисани бошқача тасвирлаган.

Қирғизистон МХДҚ Чегара хизмати хабарномасида “7 май куни соат 12:20 ларда Боткен вилоятининг Лайлак тумани Ақбўсўғў аҳоли пункти яқинида Қирғизистон чегара наряди Қирғизистон ҳудудида чорва боқиб юрган тожикистонлик чўпонларни кўриб қолган”и, улар давлат чегараси чизиғидан 250-300 метр ичкарига киргани қайд этилган.

Кейин Тожикистон фуқаролари чегарачиларнинг Қирғизистон ҳудудини тарк этиш талабини эътиборсиз қолдиришгани, устига устак, ҳарбийларга тош ота бошлашгани, “чўпонлардан бири эса Қирғизистон чегара наряди томонга бир неча бор ўқ узган”и маълум қилинган.

Қирғизистон томони маълумотида вазият эскалациясига йўл қўймаслик мақсадида қирғизистонлик чегарачилар осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқлар отишгани, шундан кейин чўпонлар Тожикистон ҳудудига қочиб кетишгани айтилган.

Қирғизистон чегаралари орасида жабрланганлар йўқ. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Тожикистон фуқароларидан бири оёғидан яраланган”, дейилган Қирғизистон Чегара хизмати хабарномасида.

Жаббор Расулов тумани Қўрғонча қишлоқ кенгаши раҳбари Нодир Усмонзода маҳаллий турғун қирғиз чегарачилари томонидан ярадор қилинганини тасдиқлаган.

Озодликнинг тожик хизмати билан 7 май оқшомида қилинган суҳбатда у “Қўрғонча қишлоғида яшовчи Олимжон Абдуллоев оёғидан яраланиб, туман марказий касалхонасига ётқизилган”ини маълум қилган.

Ҳодиса Олимжоннинг ўғли молини боқишга олиб чиққанида унинг олдидан қирғиз чегарачилари чиқиб, йигитчага эътироз билдиришга киришганидан бошланган. Бундан хабар топган Олимжон воқеа жойига шошган ва икки ўртада юзага келган даҳанаки жанг ортидан оёғидан яраланган. Ҳодиса Қирғизистон ҳудудида эмас, Тожикистон ҳудудида содир бўлган”, деган Усмонзода.

Унинг айтишича, Олимжон ва ўғли чўпон эмас. “Уларнинг ёнида ўқотар қурол бўлган эмас ва шундан келиб чиққан ҳолда. улар ҳеч кимга қарата ўқ узишмаган”, дея таъкидлаган Озодликнинг тожик хизмати суҳбатдоши.

Айни пайтда жароҳат олган шахснинг аҳволи барқарор экани айтилмоқда.

Бу орада Тожикистон МХДҚ Чегара хизмати томонидан 7 май оқшомида тарқатилган хабарномада “Олимжон Абдуллоев ўз ижтимоий мавқеидан (тарих ўқитувчиси) келиб чиққан ҳолда яхши қўшничилик тамойилларига зид келувчи ҳеч қанақа хатти-ҳаракат содир этган эмас. Бироқ унга қарши ўқотар қурол ишга солинган, бунинг натижасида у тан жароҳати олган”, дейилган.

Ҳозирда қирғиз-тожик чегарасидаги участкада вазият барқарор”, дея маълум қилган Қирғизистон МХДҚ Чегара хизмати. Тожикистонлик чегарачилар хабарномасида эса “мазкур нохуш ҳодиса юзасидан икки мамлакатнинг тегишли органлари текширув олиб борилмоқда, чегарадаги вазият назорат қилиняпти”, дейилган.

Россия ортидан Қозоғистонда ҳам “мигрант ови” кузатилмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россиядаги “мигрант ови” ортидан Қозоғистонда ҳам Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган мигрантларни текшириш, қўлга олиш ва депортация қилишлар кучайган.

Озодликнинг тожик хизмати Қозоғистонда ишлаётган тожикистонлик мигрантлардан маҳаллий полиция марказий осиёликлар ўртасида текширувлар ўтказаётгани ҳақида хабарлар келаётганини қайд этган.

“Ҳатто вақтинча яшаш рухсатномасига эга бўлганларни ҳам қўлга олиб, депортация қилиш ҳолатлари бўлди”, деган Озодлик суҳбатдошларидан бири.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги 7 май куни Қозоғистонга йўл олган фуқароларни ёнида рухсатномалар бўлиши зарурлиги ҳақида огоҳлантирган. ТИВ буни Қозоғистон халқаро аэропортларида кучайтирилган хавфсизлик чоралари жорий этилгани билан изоҳлаган.

Аввалроқ Қозоғистон полицияси Улитау вилоятида ишлаган 16 нафар мигрант депортация қилингани ҳақида маълумот тарқатган эди. Улардан тўққиз нафари тожикистонлик, етти нафари эса ўзбекистонлик бўлган.

“Бу хорижликлар Сатпаев шаҳрида тегишли рухсатнома ва ҳужжатларсиз ишлагани аниқланган. Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш мақсадида бу хорижлик фуқароларнинг ҳаммаси мамлакат ҳудудида мажбурий тарзда чиқариб юборилган”, дейилган полиция хабарномасида.

Апрель ойида Тожикистон ТИВ мамлакат фуқароларига Россияга сафар қилишдан тийилишни тавсия қилган эди. Гарчи вазирлик баёнотида бу ҳақда очиқ айтилмаган бўлса ҳам, бир қатор ҳуқуқбонлар мазкур тавсияга тожикистонлик фуқароларнинг сиқувга олинаётгани сабаб бўлган, дея тахмин қилмоқдалар.

Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залида содир этилган терактлар ортидан Россияда мигрантлар ксенофобиянинг янги тўлқини билан тўқнаш келишган. Мазкур иш бўйича ҳибсга олинганларнинг кўпчилигини Тожикистон фуқаролари ташкил этади.

Амстердамда полиция намойишчи талабаларга қарши куч ишлатди

Амстердамдаги талабалар намойишларида лавҳа, 2024 йил 6 майи
Амстердамдаги талабалар намойишларида лавҳа, 2024 йил 6 майи

Ҳолландия пойтахтида 7 май куни Фаластин тарафдори бўлган намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашув бўлиб ўтди. Ундан бир кун аввал Амстердам университетида жамоат хавфсизлиги органлари томонидан Фаластин тарафдори бўлган фаоллар лагери куч билан тарқатилган эди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

Сешанба тонгида Амстердам полицияси баррикадаларни бузиш учун бульдозерни ишга солган ҳамда тўқнашувлар чоғида 170 кишини қўлга олган. 7 май оқшомига бориб эса полиция участкаларида қўлга олинганлардан тўрт киши қолган эди.

Полиция муносабатидан ғазабланган университет ўқитувчилари ва ходимлари яна бир норозилик намойиши ўтказишга чақиришган.

Талабалар ва ходимлар намойишчиларга қарши аччиқ газ, тўқмоқ ва полиция итларидан фойдаланилганини баён қилишмоқда. Ҳаддан ортиқ зўравонлик намойишчилар ўртасида тан жароҳатлари олинишига сабаб бўлган”, дейилган ўзларини “Ҳолландиялик олимлар Фаластин тарафида” деб номлаган гуруҳ баёнотида.

Биз талабаларнинг ва олимларнинг норозилик тадбирларида иштирок этиш ҳуқуқи борлигини қатъий урғулаймиз. Биз Амстердам университети маъмурияти талабаларнинг ҳақли талабларини бажариш ўрнига зўравонликка йўл бераётганини қоралаймиз”, дея таъкидлашган баёнот муаллифлари.

Мамлакат таълим вазири Робберт Дейкграаф университетлар мулоқот ва баҳс-мунозара жойи эканини қайд этиб, полиция аралашишига тўғри келганини кўриш унинг учун қайғули эканини билдирган.

Reuters журналистлари кузатувларига кўра, Европада Ғазодаги урушга қарши талабалар акциялари ўз кўлами нисбатида АҚШдаги бу каби акцияларга етган эмас.

Путин инаугурацияси ортидан Россияда ҳукумат тарқатилди

Владимир Путин (ўртада) амалдаги бош вазир Михаил Мишустин (чавдан иккинчи), собиқ бош вазир Дмитрий Медведев (чапда) ва мудофаа вазири Сергей Шойгу (чапдан тўртинчи) билан
Владимир Путин (ўртада) амалдаги бош вазир Михаил Мишустин (чавдан иккинчи), собиқ бош вазир Дмитрий Медведев (чапда) ва мудофаа вазири Сергей Шойгу (чапдан тўртинчи) билан

Еттинчи май куни Москвада бўлиб ўтган Владимир Путинни Россия президенти ўлароқ қасамёдга келтириш маросими ортидан ҳукумат истеъфога кетди. Амалдаги вазирлар ҳукуматнинг янги таркиби тайинлангунига қадар вазифасини бажарувчи мақомида ишлаб туришади. Инаугурация маросими ўтиши билан президент маъмуриятининг ҳам ваколатлари ўз-ўзидан тугаган ҳисобланади.

Янги бош вазир номзодини Владимир Путин 7 май куниёқ киритиши мумкин, дея маълум қилган инаугурация олдидан Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков. 2018 йили Путин ҳукумат раҳбари номзодини президентлик лавозимига киришганидан бир соат ўтиб киритган эди.

Россия нашрларининг манбалари Путин бош вазирни алмаштирмайди, дея тахмин қилмоқдалар. Уларга кўра, Михаил Мишустин номзоди яқин кунлар ичида — 8 ёки 10 май куни тасдиқланиши мумкин, дея ёзишган “Коммерсантъ” ва “Медуза” нашрлари.

Исроил ҳукумати Рафаҳга ҳужум қарорини очиқлади

ЦАХАЛ огоҳлантируви ортидан Рафаҳ турғунлари Хон Юнусга кўчишмоқда, Ғазо сектори, 2024 йил 6 майи
ЦАХАЛ огоҳлантируви ортидан Рафаҳ турғунлари Хон Юнусга кўчишмоқда, Ғазо сектори, 2024 йил 6 майи

Исроил ҳукумати бир овоздан Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида ўз ҳарбий амалиётини давом эттириш ҳақида қарор қабул қилган. Исроил томони шу тариқа АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳига гаровдаги шахсларни озод қилиш мақсадида босим ўтказиш ниятида эканини билдирган.

Исроил расмийлари баёнотида ҲАМАСнинг сулҳ тўғрисидаги сўнгги таклифи Исроилнинг асосий талабларида узоқ экани айтилган.

Шунга қарамай, Исроил томони ўзи учун мақбул шартнома муҳокамасини давом эттириш мақсадида воситачилар билан музокара ўтказиш учун ўз вакилларини Қоҳирага йўллайди”, дейилган баёнотда.

Исроил армияси (ЦАХАЛ) Рафаҳнинг шарқий қисмида жойлашган жиҳодчилар объектларига зарбалар берилаётгани ҳақида маълумот тарқатган, бироқ бунга оид бошқа тафсилотларни очиқлаган эмас.

Оммавий ахборот воситалари ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда Исроил пиёда қўшинлари шарқий Рафаҳга кириб боргани ҳақида ёзмоқда. Бу маълумот мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган. Исроил армияси ҳам бу хабарлар юзасидан изоҳ бермаган.

Исроил Миср чегарасига яқин ерда жойлашган Рафаҳ шаҳрини ҲАМАС гуруҳининг сўнгги таянч нуқтаси, деб ҳисоблайди. 6 май тонгида исроиллик ҳарбийлар Рафаҳга маҳаллий аҳоли эвакуацияга чақирилган варақаларни ташлаган. Оқшомга бориб эса ҲАМАС раҳбарияти оташкесимга рози экани ҳақида баёнот берган.

Reuters хабарига кўра, гуруҳ ўт очишни тўхтатиш, Исроил қўшинларини Ғазодан олиб чиқиб кетиш, минтақа қамалини тўхтатиш, гаровдаги шахсларнинг бир қисмини Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинлик маҳкумларга алмаштиришга рози бўлган.

ЦАХАЛ вакили Даниэль Хагари Исроил томони ҲАМАС жавобини кўриб чиқаётганини билдирган. Бу орада ОАВ манбалари фаластинликлар томонидан маъқулланган шартлар Исроилни қониқтирмаётганини қайд этишган.

Тожикистонда сел ва кўчки оқибатида уч киши нобуд бўлди

Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси фотоси
Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси фотоси

Тожикистоннинг тоғли ҳудудларида кузатилган шиддатли жала ортидан кўчки тушиши натижасида уч киши нобуд бўлди, кўплаб уйлар, йўллар ва кўприкларга шикаст етди, экинзорлар пайҳон бўлди.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, 5 майга ўтар кечаси Варзоб туманида сел кузатилган. “40 ва 67 ёшли икки аёл ҳалок бўлди”, дейилган Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг 6 май кунги хабарномасида.

Қўмита қайдича, 5 май оқшомида Сўғд вилоятидаги Бодомзор қишлоғидаги яйловда чорва ҳайвонларини боқиб юрган 20 ёшли аёлни сел оқизиб кетган. “Ёш аёлнинг жасади ФВҚнинг Истаравшан бўлими ходимлари томонидан топилган ва тегишли идораларга топширилган”, дейилган хабарномада.

Сўнгги икки кун ичида Тожикистоннинг Сўғд, Хатлон вилоятлари, Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ва Душанбе атрофидаги туманларда сел ҳодисаси қайд этилган.

Тожикистон ФВҚ фотоси
Тожикистон ФВҚ фотоси

Сангвор туманида яшовчи тармоқ фойдаланувчилари томонидан Озодликнинг тожик хизматига йўлланган видеоларда лой уюми одамларнинг уйларини босиб қолганини кўриш мумкин.

ФВҚ маълумотига кўра, Нуробод-Сангвор-Дарвоз-Сари Жар автойўлидаги кўприк вайрон бўлган, шунингдек, йўлларга шикаст етган, одамларнинг томорқалари ва экин майдонлари сув остида қолган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG