Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:10

Лукашенко, Евроиттифоқ ва ўлим орасида. Миграция инқирозининг поёни борми?


Европа Иттифоқи ва Беларусь муҳожирлар инқирозини бир-бирини айбламоқда.
Европа Иттифоқи ва Беларусь муҳожирлар инқирозини бир-бирини айбламоқда.

16 ноябрь куни Польша-Беларусь чегарасидаги Кузьница – Брузги назорат-ўтиш масканида мигрантлар бир неча соат мобайнида польшалик чегарачилар, аскарлар ва полициячиларга ҳужум қилди. Улар тўсиқни ағдаришга ва Польша ҳудудига ўтишга уринишди. Польша бунга жавобан кўздан ёш оқизувчи газ ва сувотарларни ишга солди.

Польша мудофаа вазирлиги ёйинлаган видеода бир тўда эркак чегара тўсиғи оша Польша тарафга тош отаётгани кўринади.

Вазирлик хабарига кўра, Беларусь кучишлатар идоралари польшаликларга отиши учун мигрантларга ёруғлик-шовқин гранаталарини берган. Гранаталар билан ҳужум қилиниши оқибатида Польша полициячиси жиддий яралангани айтилмоқда.

Чегарада олинган фото ва видеолавҳаларда мигрантлар ортида қуролли беларусь ҳарбийлари турганлигини кўриш мумкин. Польша 16 ноябрдаги ҳужум бевосита Беларусь махсус хизматлари назоратида амалга оширилганини таъкидламоқда.

Чегаранинг Беларусь томонида қўналға тикиб яшаётган қарийб 3.5 минг мигрант 15 ноябрь куни Кузьница – Брузги масканига ёпирилган. Польша расмийларига кўра, уларни у ерга Беларусь ҳарбийлари ҳайдаб борган, мигрантлар чегаранинг нариги томонида “улар автобусларда Германияга олиб кетилишига ишонтирилган”.

Польша расмий вакили Станислав Жарин Беларусь мигрант аёллар ва болалардан жонли қалқон ўлароқ фойдаланаётганини урғулайди – улар, Беларусь ва Россия пропагандачиларига мос манзара яратиши учун издиҳом олдига қўйилмоқда. Беларусь давлат телевидениеси чегарадаги воқеаларни жонли эфирда узатиб, ўз билганича талқин қилаётир.

Польша президенти ҳузуридаги Халқаро сиёсат шуъбаси мудири Якуб Кумох фикрича, Варшава Беларусь тарафидан қуролли фитна чиқишидан хавфсирамоқда. Мигрантларнинг Лукашенко режими томонидан қўлланишини у “психологик уруш” деб атади.

Беларусь КГБси Витебск вилоятидаги базасида жанговар тажрибага эга ироқлик ва афғонистонлик мигрантлардан махсус гуруҳлар тузилаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Ғарб Польшани дастаклайдими?

Польша ва Литва ҳукуматлари мигрантлар оқими – табиий жараён эмас, балки Минскдаги режимнинг режали акцияси, дея уқтиришади. Лукашенконинг муддаоси – санкциялар бекор қилинишига эришиш ва Европани у билан диалог қилишга мажбур этиш. Шунингдек, беларусь диктатори Кремль “фотиҳа”сини олмасдан бу фитнага журъат эта олмаслигига Варшава билан Вильнюснинг ишончи комил.

Душанба куни Евроиттифоқ Беларусга қарши янги санкциялар тайёрлаётгани маълум бўлди. Тасдиқланмаган хабарларга кўра, 30 та беларусь ширкати ва жисмоний шахслари “қора рўйхат”га тиркалади. Янги иқтисодий чекловлар, жумладан, мигрантларни Беларусга ташиб келган авиаширкатларни ҳам қамраб олади. Ирландия ташқи ишлар вазири Саймон Ковени ЕИ Беларуснинг Belavia ширкати билан тузилган лизинг шартномаларини бекор қилишини айтди.

Дарвоқе, Беларусь ташқи ишлар вазири Владимир Макей ҳам санкция қўлланилганлар рўйхатига тушиши мумкин, чунки у раҳбарлик қилаётган идора мигрантларга ёппасига сайёҳлик визалари берган.

15 ноябрь оқшомида Германия канцлери Ангела Меркель телефонда Лукашенко билан сўзлашгани маълум бўлди. Суҳбат 50 дақиқа давом этгани айтилмоқда. Сиёсатчилар чегарадаги миграция инқирозини ва қочқинларга гуманитар ёрдам кўрсатиш имкониятларини муҳокама қилганлар. Бошқа тафсилотлар хабар қилинмаган. Эътиборлиси, ГФР ҳукумати хабарномасида Лукашенконинг лавозими кўрсатилмаган: Германия, бошқа Ғарб мамлакатлари каби, Беларусда 2020 йилда бўлиб ўтган президент сайлови натижаларини тан олмай келади.

Бу орада Беларусь билан чегарани мустаҳкамлаш учун маблағ ажратиш борасида Брюсселнинг фикри ўзгарди. Аввалроқ Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ЕИ “тиканак симли девор” қурилишига пул бермаслигини айтган бўлса, эндиликда Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель ЕИ чегара тўсиқларини янгилашни молиялашга тайёрлигини билдирди. Польша-Беларусь чегарасида қурилиш декабрь ойида бошланиши кутилмоқда.

Польша ЕИни ҳаракатга келтирганидан сўнг НАТОдаги иттифоқчиларини ҳам фаоллаштиришга уриняпти. Бош вазир Матеуш Моравецкийга кўра, Варшава, Вильнюс ҳамда Рига Шимолий Атлантика шартномасининг альянс аъзоларидан бирининг хавфсизлиги, ҳудудий бутлиги ва сиёсий мустақиллиги хавф остида қолган, деб ҳисобланган тақдирда иттифоқчилар НАТО аъзолари маслаҳатлашувини чақиришга ҳақлилиги назарда тутилган 4-моддасини ишга солишмоқчи.

Аммо НАТО бош котиби Йенс Столтенберг айни пайтда альянс “очиқ ва тўғридан-тўғри таҳдид”ни кўрмаётганини айтиши баробарида “иттифоқчилари – Польша, Литва ҳамда Латвия чегараларида мураккаб вазият вужудга келган”ини эътироф этган.

Буюк Британия эса аллақачон инженерлик қўшинларининг бир неча бўлинмасини Польшага кўмакка жўнатди. Улар чегара тўсиқларини қуришда польшалик ҳарбийларга ёрдамлашади.

Гуманитар инқироз

Халқаро ташкилотлар Польша-Беларусь чегарасида қолаётган мигрантларга гуманитар ёрдам кўрсатиш учун йўл очиб беришни талаб қилмоқда. БМТнинг Қочқинлар ишлари бошқармаси (ҚИБ), Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) ҳамда ЮНИСЕФ бу одамлар аксилсанитария шароитида яшаётганидан, ташқарида тунаётганидан ташвишда. Уларга сув, озиқ-овқат етишмайди, тиббий ёрдам олиш имкониятлари чекланган.

Ўтган ҳафтада ХМТ ва ҚИБ қочқинларнинг ўрмондаги қўналғасига шошилинч ёрдам юкларини етказиб берганди. Гуманитар ташкилотлар вакиллари мигрантларга Беларусдан бошпана ёки ватанларига қайтишда кўмак сўрашлари мумкинлигини тушунтиришган. Халқаро ташкилотлар бу масалада Беларусь ҳукуматини дастаклашга, қочқин ва мигрантларга жойи маслаҳат ва йўл-йўриқ беришга тайёрлигини билдирган.

Польшалик фаоллар ва ҳуқуқбонлар ночор аҳволда қолган мигрантларни лоақал вақтинча қабул қилишдан бош тортгани учун ўз ҳукуматларини бир неча бор танқид қилишди. Бироқ сиёсатчилар Минскдаги режимга ён беришни хоҳлашмаяпти. Польша жамоатчилиги чегара ҳудудида фавқулодда ҳолат эълон қилингани муносабати билан журналистлар воқеа жойига яқин йўлатилмаётганидан ҳам норозилик билдирмоқда. Шу боис чегарадаги вазиятдан жамият ҳам, ОАВлар ҳам ижтимоий тармоқлардаги ҳукуматга оид аккаунтлар орқали хабардор бўлмоқда.

Инқироз бошланганидан бери мигрантлардан бир неча киши нобуд бўлди. Ҳуқуқ фаоллари, агар ошиғич чоралар кўрилмаса, яна ўнлаб одам қурбон бўлишидан огоҳлантиришмоқда.

16 ноябрь куни кечқурун Беларусь расмий ОАВлари Лукашенко “чегарада қолаётган аёллар ва болалар тунаши учун жой ҳозирлашга” кўрсатма берганини хабар қилди. Улар чегарага яқин жойдаги логистика марказига кўчирилиб, “овқат ва иссиқ жой” билан таъминланади. Бу инқирознинг интиҳосими ёки Минскдаги ҳукмдорнинг галдаги ҳийласи – яқин кунларда маълум бўлади.

XS
SM
MD
LG